Болалигимизда эртаклардаги ғайритабиий ҳодиса ёки ишлардан ҳайратланганмиз ва уларга ишонганмиз. Ёшимиз улғайгач, уларнинг барини чўпчак, яъни тўқима деб ўйлаганмиз. Аслида ҳам шундайми?
Тадқиқотларга кўра, барча эртаклар ҳам тўқима эмас. Улардаги ҳодисалар ўтмишда бўлиб ўтган воқеаларнинг ўзгартирилган талқинидир. Бу ҳодисалар вақт ўтиши билан оғиздан оғизга ўтиб, эртагу афсоналарга айланган. Уларда учровчи баъзи ғайриоддий сюжетлар, қаҳрамонлар, тилсимлар ва буюмлар асосида дин билан боғлиқ воқеликлар мужассам. Фақат улар бадиий тўқимага айланиб, халқ оғзаки ижодида бўй кўрсатган, холос.
Эътибор қаратилса, эртаклардаги қаҳрамоннинг ғайриоддий қобилияти ёки ишлари, бошдан кечирганлари, бошқаларга ўхшамаслиги билан пайғамбарлар ҳаётига ўхшаб кетади. Уни қийин вазиятда қўллаб турувчи ҳомийлари ёки бирор куч берадиган буюми бўлиши ҳам. Халқ эса мана шундай шахслар орқали ўз қаҳрамонларини тасаввур этиб, улар ҳақида ривояту эртаклар тўқишган. Улар воситасида ўз орзуларини баён қилганлар.
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга пайғамбарлик ва подшоҳликни бериб, унинг пайғамбарлигини исботи учун кўплаб мўъжизаларни ато этган. У кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни, шамолларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган.
Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир қанча сураларида баён қилинган.
Намл сурасида: «Сулаймон (пайғамбарлик ва подшоҳликда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар! Бизга қушлар тили ва бошқа нарсалар билдирилди. Албатта, бу аниқ фазлнинг ўзидир”. Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар» (16–17-оятлар).
Сод сурасида: «Унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик)» (36–38-оятлар).
Сабаъ сурасида: «...ва Сулаймонга шамолни (бердик). Унинг (шамолнинг) эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик ва жинлардан Раббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди...» (12-оят).
Қуръон тафсирларида келишича, Сулаймон алайҳиссаломга жинлар тилла ва ипакдан катта гилам тўқиб берган. Унинг ўртасида тилла тахт устига ўзи, атрофидаги тилла ва кумушдан ясалган курсида одамлар, уларнинг атрофида жинлар ўтирар, осмонда қушлар қаноти билан соя солиб турар, шамол гиламни кўтариб, айтилган жойга элтар экан. Шу билан бирга, шамол эрталабдан тушгача бир ойлик йўлни, тушдан кечқурунгача яна бир ойлик йўлни босиб ўтар, бир кунда икки ойлик йўлни юриб қўяр экан1.
Демак, эртакларда келганидек, ўзи учар гиламлар бўлмаган. Балки шамоллар ўша гиламни учириб, Сулаймон алайҳиссаломни хоҳлаган жойига элтган. Худди шундай жинлар ҳам Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳнинг изни билан хизмат қилдириб қўйилган. Улар, худди эртакларда қайд этилганидек, кўплаб ишларга қодир бўлган.
Бундай ўхшашликни ўзбек халқ эртаги “Эрназар билан Кимёназар” ҳамда “Минг бир кеча” эртакларидаги “Алоуддиннинг сеҳрли чироғи”даги тилсимларда кўриш мумкин. Эрназарнинг тилсими пичоқдаги Кимёназар номли ёрдамчи бўлса, Алоуддиннинг кўмакчиси чироқдаги дев. Иккисининг ҳам сўзи: “Хизматингизга тайёрман”. Исталган жойга кўз очиб юмгунча етказиш, қирқ қулоқли қозонни олиб келиш, бир зумда улкан саройлар тиклаш ва шу каби кенг тарқалган сюжетлар Сулаймоннинг хизматига шай турган жинларни эслатади.
Яна бир ўхшашлик Исо алайҳиссалом билан боғлиқ. Аллоҳ таоло унга осмондан моида (дастурхон) туширади. Бу воқеа Қуръони каримнинг Моида сураси 112–115-оятларида баён этилади: «Ҳаворийлар: “Эй Исо ибн Марям! Раббинг бизга осмондан бир дастурхон нозил қила оладими?” деганларида, (Исо): “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқингиз!” деганини (ҳам) эсланг! Улар дедилар: “Биз ундан (зиёфатдан) еб, кўнглимиз хотиржам бўлишини ва сенинг ростгўйлигингни билиб, (сўнгра) унга (дастурхонга) гувоҳлик беришни истаймиз”. Исо ибн Марям деди: “Эй Раббимиз – Аллоҳ! Бизга осмондан (бир) дастурхон туширгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ҳамда Сендан (бизга) мўъжиза бўлсин. Бизни (ундан) ризқлантир! Сен ризқлантирувчиларнинг яхшисидирсан”. Аллоҳ деди: “Мен уни сизларга туширувчиман. (Лекин) кимки (шундан) кейин (ҳам) куфрга кетса, уни шу қадар азоблайманки, бутун оламда ҳеч кимни ундай азобламаган бўлурман».
Исо алайҳиссаломнинг дуоси қабул бўлди ва мўъжиза содир бўлиб, осмондан егулик тўла дастурхон тушди. Бу ҳодисага гувоҳ бўлган инсонлар орзусидаги тўкин дастурхонга эга бўлишган. Бу воқеа “Ур, тўқмоқ” эртагидаги “очил дастурхон”ни ёдга солиши тайин. Демак, очил дастурхон бадиий тўқима сифатида бугунгача яшаб келмоқда.
Бундай ўхшашликларни эртакларда яна кўплаб учратиш мумкин.
Жамила АСҚАРОВА,
тадқиқотчи
Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида
Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.
Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром
“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.
“Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.
Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.
“Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.
Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.
Уламолар ҳикматларида:
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.
Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.
Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: “Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.
Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.
Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда “Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир!” бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.
Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.