Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июн, 2025   |   20 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:40
Bismillah
16 Июн, 2025, 20 Зулҳижжа, 1446

Тавҳид калимаси таҳлили

20.10.2023   1092   4 min.
Тавҳид калимаси таҳлили

Ислом таълимотининг асосий мазмун-моҳиятини ифодаловчи “Лаа илааҳа иллаллоҳ” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”) калимаси диний адабиётларда “тавҳид” калимаси номи билан зикр этилган. Мазкур калима шарҳига бағишланган кўплаб адабиётлар бор.

Маҳмуд Замахшарий ҳам шаҳодат калимасига бағишланган мўъжаз “Ал-масъала фи калиматиш шаҳада” асарини ёзган. Унинг ягона қўлёзмаси Берлин шаҳридаги қўлёзмалар фондида сақланади. Асар қисқа ҳажмли рисола бўлиб, унда олим Ислом динининг таянч тушунчаларидан ҳисобланган “Лаа илааҳа иллаллоҳ” жумласини грамматик таҳлил қилади. Дастлаб Замахшарий олдинги уламоларнинг бу жумла борасидаги фикрларини баён қилади. Уларнинг фикрича “Лаа илааҳа иллаллоҳ” жумласи тўлиқ маъно ифодаламаган. Замахшарий эса бу калимани тугал маънога эга мустақил жумла деб шарҳлайди.

Мазкур калиманинг икки ҳолатда бўлиши таъкидланади. Биринчиси, асл мустақил жумла ҳолати, иккинчиси, жумлани шарҳлаб ва таъкидлаб келувчи қўшимчали ҳолат. Бу ҳолатларга Замахшарий араб тилидаги “Ма жаа фи рожулин” – “Номаълум киши келмади” жумласини мисол келтиради.

Агар бу жумла маъносидаги ноаниқликни кетказиш истаги бўлса, унга “Ма жаани мин рожулин бал рожулани” (“Менинг олдимга бир киши эмас, балки икки киши келди”) мазмунида қўшимча қилиш зарур бўлади.

Олим бу фикрига Қуръони каримдан: “(Эй Муҳаммад,) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар” – (Оли Имрон сураси, 159-оят); «Сўнгра аҳду паймонларини бузганлари, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари ва “Дилларимиз қулф” деганлари сабабли (Биз уларни лаънатладик)» (Нисо сураси, 154-оят) оятларини мисол қилиб келтиради. Оятлардаги сабаблар “фабираҳматин” (“юмшоқ сўзли бўлиш”), “фабинақдиҳим” (“лаънат бўлиши”) маъноларини ифодалайди.

Муаллиф ҳар иккала оятдаги “фа” юкламасидан сўнг “ма” юкламасининг келиши туфайли юмшоқлик Аллоҳнинг марҳамати билан, лаънат эса, қилинган аҳднинг бузилиши натижасида бўлганини таъкидлайди. Шу каби, шаҳодат калимасидаги синтактик қўшимча жумладаги маънони таъкидлаб келади.

Замахшарий бу грамматик ҳолатни “Жаани Зайду” гапи асосида тушунтиради. Гап “Зайд келди” маъносини ифодалайди. Лекин мазмун-моҳиятда “Зайддан ўзга кимса келмагани” қатъий тушунилмайди. “Зайддан ўзга келмагани”ни таъкидлаш маъносида юқори ҳолатдаги шакл қўлланилиши керак бўлади. Шу мақсадда гапни “Ма жаани илла Зайду” тарзида тузиш маънони тўлиқ англатади.

Шаҳодат калимасидаги “Лаа илааҳа” жумласи “Зайд мунталиқун” (“Зайд кетди”) жумласи билан грамматик жиҳатдан тенг ҳисобланади. Муаллиф “Лаа илааҳа” жумласига “иллаллоҳ”ни қўшиш билан биринчидан, улуҳиятни Аллоҳ таолога нисбат бериш, иккинчидан, уни бошқа барча нарсалардан ажратиш маъносини кўрсатади. Шунга кўра “Лаа илааҳа” жумласи исмий гапнинг кесими бўлиб, “иллаллоҳ” гапнинг эгаси вазифасини бажаради. Чунки араб тилида гап тузиш қоидаларига кўра исмий гапнинг эгаси доим аниқ, кесими эса, ноаниқ ҳолда бўлиши талаб этилади.

Рисолада “Лаа илааҳа иллаллоҳ” дейилиши “барча илоҳ деб номланганларнинг сифати бекор қилиниб, илоҳлик фақат Аллоҳга хос”лигини билдириши айтилади. Буни таъкидлаш учун Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинган ҳадис келтирилади: «Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Лаа сайфа илла Зулфиқор ва лаа фатан илла Али” (“Зулфиқор қиличидан бошқа қилич ва Алидан бошқа йигит йўқдир”), дедилар». Яъни, шаҳодат калимаси юқоридаги ҳадис матни билан қиёсланса, кесимнинг эгадан олдин келиши мумкинлиги исботланади ва жумла мазмуни равшан бўлади.

Зоҳиджон ИСЛОМОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
проректори, филология фанлари
доктори, профессор

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Масжидул ҳаромда ухласа, таҳорати синмайдими?

16.06.2025   100   1 min.
Масжидул ҳаромда ухласа, таҳорати синмайдими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.

Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?


Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.

Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.

Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.

Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар