frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ҳизбут таҳрирнинг залолати ҳақида фатво

25.09.2020   7062   5 min.
Ҳизбут таҳрирнинг залолати ҳақида фатво

Савол: Бизда бир “Ҳизбут-таҳрир” номли жамоа бор. Ислом халифалигини ўрнатиш ҳақида бонг уришади.  Уламолар ҳақида ҳар хил гаплар гапиришади. Уларга қандай раддия қилиш керак? Ўзи Ислом халифалигига қандай йўл тутилиш керак? 

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.

Инсонлар жамоаланиш бўйича икки жамоага ажрайдилар. Роҳманнинг жамоаси ва Шайтон жамоалари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади:

 إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ

“Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси 159-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Насоролар ҳам етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлиниб кетади”, деганлар  (Имом Абу Довуд  Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Яна Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия разияллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа кимлар, эй, Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У Зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг яна қўшимча қилиб айтдиларки: “Албатта яқин орада шундай қавмлар келадики, қутириш касали беморни қандай эгалласа,  уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди” – дедилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар берган нарсалари воқеъликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўз китобида айтади:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси 103-сура).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтдилар: “Эй, Расулаллоҳ! Яҳудлар ва Насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” - дедилар.

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Мўъмин мўъмин учун худди бир бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо бу пайдо бўлган ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан танофурда, нафратдадирлар. Бир бирларини таъна-айб қўядилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг  ирода-истакларини яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, алалоқибат  умматни заъифлаштириш каби ишларни амалга оширяптилар”, деса тўғри айтган бўлади.

Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. Мен сўзимнинг авалиданоқ шу сўзни айтсам балки сизларга ғариб туюлар. Аслида бу сўзни айтишдан олдин муқаддима келтиришим керакдир. Масалан қуйидагича: “Ушбу ҳизбут таҳрир жамоаси паскаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан.  Ихвончилар уларга бу йўлдан қайтсинлар учун ўзаро элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди. Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак.

Шунинг учун ҳам улар азоби қабрни рад қиладилар, Масиҳуд-Дажжолни  чиқишини инкор қиладилар. Фазилатли аҳлоқлар ва илм ўргатишга бепарво бўладилар. Ҳизбчилар қуруқ сиёсатдонликка ўргатиладиган динга мухолиф жамоадир.

Ҳизбчиларнинг етакчисига: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатадиган мадрасалар кўринмайди?”, деб сўралганда шундай жавоб берган: “Мен дарвешлар чиқармоқчимасман”. Кўриб турганингиздек, улар фақат сиёсатга таянадилар. Илм, аҳлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ўзларига хос жиҳатлар бўлиб, уларга кўра эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади.  Шунингдек, шўрода кофир инсон ҳам бўлиши, ҳамда у умумий маънода волий, ҳоким бўлиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, Ҳизбут таҳрир жамоаси энг адашган тоифалардан биридир.

Мен Ҳизбут–таҳрирлик билан фахрланган, гердайганлардан таажжубдаман. Барча мўмин мусулмонларни ҳизбут-таҳрир жамоасидан огоҳликка, улардан узоқ бўлишга чақираман. Агар биз ҳизбут-таҳрир жамоасини таъвилчилар, деб ҳисобламасак эди, аслида уларни кофир дейишимиз ҳақли бўларди. Чунки улар азоби қабрни инкор қиладилар. Масиҳуд-дажжолни чиқишини инкор қиладилар. Етакчилари эса: “Талабаларига Қуръонни ўргатиш лозим эмас. Улардан дарвешлар етиштирмаслик керак” – дейди.  

Яман уламолар кенгаши аъзоси

Шайх Муқбил Ҳодий Водиий

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

26.08.2026   13147   2 min.
«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

 «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.

Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.

Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.

Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.

Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
 
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари