Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Ноябр, 2024   |   29 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:36
Bismillah
01 Ноябр, 2024, 29 Рабиъус сони, 1446

Имом Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган аллома

19.10.2023   615   9 min.
Имом Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган аллома

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араблар имом Замахшарийни таърифлаб, “Ушбу оқсоқ Замахшарий бўлмаганда, араб тилини тушунмай ўтиб кетар эдик” дейдилар. 
Тўлиқ исми ва таваллуди:
Махмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Хоразмий аз-Замахшарий. Куняси, Абулқосим бўлган. У зот Маккаи Мукаррамага илм излаб бориб у ерда узоқ муддат илм тарқатиш билан машғул бўлганлиги учун “ Жоруллоҳ” яъни, “Аллоҳнинг қўшниси” лақабини олган. 
Имом Замахшарий ҳижрий 467-йили Ражаб ойининг 27-си чоршанба куни Хоразмнинг Замахшар қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси Замахшар қишлоғида имом бўлган.
Имом Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти:
У зот ёшлигида бир оёғидан ажраб қолган. Манбаларда келтирилишича, Бағдодга кирганда ҳанафий мазҳаби уламоларидан бўлган фақиҳ Дамғоний нима учун оёғи кесилганининг сабабини ўзидан сўрайди. Унга имом Замахшарий шундай жавоб берган. “Бу ҳолга тушушимга онамнинг дуоси сабаб бўлган. Яъни, болалигимда бир чумчуқни тутиб, оёғидан ип билан боғлаган эдим. Ип қўлимдан чиқиб кетган эди, чумчуқ тешикка кириб олди. Ипни тортган эдим. Оёғи узулиб тушди. Шунда онамнинг унга раҳми келиб, кўнгли ранжиди ва “Уни оёғини узганингдек, Аллоҳ ҳам сени оёғингни узсин” деб юборди. Орадан бироз муддат ўтгач, Бағдодга илм талабида сафар қилдим. Йўлда уловдан йиқилиб оёғим синди ва муолажага қарамай кесиб ташлаш лозим бўлди”.
Имом Заҳабий “Сияру аъламин нубала” китобида Имом Замахшарийнинг оёғи қорда қаттиқ совуқ туфайли кесиб ташлангани ва ёғоч оёқда юрганлигини ёзган. У оёғининг кесилганини билдирмаслик учун узун яктак кийиб юрган ва кўрганлар уни оёғида оддий оқсоқлиқ бор, деб ўйлашган.  
Ибн Ҳалликон “Вафаётул аъён” китобида қуйидагиларни келтиради: “Баъзи устозларимиздан Замахшарийнинг битта оёғи йўқ деб эшитганман. У юрганда сунъий ёғоч оёқ билан юрарди. Оёғидан айрилишига сабаб, Хоразм шаҳарларида илм сафарида юрганида, йўлда кўп қор ёғиб, қаттиқ совуқ тушибди. Ўшанда унинг оёғи совуқдан музлаб қолган. Натижада оёғидан ажраган экан. Замахшарийнинг оёғи кесилиши ҳақиқатини билмаган кишилар “Унинг оёғи жиноят сабабли кесилган”, деб ўйлаб қолмасликлари учун ўзи билан оёғи совуқ туфайли кесилганини тасдиқловчи ҳужжат олиб юрарди. Ҳужжатда бу ҳолатдан хабардор бўлган кишиларнинг гувоҳликлари бор эди”.   Китоб муаллифи айтади: “Ҳа, у юртларда кўп қор ёғиши ва қаттиқ совуқ бўлиши кўпинча оёққа таъсир қилади, натижада уни кесишга мажбур бўладилар. Хусусан, Хоразмда совуқ жуда қаттиқ бўлади. Ўзим ҳам совуқ сабабли оёқларидан айрилган жуда кўп инсонларни кўрганман. Шунинг учун бу каби ҳолатлардан хабари йўқ инсонларнинг “Бу бўлмаган гап”, дейишлари тўғри эмас”.  
Ибн Ҳалликон яна қуйидагини қўшимча қилади: “Ушбу воқеъада фойда ва ибрат бор: Биринчиси фойда; онанинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги фазли юксаклиги ва унинг фарзанди борасидаги дуосини ижобат бўлиши. Иккинчиси ибрат; кичкинагина қушга зулм қилинса ҳам унинг учун қасос олиниши”.
Имом Замахшарий дардманд бўлиши билан бирга илм йўлида меҳнат-машаққат ва фақирликка дуч келган. У зот бу ҳақида ўзининг шеърида шундай дейди:
Замондан заррача ёзғирмам, аммо,
Ёмон аҳволимдан қилгум шикоят.
Жоҳиллар турмуши бўлгунча аъло,
Илм аҳллари ночор ниҳоят.
Кунлар қарз сўраш-ла ўтар гоҳида,
Жавоблар барчаси: “Кейин бераман”.
Роббимга арз этай дилим оҳида,
Орзум тадбирига боғлиқ, биламан.
Имом Замахшарий оёғининг ногиронлигига ишора қилиб айтади: 
“Қанча-қанча оёғида оқсоқлиги борларни кўрдим. Улар юксакликка кўтарилган. Қайсидир оёғи соғломлар эса яхшиликда олдинга юролмаган”.
Имом Замахшарий Хоразм уламоларидан  илм таҳсилини олиб бўлгач, Бухоро, Хуросон ва Исфаҳонга сафар қилади. У ҳижрий 512-йили оғир дардга чалинади. Дардидан фориғ бўлгач, Бағдодга бориб Абул Хатоб ибн Батордан сабоқ олган ва уламолар билан илмий мунозараларда қатнашади. Сўнгра Маккаи Мукаррамага сафар қилиб амир Абулҳасан Али ибн Исо ибн Ҳамза ибн Ваҳос Шариф Ҳусайний билан учрашади. У имом Замахшарийнинг чуқур илмидан хабардор бўлиб, у зотдан кўп истифода олади ва иззат-икром кўрсатади. У ерда Абдуллоҳ ибн Талҳа Ёборийдан Сибовайҳ китобларини ўқийди. Икки йил Маккада туриб, ватанга қайтади. Бироз муддат Хоразмда тургач яна Шом орқали 526-йили Маккага боради. Иккинчи марта келганида уч йил туриб, ўзининг машҳур “ал-Кашшоф” асарини ёзади. Яна қайтишда ҳижрий 533-йили Бағдодга кириб, бироз муддат тургач, ўз ватани Хоразмга келиб умрининг охиригача илм тарқатади. У зот ўз даврининг илмда пешқадам бир неча уламоларидан хусусан, Абул Хаттоб Наср ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ Бағдодий, Абу Мансур Мавҳуб ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Жувайлиқийлардан таҳсил олган.
Имом Замахшарий қайси юртга борса дарров атрофида уламолар ва толиби илмлар тўпланиб, унинг илмидан истифода қилишга интилишган. У доимо илм тарқатишга ҳарис бўлиб, ўзидан жуда кўп етук шогирдларни қолдирган.
Жумладан:
1. Абу Исмоил Яъқуб ибн Ширин Жундий. Имом Замахшарий бу шогирдини: “Ўз асрининг тенгсиз энг ақлли, закаоватли, даҳо йигити. Хоразм султонининг котиби. Араб ва форс тилида чиройли ёза олади. Мен уни тарбиялаб шундай чўққига чиқардим. У менинг садоғимдаги энг мустаҳкам ўқ” дея таърифлаган.
2. Асли маккалик фақиҳ, адиб, воиз Мувафиқ ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Саид Исҳоқ Абул Муаббад Маккий Хоразмда араб тили илмларини ўрганган.
3. Имомнинг наҳв илмига оид “Унмузаж” китобига шарҳ ёзган Зиёуддин Маккий.
4. Али ибн Муҳаммад ибн Али Аҳмад ибн Марвон Абул Ҳасан Имроний Хоразмий адаб илмларини ўқиган. У тафсир, сарф, наҳв илмларида китоб ёзган.
5. Яқуб ибн Али ибн Муҳаммад ибн Жаъфар Абу Юсуф Балхий Жандалий наҳв ва адаб уламоларидан бўлиб Имом Замахшарийдан узоқ муддат сабоқ олган.
6. Зайнаб бинти Абдурраҳмон Шаърий. У Ибн Халликон ва Ибн Нажжорларнинг таълим берган устозаси.
Имом Замахшарий тафсир, араб тили, балоғат илм Имом Замахшарий илмларида етук бўлган. Бу ҳақда Самъоний айтади: “Имом Замахшарий адаб ва наҳв илмларида зарбулмасал қилинарди. У кўплаб фузалолар ва алломалар билан кўришган. Тафсир, ҳадис, луғат илмларига оид китоблар битган. Ироқ, Хуросон ва бошқа қайси шаҳарга борса атрофида одамлар тўпланишар ва ундан дарс олишар эди.”. 
Уламолар Имом Замахшарийнинг турли фанларга оид 68 та китоби борлигини таъкидлайдилар. Тарихчи Ёқут Ҳамавий “Мўъжамул удаба” асарида унинг. 51 та китоби борлигини қайд қилиб, қуйидагиларни санаб ўтган:
1.“Ал-кашшаф”.
2. “Ал-фаиқ фи ғорибил ҳадис”.
3. “Асасул балағо” .
4. “Ал-муфассал”
5. “Ал-мустақси фил амсал”
6. “Муқаддимутул адаб”
7. “Ан-насоиҳул кибар”
8. “Шарҳу мақомоти аз-Замахшарий” в
9. “Рисалатун фит таслияти лиман куффат аъйнуҳу” ваҳоказо.
Имом Замахшарийнинг асарлари дунё бўйлаб тарқалган ва аксарияти турли музей ва кутубхоналарда ҳозиргача сақланади. Уларнинг ичида энг машҳури “Кашшоф” номи билан танилган “Ал-кашшаф аън ҳақоиқит танзил” китобидир. Бу китоб Қуръони Каримнинг услубидаги балоғий гўзалликларини очиб берган мўътабар тафсирлардан саналиб, унга жуда кўп шарҳ ва ҳошиялар ёзилган. 
Уламоларнинг Имом Замахшарий ҳақидаги сўзлари:
“Имом Замахшарий илми кенг, фазли улуғ, заковат ва истеъдоди ҳавас қиларли, барча илмларда мустаҳкам эди”.
Имом Суютий.
“У балоғат, араб тили, маъони ва баён илмларида пешво эди”.
Имом Заҳабий.
“Албатта у дунё алломаси бўлган”.
Забидий.
“У араб тили ва баён илмида етук эди. Унинг лафзи қисқа маънолари балоғатли, лафзлари фасоҳатли шундай яхши китоблари борки, бошқаларда у кабиси йўқ. Агар унинг сўзларидан бир ҳарф камайтирилса, ёки қўшиб қўйилса, сўзга чигаллик етади”.
Қазвиний.
“Имом Замахшарий адаб илмида зарбулмасал бўлган буюк имом”.
Ибн Абулвафо Қураший.
 “У тафсир, ҳадис, адаб, луғат илмларида имом бўлган. Турли фанларни пухта ўзлаштирган”
Ёқут Ҳамавий
Вафоти:
Имом Замахшарий ҳижрий 538-йили арафа куни кечаси Маккаи Мукаррамадан қайтаётганда Хоразмнинг Журжония минтақасида вафот этган.


Муҳаммадзариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Ислом фиқҳи асослари” ўқилиши шарт бўлган китоб

31.10.2024   1474   3 min.
“Ислом фиқҳи асослари”  ўқилиши шарт бўлган китоб

Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тои­фаларга раддиялар берадиган китоб­ларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.


Яқинда Ўзбекистон мусул­монлари идораси раиси­нинг биринчи ўринбо­сари Ҳомиджон қори Ишмат­бе­ковнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.


Муаллиф ёзади: “Кейин­ги йилларда мавжуд мазҳаб­ларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чал­ғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.


Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.


Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни ­тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жу­да катта хатодир.


Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қу­лоқ солганларини келтирган.


Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилди­лар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.


Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин. 

Т.НИЗОМ

МАҚОЛА