Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода тинчлик бўйича Нобель мукофотига Озарбайжон томонидан номзоди қўйилди, дея хабар бермоқда "АПА" ахборот агентлиги Халқаро Нобель ахборот маркази вице-президенти Бейбалу Алескеровга таяниб.
Алескеровнинг қайд этишича, Оллоҳшукур Пошшозода Нобель тинчлик мукофотининг эксперт гуруҳи томонидан номзод сифатида тасдиқланган.
Ислам.ру маълумотлари бўйича, бу мукофотга номзод иккинчи маротаба қўйилмоқда ва яширин овоз бериш натижалари сентябрь ойи охирида ёки октябр ойи бошида маълум бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло Ўз Каломида тадаббур қилиш ҳақида бундай марҳамат қилади:
﴿كِتَٰبٌ أَنزَلۡنَٰهُ إِلَيۡكَ مُبَٰرَكٞ لِّيَدَّبَّرُوٓاْ ءَايَٰتِهِۦ وَلِيَتَذَكَّرَ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ ٢٩﴾
“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир” (Сод сураси, 29-оят).
﴿أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا﴾
“Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар” (Нисо сураси, 82-оят).
Қуръонни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Мўминлар Қуръон тиловат қилар эканлар унинг оятлари борасида тафаккур юритиб, унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Қуръон тиловат қилсалар уни тартил билан тиловат қилиб, унинг ҳар бир оятини тадаббур этар эдилар. Тафаккур ила ўқилган суралар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини оқартирган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочингизга оқ тушибдими?” деб сўради. Шунда у зот алайҳиссалом: “Менинг сочимни Ҳуд, Воқеа, Мурсалот, Набаъ ва Таквир (суралари) оқартирди”, дедилар” (Имом Термизий, Имом Ҳоким, Имом Байҳақий, Имом Абу Яъло ривояти).
Ҳуд сурасининг икки ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларини оқартирган оятлардан ҳисобланади.
Имом Байҳақий “Шуъаб ал-иймон” номли асарида Али Шаторийдан қуйидагиларни баён қилади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочимни Ҳуд сураси оқартирди деб айтганингизни эшитдим”, деди.
Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа шундай”, деб жавоб бердилар.
“Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурадаги пайғамбарлар қиссаси-ми ёки уларнинг умматларининг ҳолими сизнинг сочингизни оқартирди”.
“Йўқ, пайғамбарлар ҳам уларнинг умматлари ҳақидаги оятлар ҳам сочимни оқартиргани йўқ. Балки сурадаги “Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг!” ояти сочимни оқартирди”, дедилар.
Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг ўзидан тўғри йўлда мустақим қилишини сўраб кўп дуо қилар эдилар. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йа, муқаллибал қулуби саббит қалбий аъла дийник (Ё, Қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни ўзингнинг динингда собит қил)” деб дуо қилар эдилар.
Қуръонни кўп тиловат қилишлик бизни Аллоҳга яқин қилади. Қуръонни ўқиш қанчалик савобли бўлса, уни тинглаш ҳам шунчалик савобли амаллардандир.
Шундай экан, Қуръонга мухлис бўлиб, уни тиловат қилганимизда ҳам, тинглаганимизда ҳам тадаббур қилайлик.
Даврон НУРМУҲАММАД