Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир.
Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Ушбу гаплар диний маънода бўлиши ҳам турган гап. Чунки, ўша гапларнинг тагида Сафар ойида сафар қилса сафарида офатга дучор бўлади ва тўй қилса, оиласи бахтсиз бўлармиш, деган эътиқод учраб туради.
Бу гапларни кичикликдан эшитиб келаман. Дастлаб, Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш, деган гапни эшитганимда номи сафар бўлгани учундир, деб хаёл қилган эдим. Кейин билсам, ой номи сафар эмас, «софар» экан. Бу ойнинг номининг сафарга ҳеч алоқаси йўқ экан. Фақат бизда алифбомиз ўзганикига алмаштирилганда уларнинг алифбоси камбағаллик қилиб шу хато юз берган экан.
Отамиз раҳматли бу ой тўғрисидаги одамлар ичида тарқалиб қолган гапу сўзлар нотўғри эканлигини айтиб берар эдилар. Албатта, бошқа аҳли илмлар ҳам ҳақиқатни халққа етказар эдилар. Аммо омма ичида барибир Сафар ойидан шумланиш маъносидаги гаплар давом этаверарди.
Сафар ойи ҳақидаги нохуш тушунча ва эътиқодлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Яқинда ёзув ишлари билан машғул бўлиб ўтирсам, болалар ҳузуримга келиб, қўшниларимиздан бир йўқлаётганининг хабарини беришди.
Салом-алик, дуо-фотиҳадан кейин муҳтарам қўшни мақсадга кўчдилар. Ўғилларига яхши жойдан келин топилгани, бугун қуда тарафга боришлари ва маслаҳат қилишлари ҳақида сўзладилар.
–Шу муносабат билан бир катта савол пайдо бўлиб қолди, дедилар қўшни.
–Қани, эшитайликчи, қандай савол экан? – дедим, савол нималигини дарҳол тушунган бўлсам ҳам.
–Тўйнинг Сафар ойига тўғри келиб қолишининг эҳтимоли ҳам бор экан. Шу гап чиқиши билан десангиз, аёллар бир дунё гапни гапириб ташлашди. Тўхта, буларнинг ҳаммасини жанобларидан бир сўраб олай, ҳали қуданикига борганда ҳам бу машмашалар бўлиши мумкин, дедим ўзимга ва вақтингизни олсам ҳам олдингизга келдим, -дедилар қўшни кулиб.
Қўшнининг саволига қўлдан келганича жавоб бердим. Бу гаплар эскидан борлигини, яна давом этаётганини ва уларга фақат илм орқалигина барҳам берилиши мумкинлигини айтдим. Шу мақсадда ойлик китобча чиқариш ниятида эканлигимизни, ўшанда шунга ўхшаш масалаларга ҳам эътибор қаратиш ниятидалигимизни айтиб, дуо қилиб туришларини сўрадим.
Ўша куни пешиндан кейин дину диёнатини маҳкам тутган зиёлиларимиздан бири келди. У киши билан режалаштириб қўйган илмий суҳбат ва савол-жавобимиз анча давом этди. Суҳбатга оид варақларни йиғиштириб бўлган мухлис зиёли ёнидан янги бир варақ олиб хонтахтага ёйди-да:
–«Энди оилавий масалаларга ўтамиз. Сизга айтадиган бўлсам, ўғилни уйлантирадиган бўлиб қолдик. Одоб-ахлоқли, ибодатдаги келин топилиб қолди. Тўй ҳақида бир неча саволларимизни ёзиб келдим, - деди кулиб.
–Муборак бўлсин! Аллоҳ хайрли қилсин! Ёшларимиз бахтли бўлсинлар! Қани, саволларни эшитайлик-чи?!, дедим.
Табиийки, саволлар ичида: «Сафар ойида тўй қилса бўладими», ҳам бор эди. Қўшнига айтилган гапларни яна такрорладим. Меҳмонни кузатиб қўйиб, ойлик китобча чиқариш зарур иш эканини яна бир бор кўнгилдан ўтказдим. Бир масалани одамларга биттадан тушунтиришдан кўра илмий асосда китоб орқали оммавий баён қилиб бериш қанчали аҳамиятли эканини ёдга олдим. Оғзаки гап эсдан чиқиши мумкинлиги билан ҳар сафар янгидан такрорланиши лозим. Китоб эса доим туради. Эсидан чиқарган одам қайтадан ўқиб олиши, бошқаларга ўқитиши, болалари ва набираларига мерос қолдириши мумкин.
Сўнгра Сафар ойи ҳақидаги маълумотларимни хаёлдан ўтказа бошладим. Бу жараён давомида агар Сафар ойи ҳақида бирор нарса ёзадиган бўлсак, қўшни ва мухлис зиёлига айтилган гаплар ҳеч нарса бўлмаслиги қайта-қайта фикрдан ўтди. Бу масала бўйича бирор тўлиқроқ нарса ўқимаганим ёки эшитмаганим аниқ бўлди. Сафар ойи ҳақида қаерда ва қандай маълумотлар борлиги ҳақида ўйлай бошладим.
Китобларни қараб чиқдим. Ҳеч бирида бизни қизиқтираётган масала бўйича қониқарлироқ маълумот топа олмадим. Бир неча кунлар ўтганидан кейин, ўзимиз уринар эканмиз-да, деган фикрга келдим. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда мазкур фикрни амалга оширишга қўл урдим. Ҳақ таолонинг Ўзи осон ва фойдали қилсин!
Қуръони каримда Сафар ойига оид маълумот борми? Бу саволга жавоб топиш борасида олиб борилган ҳаракатнинг натижаси йилнинг бошқа ойлари қатори Сафар ойи ҳам Қуръони каримда ўз номи ила тилга олинмаган деган хулоса бўлди. Аммо Қуръони Карим оятларини тафсир қилиш ва улардаги ишораларни англаб етиш учун келтириладиган маълумотларда Сафар ойи борлиги аён бўлди.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:
«Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас», деган (37-оят).
Ояти каримадаги «насийу» сўзи луғатда ортга суриш маъносини ифода қилади. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни, араб мушриклари ҳам тўрт ой — Муҳаррам, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойлари ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса ҳам, унга тегмасди. Аммо бордию, урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар.
Мисол учун, Муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини Сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб Муҳаррамда уруш қилар эдилар. Сафарда эса, уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди.
Бу маънода Сафар ойи жоҳилият аҳли томонидан Муҳаррам ойи ўрнига вақтинча қўйилиб турадиган ой бўлганлиги билан ажралганини билиб олдик.
Жоҳилият аҳли Сафар ойини Муҳаррамга яна бошқа бир мақсадда ҳам алмаштирар эдилар. Уларнинг бу ишини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қурайш ва унинг динини тутганлар ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билар эдилар. Улар Муҳаррамни Сафар қилар эдилар ва «Қачонки, туянинг яраси битса, излар йўқолса, Сафар ойи тугаса, умра қилувчига умра ҳалол бўлур», дер эдилар.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари тўртинчи куни эрталаб ҳажга эҳром боғлаб келдилар. Бас, у зот уларга уни умра қилишни амр қилдилар. Бас, у уларга катта бўлиб кўринди ва улар:
«Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалолликнинг қайсиси?» дедилар.
«Ҳалолликнинг барчаси», дедилар».
Учовлари ривоят қилган.
Жоҳилият аҳлининг бунга ўхшаш ўзларича жорий қилиб олган номаъқул ишлари жуда ҳам кўп эди. Ўша ишлардан бири уларнинг ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билишлари эди.
Ислом жоҳилиятнинг барча жоҳилликларини тўғрилади. Жумладан, умрани ҳар доим қилиш мумкинлигини жорий қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажларида саҳобаи киромлардан қурбонлик ҳайдаб келмаганларига ҳаж ниятларини умрага айлантиришни маслаҳат бердилар.
Жоҳилият ўз номи ўзи билан жоҳилликдан иборатдир. Исломдан олдинги жоҳилиятда ҳам жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд эди. Жумладан, турли ой ва кунларга оид масалаларда ҳам жоҳилиятнинг жоҳилликлари тўлиб-тошган эди. Ислом бошқа кўпгина нарсалар қатори ана шу нарсаларни ҳам муолажа қилди. Уларни қандоқ қилиб тўғри йўлга солишни тушунтирди.
Исломдан олдинги жоҳилият даврида Сафар ойидан шумланиш одати ҳам бор эди. Улар Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, никоҳ ақди қилиб бўлмайди, аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди каби бир қанча хурофотлар асосида бу ойдан шумланишар эди. Уларнинг фикрича, бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзида тарқалар ва мазкур ишларни қилган одамларга зарар етказар эдилар.
Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом бу борада бир қанча ҳадислар айтдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалам: «Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ», дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда жоҳилиятнинг тўртта жоҳиллиги инкор қилинмоқда.
1. «Касаллик юқиши йўқ». Жоҳилият аҳлида: хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ила ўтади, деган эътиқод бор эди. Ҳозир ҳам худди шунга ўхшаш эътиқод бор. Ундоқ бўлса «хасталик юқиши йўқ-ми?» деган савол берилиши турган гап. Бунга жавоб шуки, хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида ва бунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлардаги «касаллик юқиши йўқ» деган гапларида мужассам бўлгандир.
Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталик юқиши ҳам. Одамлардан жоҳилият эътиқодларини кетказиш учун шунга ўхшаш ҳассос нарсаларга алоҳида эътибор берилган.
2. «Бойқуш йўқ». Жоҳилият даврида турли нарсалардан шумланиш мавжуд эди. Бу нарса уларнинг эътиқодига айланиб қолган эди. Жумладан, қаерга бойқуш қўнса, ўша ерда ёмонлик ва харобчилик бўлади, деган эътиқод бор эди. Ислом бу нарсани ҳам инкор этди. Бировга кўнгилсизлик ёки ёмонлик етадиган бўлса бойқуш ёки бошқа қуш қўнгани сабабли эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади. Аллоҳ ирода қилса, ҳар қандай ҳолатда ҳам бандага хасталик ориз қилганидек, бойқуш қўнса ҳам, қўнмаса ҳам ёмонлик ва харобачиликни воқеъ қилиши мумкин.
3. «Навъу йўқ». «Навъу» жоҳилият аҳли ёмғир ёғдиради деб эътиқод қиладиган юлдуз. Улар ўзларича ёмғирни ўша юлдуз ёғдиради, деб айтишар эди. Албатта, бу ҳам нотўғри. Ёмғирни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи ёғдиради.
4. «Сафар йўқ». Жоҳилият аҳлининг Сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат ақийдалари бор эди. У ойда сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди, дейишар эди. Уларнинг бу ҳақдаги эътиқодларини юқорида айтиб ҳам ўтдик. Ислом бундоқ бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари, кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг кунлари эканини эълон этди.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касаллик юқиши йўқ, ғул йўқ ва сафар йўқ», дедилар».
Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда аввалги баёни келган нарсаларга «ғул» ҳам қўшилмоқда.
«Ғул» жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб кетиб турли балоларга учратади, деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғи эътиқодни ҳам рад этди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касаллик юқиши йўқ, қушла фол очиш йўқ, бойқуш йўқ ва сафар йўқ. Ва моховдан, худди арслондан қочганингдек қочгин», дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Сафар ойига оид шумланиш билан бирга қуш ила фол очиш ҳамда касал юқиши масаласи баён қилинмоқда. Биз «қушла фол очиш» шаклида таржима қилган ибора арабчада «тияра» дейилади. Бу ибора «тоир» – қуш сўзидан олингандир. Қушнинг фол очишга нима дахли бор ёки ҳозирдаги баъзи фолчиларга ўхшаб қушга хатни торттириб фол очиш авваллари ҳам бўлганми, деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Ҳа, қуш билан фол очиш авваллари, жоҳилият даврида ҳам бўлган-у, бошқача услубда бўлган. Жоҳилият аҳлидан бирортаси бир ишни қилиш-қилмасликда иккиланиб қолса, қушни қўлда тутиб туриб учирган. Агар қуш ўнг томонга учса, ўша ишни қилган. Агар қуш чап томонга учса, у ишни қилмаган. Агар қуш тўғрига учса, яна бошқа қуш учирган. Улар бу ишни кўп қилганидан умуман фол очишга ҳам «тияра» ибораси ишлатиладиган бўлиб кетган. Ислом дини бу бемазагарчиликни ҳам рад этди.
Бу фаслдаги ушбу ҳадиси шарифгача бўлган ривоятларнинг баъзисида касаллик юқиши йўқлиги, баъзисида касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш кераклиги айтилган бўлса, бу ҳадиси шарифда мазкур икки масала ҳам зикр қилинмоқда. Шу билан касаллик ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи эканлиги, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз амал қилишни биздан талаб қилган нарса эканлиги таъкидланмоқда.
Мохов хасталиги ҳам юқумли экани ҳозирда ҳаммага равшан ҳақиқатдир, Исломда эса бу хасталикка учраган одамдан арслондан қочгандек қочиш кераклиги ўн беш аср илгари таъкидланган.
Ўрни келганда касалнинг юқишини илмий равишда биринчи бор исбот қилганлар ҳам мусулмон табиблар эканлигини айтиб ўтмоқ бурчимиздир. Бу ҳақиқатни биз эмас, ғарбликлар эътироф қилганларини таъкидлаш эса вазифамиздир.
Минг афсуслар бўлсинки, жоҳилиятнинг жоҳил эътиқодларидан бўлмиш Сафар ойидан шумланиш баъзи сабабларга кўра ҳозиргача орамизда сақланиб келмоқда. Тарихимизнинг турли босқичларида уламоларимиз бу масалага мурожаат қилганларини кўрамиз.
Ҳанафийларнинг энг машҳур фатво мажмуаларидан бири бўлмиш «Фатавойи Оламгирия» ва шаръий одоблар бўйича мазҳабимизнинг асосий манбаларидан бўлмиш «Барийқаи Муҳмудия шарҳи Торийқаи Муҳаммадия» номли китобларда Сафар ойига оид қуйидаги маълумотларни ўқиймиз:
«Сафар ойида сафар қилмайдиган, никоҳ ва духулга оид ва бошқа ишларни бошламайдиган, Набий алайҳиссаломдан ривоят қилинадиган «Ким менга Сафар чиққанининг башоратини берса, мен унга жаннатнинг башоратини бераман» гапни маҳкам тутиб олган кишилар ҳақида сўрадим. Бу ривоят ўзи тўғрими? Сафар ойида бахтсизлик ва машъумлик борми? У ойда бир иш қилишдан қайтариш борми?» деб сўрадим. У киши қуйидаги жавобни берди:
«Сафар ойи ҳақида айтган гаплари (жоҳилий) арабларнинг гапидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб айтган ривоятлари қип-қизил ёлғондир». («Жавоҳирул фатаво»дан).
Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланиб қолинмади. Балки амалий ва намунали ишлар ҳам қилинди.
Жоҳилият аҳлининг Сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой Исломда «Сафарул хайр» – «Сафар яхшилик» деб номланди.
Жоҳилият аҳлининг Сафар ойида иш бошлаб бўлмайди, деган хурофотига зид ўлароқ Исломда кўпгина ишларни айнан Сафар ойида бошланди.
Масжиди набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан Сафар ойида бўлди.
Жоҳилият аҳлининг Сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом Сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилдилар.
Жоҳилият аҳлининг Сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар. «Туҳфатул Муҳтож фии шарҳил Минҳож» номли китобда ва бошқа манбаларда имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан Сафар ойида ўз қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди.
Аввал билмасак, энди билиб олдик. Сафар ойидан шумланишни йиғиштирайлик. Билмаганларга ҳам бу ой тўғрисида ўзимиз билган исломий ҳақиқатни етказайлик.
islom.uz
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.
Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.
Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.
Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.
Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.
Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.
Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا
“Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:
تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه
“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти), деганлар.
Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ
“Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).
Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.
Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.
Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.
Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.
Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.