frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ўзбекистонлик олимнинг мақоласи “Ал-Азҳар” журналида чоп этилди

24.09.2020   2639   1 min.
Ўзбекистонлик олимнинг мақоласи “Ал-Азҳар” журналида чоп этилди
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги кунда хорижий мамлакатларнинг 30 дан ортиқ нуфузли университет ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
 
Келишувларда асосан юртимиздан етишиб чиққан улуғ аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий-маънавий меросини тўплаш, уларни чуқур тадқиқ этиш, илмий-амалий конференцияларда иштирок этиш, ёш олимларнинг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, муассасалар нашрларида илмий мақолалар билан иштирок этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ, яқинда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг “Мотуридийлик мактаби ва аҳли сунна таълимотининг ёйилиши” мавзусидаги илмий мақоласи Мисрнинг “Ал-Азҳар” журналида чоп этилди.
 
photo_2020-09-24_08-05-31 (2).jpg
 
Мазкур журнал ислом оламида муҳим ўрин тутиб келаётган “Ал-азҳар” университетининг илмий нашри ҳисобланади.
 
Мақола Мовароуннаҳрда мотуридийлик таълимотининг шаклланиш тарихига бағишланган бўлиб, унда калом илмининг асосчиси, буюк мутакаллим Имом Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва илмий-маънавий мероси, устоз ва шогирдлари, мотуридийлик таълимотига ҳанафийлик мазҳабининг ғоя ва қарашларига таянган ҳолда асос солинганлиги, мазкур таълимотнинг Мовароуннаҳр ҳудуди ва ундан ташқарида кенг ёйилишида ўзининг беназир ҳиссасини қўшган аждодларимиз ҳаёти ва илмий мероси ҳақида сўз юритилган.
 
Таъкидлаш лозимки, юртимиз ёш олимларининг хорижий нашрларда илмий мақолалар билан иштирок этиши хорижий мамлакатлардаги илм аҳлини аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади.
 
ЎзА
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

19.08.2026   78093   2 min.
Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.

Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.

Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.

Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари