Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

Мадрасаларда қабул имтиҳонларини ўтказиш кунлар белгиланди

13.09.2020   4289   4 min.
Мадрасаларда қабул имтиҳонларини  ўтказиш кунлар белгиланди

Пандемия шароитида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши белгиланган бўлиб, қуйидаги ҳудудлардаги очиқ майдонларда ўтказилади:

- “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Турон” марказий стадиони – Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри;

- “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби асосий стадиони 1А-биносида – Андижон шаҳар, 3-кичик даҳа, Машраб кўчаси;

- “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Навбаҳор-умид стадиони – Наманган шаҳри, 5-кичик туман;

- “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Насаф” футбол клуби машғулотлар майдони – Қарши шаҳар, Мустақиллик шоҳ кўчаси 5-уй;

- “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Бухоро спорт мажмуаси стадиони – Бухоро шаҳар, Иброҳим Мўминов кўчаси 9-уй, “Дилкушо” теннис стадиони – Бухоро шаҳар, Ислом Каримов кўчаси 24-уй;

- “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Бухоро спорт мажмуаси стадиони – Бухоро шаҳар, Иброҳим Мўминов кўчаси 9-уй, “Дилкушо” теннис стадиони – Бухоро шаҳар, Ислом Каримов кўчаси 24-уй;

- “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Хоразм спорт мажмуаси – Урганч шаҳар, Байналмилал кўчаси 18-уй;

- “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Сурхон” спорт мажмуаси захира футбол майдони – Термиз шаҳри, А.Навоий кўчаси, 43-Б уй;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган таълим муассасалари бўйича тест синовлари 2020 йил 16 сентябрь куни соат 17:00 да бошланади. Абитуриентлардан тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга соат 15:30 да паспорт ва ДТМ рухсатномаси билан келишлари талаб этилади. 


 - “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Тошкент шаҳар, Талабалар шаҳарчаси - Мўлжал Беруний метроси чиқиш жойи.

Мазкур таълим муассасалари бўйича тест синовлари 2020 йил, 17 сентябрь куни 1-смена бўйича соат 08:00 да,  2-смена бўйича 17:00 да бошланади. Абитуриентлардан тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга соат 1-смена бўйича соат 06:00 да, 2-смена бўйича 15:00 да паспорт ва ДТМ рухсатномаси билан келишлари талаб этилади. Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда, абитуриент тест синовларига киритилмайди. Шунингдек, абитуриентнинг қайси сменада тест синовлари топшириши ДТМ рухсатномасида кўрсатиб ўтилган.


 Абитуриентлар карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда тест синовларига киритилади:

- дизенфекция тоннелидан ўтказилади;

- тана ҳарорати масофадан ўлчаш қурилмаси орқали ўлчанади;

- тиббий ниқоб ва қўлқоп билан таъминланади.


 ДТМ рухсатномасини қай тартибда олиш бўйича қўшимча маълумот берилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

ВИДЕО
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Руҳий тарбия устози

15.04.2025   3229   4 min.
Руҳий тарбия устози

Хотира

Буюк ватандошимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини нафақат Марказий Осиё давлатлари мусулмонлари, айни пайтда бутун Ислом олами юксак эҳтиром билан тилга олади. Мисрлик олим, Қуръон ҳофизи “ал-Азҳар” университети мударриси Шайх Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон марҳум Шайх ҳазрат ҳақида мақола ёзиб, нашр эттирди.


Бугун – 15 апрель Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг таваллуд топган кунлари. Шу муносабат билан  Шайх Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон ёзган мақолани таржима қилиб, сиз азизларга ҳам илиндик.

***

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари умрини илм ўрганиш ва ўргатишга бағишлаган мужтаҳид уламолардан. У киши илм ва тақвода юксак мартабага эришди. Илмни амал билан, фикрни сулук билан уйғунлаштирди.


Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шахсиятига оид муҳим хусусиятлардан бирига мен у зотнинг таржимаи ҳол ва фаолиятини ўрганиш асносида амин бўлдим. Ҳазрат руҳий тарбияга ва нафсни поклашга жуда катта аҳамият берган. Бу устознинг дарслари, маърузалари ва китобларида яққол намоён бўлган. Зеро, инсон руҳий тарбиясиз, нафсни енгмасдан туриб тўғри йўлда бўлолмайди, улуғ даража ҳосил қилолмайди.


Чунончи, руҳий тарбия руҳни поклайди, нафсни тозалайди. Шу боис Ислом мунтазам равишда руҳий тарбия билан машғул бўлишга буюрган. Аллоҳ таоло Шамс сурасида бундай марҳамат қилади: «(Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!» (9–10-оятлар).


Исломда руҳий тарбия – нафсни поклашдан мақсад саргардон руҳдан Аллоҳ таолони танувчи, У Зотга бандаликни бекаму кўст адо этувчи руҳга айланишдир. Шундан келиб чиқиб, руҳий тарбия ҳар бир шахс кундалик амалига айланиши зарур.


Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ бу йўлда тинимсиз ҳаракат қилиб, халқни, юртдошларини руҳий тарбияга даъват қилди. У киши Мовароуннаҳрнинг ҳар бир ўлкасида шу ишни амалга оширди. Кўп йиллар ҳар жабҳада – диний, ахлоқий, маданий ва мафкуравий жиҳатдан – коммунистлар таъсири остида бўлган, ҳозир истиқлол нашидасини сураётган халқ учун руҳий тарбия жуда керак бўлган бир пайтда яшаб, динга хизмат қилиб ўтди.


Шайх ҳазратлари руҳий тарбия фақат илм, сўнгра амал билан рўёбга чиқишини чуқур англаган. У киши жидду жаҳд қилиб, муборак даъватлари асносида Аллоҳ таоло ато этган илм, ҳикмат ва басират билан илмни кенг ёйди. Бу жараён “диний саводхонликни ошириш” деб билди. Чунки яратилиш (фитрат)нинг гўзаллиги камолотни, салоҳиятни тақозо этади. Унинг йўллари нажотга элтади. Ҳазрат шу заҳматли йўлда тиним билмади.


Дарсларида ҳам, маърузаларида ҳам шариат илми ва руҳий тарбия омухталиги узилмай келган. Даъвати таъсирли, юриш-туриши, хулқ-атвори барчага ўрнак, моҳир мураббий, ҳассос мутафаккир, инсонлар қалбидан жой олган улуғ аллома эди.


Шайх раҳимаҳуллоҳ муаллифлигида битилган китобларга келсак, у киши уч жилддан иборат “Руҳий тарбия”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “Зуҳд ва ҳаё”, беш жилддан иборат “Хислатли ҳикматлар шарҳи”, “Ислом маънавий жиноятларга қарши”, “Ислом ва поклик” каби асарларни таълиф этган. Бошқа асарлари ҳам руҳий тарбиядан холи бўлмаган ҳолда шариат ишлари муолажасига бағишланган.


Шайх ҳазрат бу хизматлари билан Марказий Осиё минтақасидаги мусулмонларнинг руҳий-маънавий жиҳатдан юксалишига жуда катта ҳисса қўшди. Аллоҳ таолодан у зотни буюк мукофот билан сийлашини сўраймиз. Омин!

 

Шайх Абдуллоҳ Ҳусайн ШАЪЛОН,

“Ал-Азҳар” университетининг Қуръон,

қироатлар ва Қуръон илмлари устози.

Ўзбек тилига Толибжон НИЗОМ ўгирди.

 

 

Ўзбекистон янгиликлари