Қуръони каримга мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда қироат илми устози Шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг “Al-Quran” номли мобиль иловаси мўмин-мусулмонларга тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг маслаҳатлари ва тавсиялари асосида ушбу дастур тайёрланди.
Юртимизда Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш борасида амалга оширилган ишлар доирасида Мусҳафи Шариф чоп этилди, диний таълим муассасалари қошида Қуръон ва тажвид курслари фаолияти йўлга қўйилди, мазкур илова ҳам ушбу хайрли ишларнинг бевосита давоми ҳисобланади.
Al-Quran.uz иловаси қуйидаги 6 та бўлимни ўз ичига олади:
1. Аудио-видео қўлланма. Ушбу бўлим “Ҳарфлар”, “Қоидалар”, “Калималар”, “Суралар” каби қисмлардан иборат.
“Ҳарфлар” бўлими орқали мад харфларигача бўлган 28 та ҳарфнинг барчасини алоҳида ўқиб тушунтирилган. Араб ҳарфларини ўрганиш билан бирга ҳарфларнинг махраж ва сифатларига риоя килган ҳолда мукаммал талаффуз қилишни ўргатилган.
“Қоидалар” қисмида “Мад”, “ташдид”, “танвин”, “алиф ва ҳамза”, “лом”, “васл”, “вақф”, “идғом", “иқлоб” каби қоидаларга мундарижа орқали кириб, уларни батафсил ўрганиб олиш имконига эга бўлинади.
“Калималар” қисмида эса ҳар бир мусулмон билиши лозим бўлган етти имон калимаси жойлаштирилган: Калимаи тоййиба (тўғри сўз), Калимаи шаҳодат (иқрор калимаси), Калимаи тавҳид (тавҳид калимаси), Калимаи раддил куфр (куфрни рад этиш калимаси), Калимаи истиғфор, (мағфират сўраш калимаси), Калимаи тамжид (улуғлаш калимаси), Имони мужмал (имоннинг қисқа ифодаси) ва Имони муфассал (имоннинг батафсил ифодаси).
“Суралар” қисмида “Фотиҳа”, “Бақара” сурасининг аввалги 5 ояти ҳамда “Шамс” сурасидан “Нас” сурасигача бўлган суралар илова қилинган.
2. Ал-Фотиҳа онлайн хизмати. Ушбу хизматга мўмин-мусулмонлар ўзларининг қироатларини юборишлари мумкин. Ижозали ва тажрибали устозлар томонидан ушбу тиловатлар текширилиб, хато ва камчиликлари мухлисларга етказилади. Зеро, Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ҳам ўргатувчилардир!”, дея марҳамат қилганлар.
Эслатиб ўтамиз Ал-Фотиҳа онлайн хизмати 2021 йил февраль ойида ишга туширилади, инша Аллоҳ.
2. Ҳар бир ҳудуд учун алоҳида намоз вақтлари. Намоз энг улуғ фарз амал ҳисобланади. У банда Аллоҳнинг неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп.Намоз ибодати бир кунда беш марта фарз қилинган. Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, унга дунё ва охиратда яхши ваъдалар берилган. Зеро, Қуръони каримда “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир”, дейилган (Нисо сураси, 103-оят).Шу нуқтари назардан мўмин-мусулмонларимиз муҳим ибодатларини ўз вақтида адо этишларида ушбу иловадаги ҳар бир ҳудуд учун алоҳида намоз вақтлари энг яқин кўмакчи бўлади.
4. Қиблани аниқловчи кўрсаткич. Намоз ўқишда юзланиб турадиган томон “қибла” дейилади. Қибла Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаромдаги Каъба ўрнашган жойдир. Масжидул Ҳаромдаги кишилар Каъбанинг ўзига, бошқа минтақалардагилар эса Каъба бор тарафга юзланиб намоз ўқийдилар. Ислом динида қибла қайси томонда эканини билишга ҳаракат қилиш, ўзи билмаса, албатта билишга интилиш шарт.
Шу боис, намозхонлар учун турли жойларга борганда ёки сафарга чиққанда қиблани аниқлашда қулайлик қилиш мақсадида, ушбу иловада Қиблани аниқловчи кўрсаткич хизмати жойлаштирилган.
5. Қуръони карим тиловатлари. Каломи шариф тиловати жуда ҳам фазилатли амал. Унинг тиловати нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта таъсири каттадир. Қуръони карим қироатининг ўзига яраша қалбга, ҳис-туйғуга боғлиқ бир қанча сирлари бор. Зеро, уни танглаш ниҳоятда савобли ишдир. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”. Ибн Жазвий “Ушбу оятга кўра, Қуръонга қулоқ солувчига раҳмат ниҳоятда яқин бўлади”, деганлар.
Шуни ҳисобга олган ҳолда мазкур иловада энг машҳур қори Халил Хусорийнинг Қуръони каримнинг 30 жузи тиловати ўрин олган. Келгусида энг хушовоз ва мужаввид қориларнинг қироатлари билан янада бойитиш режалаштирилган.
6. Кундалик зикр ва дуолар. Аллоҳни зикр этган ва Унга дуо қилган инсоннинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қилади, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (хотиржамлик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзини эслаган банданигина эслайди: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152)
Ушбу иловада кун давомида белгиланган вақтлар ва ҳар хил ҳолатларда ўқиш тавсия этилган зикрлар ва мустажоб дуолар Набий алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар асосида баён этилган.
Маълумот ўрнида, Al-Quran.uz мобиль илова лойиҳа раҳбари Шайх Алижон қори Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун факультети ҳамда Улумул Қуръон ва қироат илмларига ихтисослашган илм даргоҳларида таҳсил олган. Шайх Алижон қори Қуръони карим ва тажвид илми бўйича энг мўътабар устозларнинг ижозаларини олган.
Эслатиб ўтамиз, Al-Quran.uz иловаси қатор инновацион ишланмалар бўйича қулайдир. Айни пайтда иловани App Store ва Google Play тизимидан юклаб олиш мумкин. Илова IOS ва Андроид мобиль тизимларда ишлаш имкониятига эга.
Аллоҳ таоло ушбу инновацион лойиҳани барчамизга муборак айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).
Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).
Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.
Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.
Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.
Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.
Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.
Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.
Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).
﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾
«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).
Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.