Савол: Бизда бир “Ҳизбут-таҳрир” номли жамоа бор. Ислом халифалигини ўрнатиш ҳақида бонг уришади. Уламолар ҳақида ҳар хил гаплар гапиришади. Уларга қандай раддия қилиш керак? Ўзи Ислом халифалигига қандай йўл тутилиш керак?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.
Инсонлар жамоаланиш бўйича икки жамоага ажрайдилар. Роҳманнинг жамоаси ва Шайтон жамоалари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ
“Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси 159-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Насоролар ҳам етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлиниб кетади”, деганлар (Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Яна Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия разияллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа кимлар, эй, Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У Зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг яна қўшимча қилиб айтдиларки: “Албатта яқин орада шундай қавмлар келадики, қутириш касали беморни қандай эгалласа, уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди” – дедилар.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар берган нарсалари воқеъликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўз китобида айтади:
وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ
“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси 103-сура).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтдилар: “Эй, Расулаллоҳ! Яҳудлар ва Насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” - дедилар.
Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Мўъмин мўъмин учун худди бир бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.
Аммо бу пайдо бўлган ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан танофурда, нафратдадирлар. Бир бирларини таъна-айб қўядилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг ирода-истакларини яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, алалоқибат умматни заъифлаштириш каби ишларни амалга оширяптилар”, деса тўғри айтган бўлади.
Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. Мен сўзимнинг авалиданоқ шу сўзни айтсам балки сизларга ғариб туюлар. Аслида бу сўзни айтишдан олдин муқаддима келтиришим керакдир. Масалан қуйидагича: “Ушбу ҳизбут таҳрир жамоаси паскаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан. Ихвончилар уларга бу йўлдан қайтсинлар учун ўзаро элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди. Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак.
Шунинг учун ҳам улар азоби қабрни рад қиладилар, Масиҳуд-Дажжолни чиқишини инкор қиладилар. Фазилатли аҳлоқлар ва илм ўргатишга бепарво бўладилар. Ҳизбчилар қуруқ сиёсатдонликка ўргатиладиган динга мухолиф жамоадир.
Ҳизбчиларнинг етакчисига: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатадиган мадрасалар кўринмайди?”, деб сўралганда шундай жавоб берган: “Мен дарвешлар чиқармоқчимасман”. Кўриб турганингиздек, улар фақат сиёсатга таянадилар. Илм, аҳлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ўзларига хос жиҳатлар бўлиб, уларга кўра эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади. Шунингдек, шўрода кофир инсон ҳам бўлиши, ҳамда у умумий маънода волий, ҳоким бўлиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, Ҳизбут таҳрир жамоаси энг адашган тоифалардан биридир.
Мен Ҳизбут–таҳрирлик билан фахрланган, гердайганлардан таажжубдаман. Барча мўмин мусулмонларни ҳизбут-таҳрир жамоасидан огоҳликка, улардан узоқ бўлишга чақираман. Агар биз ҳизбут-таҳрир жамоасини таъвилчилар, деб ҳисобламасак эди, аслида уларни кофир дейишимиз ҳақли бўларди. Чунки улар азоби қабрни инкор қиладилар. Масиҳуд-дажжолни чиқишини инкор қиладилар. Етакчилари эса: “Талабаларига Қуръонни ўргатиш лозим эмас. Улардан дарвешлар етиштирмаслик керак” – дейди.
Яман уламолар кенгаши аъзоси
Шайх Муқбил Ҳодий Водиий
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати