Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани бош имоми ҳамда "Эски Қўрғон" жоме масжиди имом-хатиби Тоҳир домла Исматиллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Ҳақ таоло марҳумнинг фарзанду аржумандлари ва барча яқинларига гўзал сабр берсин.
Яратган охиратларини обод қилсин!
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Эрали эшон бобо" жоме масжиди замонавий асосда қайта қурилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.
Масжиднинг очилиш тантанасида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, янги масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини сўраб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган саховатпеша инсонлар ҳаққига эзгу тилаклар билдирилди.
Маълумот ўрнида, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш сиғимига эга.
Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматга қадар Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тараладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати