Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида янги масжид қурилади. Масжид учун маҳаллий ҳокимлик томонидан туман марказидан 130 км узоқда жойлашган “Тупроққалъа маскани” маҳалласидан 60 сотих ер ажратилди. Хоразм-Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тупроққалъа маскани, Саримой, Нукус, Хазорасп маҳаллалари аҳлининг кўп йиллик орзулари ушаладиган бўлди. 9 минг аҳоли истиқомат қиладиган тўрт ҳудудда бирорта масжид йўқ эди, энг яқини Хазорасп туманидаги “Шайх Қосим бобо” масжиди бўлиб, 120 километр масофани ташкил этади.
Куни кеча эзгу ният ва хайрли дуолар билан пойдевор учун тамал тоши қўйилди. Ибодат уйига шу жойда ўтов қуриб яшаб, Эшон номи билан халқ орасида маълум бўлган солиҳ бир зот шарафига “Ўтовли Эшон” номи берилди.
“Тупроққалъа туманида тўртта масжид бўлиб, асосан туман марказида жойлашган. Қурилиши режалаштирилаётган ушбу масжидга 5-10 йилдан буён эҳтиёж мавжуд эди. Тегишли рухсат асосида халқ ҳашари билан қурилиш ишларини бошлаймиз. Аллоҳ насиб этса келаси йили Рамазон ҳайитига битказишни режалашатиряпмиз”, дейди вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев. Ибодатгоҳ Хоразм меъморчилик анъаналари асосида замонавий талаблар уйғунлигида барпо этилади. Хонақоҳ 160 кишига мўлжалланган бўлса, ҳовли ва атроф саҳнлари билан 250 га яқин намозхонни сиғдиради.
Аллоҳнинг байтини бунёд этишдек хайрли амалга бел боғлаган уста-ҳунармандлар, барча фидоий инсонларга Тангримиздан куч-қувват тилаб, янги масжид мўмин мусулмонларнинг шодлигига сабаб бўлишини тилаб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Сайёр йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табиригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Шу йил 17 июль куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов бошчилигида Ўрта Чирчиқ туманидаги «Усмон ота» жоме масжидида туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг тумандаги маҳаллаларга чиқилиб, оилалар ўрганилди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Бундай тадбир қамрови кенглиги билан алоҳида аҳамият касб этяпти. Гап шундаки, тадбир доирасида бир оила 12 номдаги турли адабий-бадиий китоблар совға қилинди.
Тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Шундан сўнг яна «Усмон ота» масжидига қайтилиб, амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати