Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Апрел, 2025   |   21 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:37
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
19 Апрел, 2025, 21 Шаввол, 1446

“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (биринчи қисм)

09.09.2020   2693   9 min.
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (биринчи қисм)

Ғайридинлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашда мўътадил  ва мутаассибона ёндашув орасидаги  фикрлар 

Бугунги кунда турли экстремистик гуруҳлар муқаддас динимиз номидан амалга ошираётган хунрезликлари сабабли муқаддас Ислом динимиз мусулмон бўлмаганлар назарида тор доирадаги қолоқ дин сифатида баҳоланмоқда. Газета, журнал ва турли ахборот  воситалари орқали Ислом динига қарши турли кўринишларда бўлган глобал аксилташвиқотлар тарқатилмоқда. Экстремистик оқимлар келтириб чиқараётган оқибатларни муҳокамаси учун халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Айрим халқаро анжуманларда инсониятни ҳалокат  ва қирғинлардан муҳофаза қилиш шиори остида мусулмон жамиятларида бўлса-да, мусулмонликка ёт бўлган дастурий чораларга тарғиб қилинмоқда. Айрим ёшларини динимиз ҳақидаги  билимлари юзаки бўлгани боис мутаассиб ғоялар қаршисида иккиланиб қолмоқдалар. Чунки уларнинг назарида гўё ушбу экстремистик оқимлар асл мусулмонлардир. Айримлар Ислом динига адоватда бўлдилар ва Исломга терроризм ва жоҳиллик тамғасини қўймоқдалар. Муқаддас динимизга ушбу ёлғон тамғани босаётганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ғайридинлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашга доир амалий суннатларини бутунлай назардан қочирмоқдалар.        

Муқаддас динимиз бизни ғайридинлар билан нафақат ҳамжиҳатликда яшашга, балки, улар билан ислоҳотлар ўтказиш, ўзаро манфаат ва фикр алмашинувларида ҳам ҳамкорлик қилишга чақиради. Мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар орасида набавий суннат ўлароқ  жорий бўлиб келаётган ушбу жараён Ислом динининг нурли тонги отган замонларданоқ  бошланган эди. 
Шу нуқтаи назардан биз ушбу баҳсларимиз орқали бугун кўпчилик одамларни қизиқтираётган мазкур муҳим масалаларни Китоб ва Суннат асосида  атрофлича чуқур ўрганамиз. Воқеликда кўп учрайдиган – мусулмонлар қандай қилиб  ғайридинлар билан ҳамжиҳатликда яшаган, қандай қилиб турли дин эгалари орасида тинчлик ва хотиржамликни таъминлаган, бугун биз етиб келган жорий ҳолатимизнинг сабаби нимада? – қабилидаги саволларга жавоб топамиз.       

 Юқоридагилардан келиб чиқиб бу мавзудаги маълумотларни уч фаслга бўлиб ўрганамиз. 

1.  Мусулмонларни мусулмон бўлмаганлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашида  набавий суннатнинг тутган ўрни.  
2.  Экстремистик оқим аъзоларининг мусулмон бўлмаганларни қатл қилишдаги даъволари.  
3.  Экстремистик жамоаларнинг қилмишлари ортидан юзага келаётган вазият. Уларни жамиятнинг бошқа аъзолари билан муросага бормаслиги.

Дарҳақиқат, Ислом дини ўзининг шонли тарихи давомида мусулмонларни ғайридинлар билан бир жамиятда ҳамжиҳат бўлиб яшаши асосини ўрнатди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар жамиятида, улар билан бирга тинч-тотув яшаб келаётган кўплаб ғайридинларни учратишимиз мумкин. Қуръони Каримда   айни шу ҳукмга далолат қиладиган бир қанча оятлар нозил бўлган. Жумладан, Ҳужурот сураси 13-оятида шундай дейилади; 
“Эй одамлар! Биз  сизларни бир эркак ва  аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”.
Аслида ушбу ҳамжиҳатлик ва маданий алоқалар бутун инсоният  тарихи давомида мустаҳкамлаш учун уриниб келаётган энг олий ҳақиқатдир. Айни мазкур масалада мусулмон одам Ислом дини кўрсатмаларига мувофиқ ҳатто, ғайридин бўлган қўшниси билан ҳам яхши муомалада бўлган, унга зарар етказмаган. Гарчи унинг дину-диёнати бошқа бўлса ҳам, унга дўстона муносабатда бўлган. Ислом ўзининг дастлабки давридан бошлаб, аниқроғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат пайғамбари бўлиб келган даврдан эътиборан худди шу услубни бошлаб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин эса у зотнинг саҳобалари Расулллоҳнинг ушбу  амалиётлари, суннатларини  изчил давом эттирдилар. Улар улкан мамлакатларни фатҳ қилар эканлар, ўзга дин вакилларидан бирортаси мусулмонлар ҳукми остида яшашдан оғринмади. Чунки улар мусулмонлар жамиятида яшаган пайтларида ўзларининг иззат-нафси, аҳли оиласи, мол-мулклари тўлақонли ҳимоя остида эди.   Ғайридинлардан бўлган бирорта фуқаро ўзи билан бирор мусулмон шахс орасида юзага келган келишмовчиликдан  мусулмонлар маҳкамасига даъво билан чиқса-ю, ҳақиқат у томонда бўлса, маҳкама қозиси ҳеч бир  тараддудсиз ғайридин фойдасига ҳукм қилар эди. Бу каби оламшумул воқеаларга тарих кўп бора гувоҳ бўлган. Натижада ғайридинларнинг айримлари мусулмон бўлар, хоҳлаганлари  эса ўз динида бўлса-да эркин, ҳур қолар эди. Мусулмонлар томонидан уларга нисбатан зулм ва тажовуз қилинишига, уларни обрўсизлантиришга асло йўл қўйилмас эди. Муборак ҳадиси шарифларда “инсонни инсонга қул бўлиши йўқдир. Чунки уларнинг оналари уларни ҳам ҳур ҳолатда туққандирлар” дейилган олий инсоний меъёр мусулмонлар ҳаётида ўз ифодасини топган эди.   
Имоми Аҳмаднинг “Муснад”ларида Абу Умомадан қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Аллоҳ Таолони ёлғиз деб билган, хулқда олийжаноб, бағрикенг бўлган дин билан жўнатилдим”, дедилар”. 

Қуръони каримдан далиллар

Китоб ва суннатда бу  масалаларга оид яна кўплаб далиллар мавжуд. Жумладан:
  1.  “Динга мажбур қилиш  йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради”. ( Бақара, 256 ) 
  2.  “Шунинг учун ҳам Бани Исроилга “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, гўё барча инсонларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса (ҳаётини сақлаб қолса) гўё барча инсонларни  тирилтиргандек бўлади”- деб ёздик”. (Моида, 32).
3. “Албатта,  Аллоҳ  сизларга омонатларни ўз аҳлига етказишларингизни ва агар  одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат билан ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши  ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчи ва кўрувчидир”. (Нисо, 58).
 4. “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли  гувоҳ  бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз  сизларни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолатли бўлингки, ана шу иш тақвога энг яқин ишдир. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ўта хабардордир” (Моида, 8).
5. “Аллоҳ сизлар билан диний уруш қилмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан қувиб чиқармаган қавмларга яхшилик қилишдан, уларга адолат кўрсатишдан сизларни  қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради”. (Мумтаҳана, 7).

Ушбу ояти карималардан маълум бўлишича, Ислом шариати том маънода жамиятда адолатни талаб қилади. Одамларни  диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар,  ҳаммага бирдек айни талабни қўйилиши Исломнинг улуғворлигидир. Оятларни чуқурроқ ўргансак, бир инсоннинг ўлими ҳатто, умумбашарият ўлими, унинг ҳаётининг сақлаб қолиниши эса умумбашарият ҳаётини сақлаб қолинишига тенглаштирилмоқда. Бошқа динлардан фарқли ўлароқ, ушбу Қуръоний кўрсатмалар фақат мусулмонларгагина хос қилинмади. 

 Инсофли тарихчилар томонидан ёритилишича, мусулмонлар китоб ва суннати набавия келтирган нурли манҳажда яшаган даврлар ҳар томонлама  тараққиёт даври бўлди. Бугунги кунимизда атайлаб  Ислом динига боғланаётган халқаро терроризм ва вайронкорликларни динимиз  бутунлай қоралайди. Уларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин  динимизга туҳматдир. 

Бугуннинг манзараси  

Бугунги кунда дунё саҳнасига чиқаётган янги авлод орасида бир турфа жамоалар пайдо бўлди. Улар жамиятларни вайрон қилиш, мусулмон ва ғайридинлар орасига низо уруғини сочиш билан банд бўлмоқдалар. Афсуски улар ҳар қандай ишга ҳам рухсат бераверадиган, ҳар қандай яхшиликдан  кўз юмиб кетадиган, ҳар қандай қабиҳликни ҳам қилаверадиган  экстремистик гуруҳлар бўлиб шаклланди.

Уларнинг асосий даъволаридан бири дин ва ақидада ўзларига мухолиф бўлган томонни душман деб билишдир. Шунинг учун ҳам улардан кўпчилиги ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофир деб уларнинг молу жонларини ўзларига ҳалол қилиб олмоқдалар.  Улар Ислом жамиятлари ва мусулмонлар ҳақида шу каби ҳукм чиқарганидан кейин  ғайридинлар ҳақида қандай йўл тутиши ҳаммага маълум. 

Улар ўз ҳаракатлари билан  асри саодатдан бери давом этиб келаётган – мусулмонларни ғайридинлар билан ҳам бир жамиятда  ҳамжиҳат бўлиб яшашидек буюк исломий манҳажни ўзгартириб юбордилар.  Оқибатда  жамият аъзолари орасида ўзаро душманлик кайфияти вужудга келди. Бир вақтлар икки хил диёнат эгалари орасида ўзаро узилиш ва ҳеч қандай адоват бўлмаган аслий фитрат ўзгариб кетди. Мусулмонлар ўз зиммаларидаги ғайридинларнинг қўшничилик ҳақларини ҳам эсдан чиқардилар.  Мусулмонлар ҳатто гўзал мавъиза, чиройли даъват устига қурилган Қуръоний кўрсатмаларни-да назардан қочирдилар.   
“Роббингни йўлига ҳикмат ва чиройли панду насиҳат билан даъват эт. Улар билан энг гўзал услубда мунозара олиб бор”. (Наҳл, 125)
Ҳозирда экстремистик оқим намоёндалари ўзига мухолиф бўлган мусулмон ва мусулмон бўлмаган жамиятлар орасида турли теракт амалиётларини уюштирмоқда. Мусулмон бўлмаган давлатларда чет эл элчихоналари ва черковларни портлатиб юбормоқда. Америка ва Европа давлатларида кемаларни гаровга олмоқда. Давлатлараро кенг қўлланиладиган ўзаро  ишонч ва ҳамкорлик ришталарини узмоқда. Бугунги кунимизда мусулмон бўлмаганлар уларни қилмишларини кўриб, гўё Ислом дини мана шундай вайронкор  ва зўравонлик дини деб тушунмоқдалар. Турли экстремистик оқимларнинг бу кирдикорлари Қуръони карим оятларига мутлақо  хилофдир. Яъни аслида улар инсонни молу мулки, иззат-нафси, қони, қўшничилик ҳақи ва ҳурриятини муҳофазасига қаратилган Ислом асосларига хилоф иш қилмоқдалар.
(Давоми бор)

 “Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан Тоҳир Воҳидов таржимаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мусҳафи шарифни жузларга тақсимлаш: тарихи ва ҳикматлари!

18.04.2025   3635   14 min.
Мусҳафи шарифни жузларга тақсимлаш: тарихи ва ҳикматлари!

      Рамазон ойида — Қуръон ойи — мусулмонларнинг Аллоҳ таолонинг китобига бўлган эътиборлари янада ортади. Улар Қуръоннинг нурлари ила қалбларини ундаги шаҳват кирларидан покланиши, кўнгилларига ўрнашган ҳар қандай шак-шубҳа пардаларини олиб ташланиши умидида бўладилар. Дарҳақиқат, қалблар Қуръони карим нури билан пайваста бўлмас экан, унда турли шубҳаларнинг қатлам-қатлам бўлиб тўпланиши табиий. Қачонки Қуръоннинг файзли нури қалбга тушиб уни ёритса, шу заҳоти қалбдаги фитналар булути Аллоҳнинг изни ила тарқалиб кетади. Бунинг барчаси банда қалби билан тадаббур саҳнасига қанчалик ихлос ва ҳузур билан кириб боришига боғлиқ.

        

Рамазон ойида мусулмонлар Қуръоннинг 30 пора (жуз)ига боғланиб, ҳар куни бир жуз ёки ундан ортиқ ўқишни мақсад қилиб қўйишади. Шундай қилиб ой охиригача, ҳеч бўлмаганда, бир марта Қуръонни хатм қилишни уддалашади. Бу эса, мусулмон кишини "Қуръонни тарк этганлар" қаторидан чиқаради.

    
     Сиз ҳеч қачон шундай саволни ўзингизга бериб кўрганмисиз: Мусҳафи шарифни 30 жузга тақсимланиши қачон ва қандай юзага келган? Қуръони каримга бу тарзда хизмат қилишда қориларнинг саъй-ҳаракатлари қандай бўлган?


         Аллоҳ таоло бу умматга энг буюк Китобни энг буюк Расул (саллаллоҳу алайҳи васаллам) орқали нозил қилиш билан буюк неъмат ато этди. Уммат эса бу илоҳий неъматни муносиб тарзда қабул қилди. Умматнинг уламо ва қорилари бор куч-ғайратларини бу азиз китобга хизмат қилишга бағишладилар. Бу хизматнинг меваси сифатида Қуръонни осон ўрганиш, ёдлаш ва ўқишни таъминлайдиган тақсимот усуллари яратилди. Бу усуллар Қуръон ўқувчида куч пайдо қилади, завқ беради, зерикмай ўқишни таминлайди.


         Маълумки, Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан оят ва сураларга бўлиб нозил қилинган. Бунинг ҳикматлари кўп. Имом Замахшарий бунинг сабабини қуйидагича тушунтирганлар: “Агар, Қуръоннинг сураларга бўлиб ажратилишидан нима фойда?-деб сўрасангиз, мен айтган бўлардимки, Қуръоннинг сураларга бўлинган ҳолда нозил қилиниши бир неча фойда ва ҳикматларга эга. Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати ила бошқа самовий китоблар — Таврот, Инжил, Забурни ҳам мана шу услубда нозил бўлган. Илм аҳллари ҳам ҳар бир фанга оид китобларини ёзганларида уларни ҳам бобларга бўлиб, ҳар бобга сарлавҳа қўйишга одатланганлар. Бунинг сабаби шундаки, бир мавзудаги нарса бир неча бўлим ва синфларга ажратиб баён этилиши, ўша мавзудаги баённи янада равшанроқ ва таъсирлироқ қилади. Шунингдек, қори бир сурани тугатиб, бошқасига ўтганда, унда янги руҳ ва қизиқиш пайдо бўлади. Бу ҳудди сафарга чиққан одам мисолига ўхшайди: у қанча йўл босганини - бир чақирим, ўн километр ва ҳоказо - билиб туриши, сафарни яна давом эттиришга руҳлантиради. Шу сабабли қори ва уламолар Қуръонни ҳафталик ҳафтаномалар (сабъа) ва бўлимларга — жуз, ўнлик, бешлик каби шаклларда тақсим қилишган. Ёдловчи учун ҳам бу қулайлик туғдиради. Агар битта сурани ёки иккита сурани ёд олса, Қуръондан тўлиқ бир бўлакни ёд олганидан қувонади. Бу эса унинг Қуръоннинг кейинги қисмларини ёд олишига рағбат ҳиссини уйғотади. Шунинг учун саҳобалар “Бақара” ва “Оли Имрон” сураларини ўқиганларни улуғлар эдилар. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Агар бир киши Бақара ва Оли Имронни ўқиб тугатса, бизни наздимизда улуғ киши деб қаралар эди". Шунинг учун ҳам намозда тўлиқ бир сурани ўқиш афзаллиги келиб чиққан. Шунингдек, тақсимот маънолар уйғунлигини, услубнинг уйқашлигини таъминлайди ва маънолар бир-бирига боғланади.”


         Аввал бошда қори саҳобийлар Қуръон сураларини ҳафталик қилиб етти қисмга (ҳизб) бўлишган. Ҳар бир ҳизбда маълум сондаги суралар бўлиб, ҳафта давомида бутун Қуръонни хатм қилганлар. Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Авс ибн Ҳузайфа разияллоҳу анҳу саҳобалардан: “Қуръонни қандай тарзда ҳизбларга ажратгансизлар?”-деб сўради. Улар айтдилар: “Учта, бешта, еттита, тўққизта, ўн битта, ўн учта ва муфассал суралар (Қоф сурасидан то Нос сурасигача).” Ушбу ривоятда баён этилишича саҳобалар даврида Қуръонни ҳизбларга тақсимлаш қуйидаги тартибда бўлган:

1. 1-ҳизб: Бақара, Оли Имрон, Нисо — 3 сура.

2. 2-ҳизб: Моида, Анъом, Аъроф, Анфол, Тавба — 5 сура.

3. 3-ҳизб: Юнусдан Наҳлгача — 7 сура.

4. 4-ҳизб: Исроъдан Фурқонгача - 9 сура.

5. 5-ҳизб: Шуароъдан Ёсингача - 11 сура.

6. 6-ҳизб: Саффотдан Ҳужуротгача - 13 сура.

7. 7-ҳизб: Қофдан Носгача - 65 сура.


         Шаксиз, бу “еттилик” тақсимот Қуръон хатмини осонлаштиради. Бироқ, ҳар бир қори ҳам ҳафтада хатм қилишга қодир эмас. Вақти чекланган, кучи етишмайдиган кишилар ҳам бор. Шунинг учун кейинги даврларда Қуръонни янада осон хатм қилиш имконини бериш мақсадида яна бошқа усуллар ишлаб чиқилди. Суралар сонига эмас, балки матн ҳажми ва бошқа  асосларга таянган ҳолда янгича тақсимотлар вужудга келди.


         Ҳижрий 110 йили вафот этган ҳукмдор Ҳажжож ибн Юсуф замонига келиб Қуръонни бошқача усулда тақсимлаш истаги пайдо бўлди. У ҳам бўлса Қуръон ҳарфлари сонидан келиб чиқиб тақсимлаш усулидир. Бунинг учун Ҳажжож ибн Юсуф уламолар ва қориларни чақириб, Қуръондаги ҳарфлар сонини аниқлашни буюрди. Улар Қуръондаги ҳарфларни санаб, сонини аниқладилар ва кейин бу ҳарфларни тенг икки қисмга бўлишди. Шунингдек, Қуръонни учга, тўртга ҳам бўлиш ишларини амалга оширишди. Ибн Абу Довуднинг «Масоҳиф» китобида қуйидагича ривоят келтирилган: «Ҳажжож ибн Юсуф ҳофизлар ва қориларни йиғиб: “Менга Қуръонда нечта ҳарф борлигини айтинглар,” деди. Улар ҳисоблай бошлаб, шундай хулосага келишди: Қуръон 340 740 дан ортиқ ҳарфдан иборат. Ҳажжож яна сўради: “Қуръоннинг ярми қайси ҳарфда тугайди?” Улар ҳисоблаб, Қуръоннинг ярми Каҳф сурасидаги {وَلْيَتَلَطَّفْ} (19-оят) сўзининг “ف” ҳарфига тўғри келишини айтишди. Сўнг у: “Ҳарфлар сони бўйича етти қисмга бўлиниши қай тарзда бўлади?”- деб сўради. Яҳё деди: “Ҳарфлар сонига кўра қуйидагича бўлинади”:

Биринчи қисм: Нисо сурасидаги {فَمِنْهُمْ مَنْ آمَنَ بِهِ وَمِنْهُمْ مَنْ صَدَّ} (55-оят), “د” ҳарфида тугайди.

Иккинчи қисм: Аъроф сурасидаги {أُولَئِكَ حَبِطَتْ} ت ҳарфида тугайди.

Учинчи қисм: Раъд сурасидаги {أُكُلُهَا دَائِمٌ} (35-оят), “أ” ҳарфида.

Тўртинчи қисм: Ҳаж сурасидаги {لِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنسَكًا} (67-оят), “أ” ҳарфида.

Бешинчи қисм: Аҳзоб сурасидаги {وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ} (36-оят), “ه” ҳарфида.

Олтинчи қисм: Фатҳ сурасидаги {ٱلظَّانِّينَ بِٱللَّهِ ظَنَّ ٱلسَّوْءِ} (6-оят), “و” ҳарфида.

Еттинчи қисм: Қуръоннинг қолган қисми.

Сўнгра Ҳажжож: “Қуръоннинг учдан бири қаерга тўғри келади?”-деб сўради. Улар жавоб беришди:

Биринчи учдан бир қисми: Бароат (Тавба) сурасининг 100-оятининг боши.

Иккинчи учдан бири: «То Сийн Мийм» (Шуъаро) сурасининг 111-оятининг боши.

Учинчи учдан бири: Қуръоннинг қолган қисми.

Абу Муҳаммад Ҳаммоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳажжож биздан Қуръоннинг тўртдан бир қисмини ҳам сўради. Улар жавоб беришди:

Биринчи тўртдан бири: Анъом сурасининг охири.

Иккинчиси: Каҳф сурасидаги {وَلْيَتَلَطَّفْ}. 19-оятда.

Учинчиси: Зумар сурасининг охири.

Тўртинчиси: Қуръоннинг қолган қисми.”

Мутоҳҳар ибн Холид Абу Муҳаммад Ҳаммонийдан ривоят қилади: “Биз буни тўрт ойда ўрганиб чиқдик. Ҳажжож эса уни ҳар кеча ўқир эди.”


         Кейинчалик имом Абу Бакр ибн Айёш ал-Куфий (ҳ. 194 йил вафот этган) Қуръонни ҳарфлар сонига асосан 30 қисмга (жуз) бўлди. Бу тақсимотда ҳар бир жуз (қисм) да ҳарфлар сони тенг бўлишига эътибор қаратилди. Шу тариқа, бир ойда Қуръонни тўлиқ хатм қилиш осонлашди.


         Шундай қилиб, Қуръонни ҳарфлар асосида тенг бўлиш ғояси Ҳажжож замонида бошланган, кейинги уламолар эса буни ривожлантириб борганлар. Абу Бакр ибн Айёш буни 30 қисмгача кенгайтирган. Демак, Қуръонни 30 қисмга бўлиш Ислом тарихининг иккинчи асридаёқ мавжуд бўлган.


         Бу охирги — 30 қисмли тақсимот энг кенг тарқалган ва оммалашган бўлиб, шунга кўп омиллар сабабчи бўлган. Энг муҳим сабаблардан бири — унинг ой кунлари сонига мос келиши, хусусан, Рамазон ойида ҳар куни бир жуз ўқиб, Қуръонни бир ойда хатм қилиш имкони бўлгани.


Айрим манбаларда Қуръоннинг 20 қисмли тақсимоти ҳам борлиги зикр этилади, бу шакл ҳозирда Миср Миллий кутубхонасида сақланмоқда.


Қуръонни 30 қисмга (жуз) бўлиш натижасида ҳар бир жуз алоҳида ажратиб олиниб, масжидларда махсус қутиларга солиб қўйилади ва истаганларда бир жуздан тарқатиб берилади, шу тариқа бир жамоа кишилар Қуръонни бирга хатм қилишга муваффақ бўладилар.  Айниқса Рамазонда, жамоат учун махсус қути (рубъа)ларга жойлаштирилган Қуръон жузларга ажратилган ҳолда тақдим этилади. Бу жамланма «рубъа» деб номланади. Луғатда «рубъа» — теридан бўлган идиш ёки қути демакдир. Бу осонлаштириш яна бир енгилликка олиб келди — бу галги енгиллик Қуръонни ёд олувчилар (ҳофизлар) учун мўлжалланган эди. Яъни, ҳар бир жуз (қисм) — икки ҳизбга бўлинган бўлиб, бирини кундузи, иккинчисини кечаси ўқиш мумкин. Ҳар бир ҳизб — тўртта рубъга (1/4) бўлинган. Бу усуллар Қуръонни нафақат ўқиш, балки ёд олишни ҳам осонлаштирди.


         Шу охирги тақсимлаш асосида Қуръон мусҳафлари чоп этилган. Ушбу тақсимлаш усулида қори ва уламолар орасида энг мақбул ва кенг қабул қилинган оятлар сони асос қилиб олинган. Масалан: Илк мадиналиклар Қуръонни 6000 оят деб ҳисоблашган, мутааххир мадиналик олимлар — 6124 оят, мутааххир маккаликлар — 6219 оят, куфаликлар — 6263 оят, басраликлар — 6204 оят, шомликлар — 6225 оят деб ҳисоблашган.


         Таъкидлаш лозимки, Қуръоннинг оятлари сони борасидаги ушбу ихтилофлар мазҳаблар орасидаги ихтилофдан келиб чиққан.

Бу борада Ас-Сафақсий ўзининг "Ғайс ан-нафъ" китобида ўзидан олдин ўтган икки муҳаққиқ олимларнинг гапини асос қилиб келтиради. Улар: 1. Абу Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Қасталоний — "Латоиф ал-ишарот фи илм ал-қироат" китобининг муаллифи, 2. Қодирий Муҳаммад — "Мусъиф ал-муқриийн" китобининг муаллифи. Ас-Сафақсий ушбу олимларга таяниб, энг мақбул ва иттифоқ қилинган фикрни танлади. Шундай қилиб, Мисрда чоп этилган сўнгги Қуръон нашри айнан шу асосда тайёрланди. Бу нашрда жуз, ҳизб ва рубъларни белгилайдиган четки белгилар (ишоралар) ҳам киритилди.


Кейинчалик, турк уламолари жузларни шундай бўлишни таклиф қилдиларки, ҳар бир жуз 20 саҳифадан иборат бўлсин ва ҳар саҳифада 15 сатр бўлсин. Бу эса кундалик намознинг ҳар бир ракаатида бир саҳифа ўқиш имконини беради. Мусулмон киши шу тарзда, кунлик беш маҳал фарз намозларнинг аввалги икки ракатида Фотиҳадан кейин ўқиладиган зам сура ўрнида ва суннат (равотиб) намозларининг ҳар ракатида бир саҳифадан ўқиса, кун давомида бир жузни ўқиб чиқиши мумкин бўлади. Шу билан бир ойда беш вақт намозлар орқали Қуръонни хатм қилиш имконияти пайдо бўлади.


         Бунинг яна бир фойдаси — таровеҳ намозларига тааллуқлидир. Тўрт мазҳабда мақбул бўлган фикрга кўра, таровеҳ намози 20 ракатдан иборат. Шунинг учун, мусҳафни тайёрловчилар ҳар жузни 20 саҳифадан иборат қилдилар, шу билан ҳар кеча бир жузни ўқиш осонлашади ва ой охирида Қуръон хатм қилинади. Бу усул ҳозирги кунда Мадина мусҳафида қўлланилмоқда.


         Хулоса.

         Қуръонни ҳарфлар сонига асосан жузларга тақсимлаш ғояси Ҳажжож замонида бошланган. Ундан сўнг иккинчи асрда имом Абу Бакр ибн Айёш Қуръонни 30 қисмга бўлди. Кейинчалик ҳар бир жуз икки ҳизбга, ҳар бир ҳизб тўртта рубъга бўлинди.

    
     Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлишида сура ва оятларга тақсимланди. Мусҳаф шаклида жузларга тақсимлаш бир неча босқичда амалга оширилди: саҳобалар давридаги ҳафталик бўлишдан тортиб, ҳозирги кундаги 30 жуз, 60 ҳизб ва 240 рубъгача. Бу тақсимлаш асосан Қуръон ҳарфларининг сонига асосланган.


         Бунинг кўплаб фойдалари бор: ўқиш, ёдлаш, ўрганишни осонлаштиради, Қуръон ўқиш тартибини аниқлайди, Рамазон ойида ва кундалик намозларда тўлиқ хатм қилишга ёрдам беради.


         Аллоҳ таолонинг Ўзи мусулмон умматининг ақлига ўз Китобига хизмат қилиш ва унинг аҳлига енгиллик яратиш йўлида ҳикматлар ва фойдаларни илҳом этди, алҳамдулиллаҳ.

Доктор Ҳоний Маҳмуд Ҳасандан 
Ҳомиджон Ишматбеков таржимаси
 

Мақолалар