Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Декабр, 2024   |   27 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
28 Декабр, 2024, 27 Жумадул сони, 1446

Фатҳулла Масъудов: Имом Бухорий образини ижро этиш орзуйим

9.09.2020   2511   4 min.
Фатҳулла Масъудов: Имом Бухорий образини ижро этиш орзуйим

Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримнинг Анкабут сураси, 57 оятида шундай марҳамат қилади:  

“Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир”.

Ўлим ҳар кимнинг бошида бор. Аммо, уламолар яхши, солиҳ инсонларнинг узоқ умр кўриши жамият учун манфаатлидир деганлар.

Ўзгалар ғами учун қайғуриб яшаган, ҳуснихулқ соҳиби, маърифат ва маънавият тарғиботчиларидан бири, маданият соҳасида кўп йиллар самарали хизмат қилган Ўзбек Миллий академик драма театри раҳбари, халқ эътиборига тушган инсон Фатҳулла Маъсудов вафот этди.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин!

Яқинлари Фатҳулла Маъсудовни ўзгача таъсирот билан ёдга олмоқда. Бу инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга,  динга, уламоларга ва маърифатга муҳаббатли бўлганлигини эътироф этадилар.

"Имом Бухорий ва Имом Термизийга бўлган юксак ҳурмати ва ўзгача ғойибона меҳри бор эди. Шунданми, ундаги одоб, ўзгаларга бўлган илиқ табассум ва гўзал муносабат, айниқса гўзал аҳлоқи жуда кўпчиликни ҳавасини келтирарди. Одамларга қўлдан келганча холис, самимий яхшиликлар қиларди, фарз ва суннатларга мустаҳкам бўлишга интиларди", дейди дўстларидан бири.

Шу йилнинг февраль ойи бошида аждодлар меросига бағишланган қисқа метражли филм суратга олишни бошладик. Тарихий қаҳрамонлар образлари учун мос либослар ва реквизитлар керак бўлди. Бир нечта жойларга мурожаат қилдик... Афсуски натижа бўлмади. Миллий театр телефон рақамларини топиб қўнғироқ қилдик ва ходимлар директор Фатҳулла акадан рухсат олиш кераклигини айтиб уяли телефон номерларини берди.

Қўнғироқ қилдик, Фатҳулла ака эса одоб ва чиройли муомала билан “қўлимдан келганча холис хизмат қилишга тайёрман, эртага театрга келинг”, деб жавоб бердилар. Очиғи машҳур инсон мухлислари кўп санъаткордан бундай чиройли муносабат ва муомалани кутмаганлигим сабаб бироз ҳайратга тушдим...

Эртасига театрга бордик, бизни дарвозаданоқ илиқ кутиб олишди ва Ахрор исмли Фатҳулла аканинг ёрдамчиси нима лозим бўлса ҳаммасини имкон қадар тайёр қилиб беришини айтди: “Фатҳулла ака менга қаттиқ тайинлаганлар, мен хизматингиздаман” деди.

Ўзимизга керакли нарсалар, либослар ва реквизитларнинг рўйхатини бердик. Ишни гримёр (юзни тарихий шахсга хос қилиб безайдиган шахс) хонасидан бошладик. Пардозчи грим, салла-соқоллар ва хизмат ҳаққи қиммат туришини таъкидлади. Шу пайт Ахрор ака Фатҳулла акага қўнғироқ қилди ва Фатҳулла ака телефон орқали пардозчиларга биз учун хизматилар бепул эканлигини тушунтириб сўзи охирида: Саидаброржон дин ва маърифат учун қўлимдан келганча холис хизматдаман, агар биздан топилмаса бошқа жойдан бўлса ҳам топиб бераман, ҳаққимизга дуода бўлсаларингиз бўлди. Аллоҳ бизларни йўлидан адаштирмасин, мағфират қилсин” – дея таъкидлаб ўтди.

5 кун мобайнида ҳар куни театрга бориб грим қилдирдик ва либосларни олдик, ҳамма биз учун холис хизматда. Кунларнинг бирида Фатҳулла ака қўнғироқ қилиб камчиликлар йўқми дея сўраб қолди. Мен ҳаммаси жойида раҳмат дедим. Имом Бухорий ролини ким ўйнаяпти деб сўраб қолдилар, Институт талабаларидан бири дедим. “Агар имкони бўлса шу образни мен ижро этсам, бир умрлик орзуларимдан бири эди” деди. Биз рози бўлдик. Аммо, тақдир экан Фатҳулла ака вилоятларга сафарга кетадиган бўлиб қолди ва қўнғироқ қилиб узр сўради.

Тасвирга олиш якунланганидан сўнг Фатҳулла акага миннатдорлик билдириб ёрдамлари учун Қуръони карим ва ҳадис китобини совға қилдик. Жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар. Ўша онда уларнинг сўнги марта менга айтган гаплари ҳали ҳам қулоғимда чалиниб туради:

“Биз ким бўлишимиздан, қайси касб эгаси эканлигимиздан, мавқе ва бой-камбағаллигимиздан қатъий назар Аллоҳникимиз ва бир кун албатта Аллоҳнинг Ўзига қайтамиз. Шу фикрни онгимиз ва қалбимизга сингдириб унга амал қилиб яшашни ва уни халқимизга ҳам етказиб беришни ўзимга фарз ва қарз деб биламан”.

Аллоҳ таоло марҳумнинг қилган яхши амалларини ўзига ҳамроҳ қилиб, Ўз жаннатидан жой ато этсин! Фарзандлари ва аҳлига сабру жамил берсин! 

 

Саидаброр Умаров 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз?

25.12.2024   2651   4 min.
Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

Бугун сиз азизларга сўзлаб берадиган ҳикоям Макка шаҳрида бундан бир неча юз йиллар олдин содир бўлган ҳаётий воқеа ҳақидадир. Бу воқеа билан Саудияда нашр этиладиган газеталардан бирида танишганман.

Умра ибодатини адо этиш учун Макка шаҳрига борганимда газетадаги “Нима учун нурингни ортингда қолдирдинг?” деган мақолага кўзим тушди. Бу қизиқарли сарлавҳа мени ўзига жалб қилди. Бу нима дегани экан деб қизиқдим. Ҳикояни ўқиб, унинг мазмунини англадим.

Қадим замонда ўта бадавлат одам яшаган экан. У пайтлар қуллик даври эди. Бу бойнинг ҳам барча шахсий ишларида унга хизмат қиладиган қули бор эди.

Бомдод намозига азон айтилганда, хизматкор таҳорат учун сув тайёрлар ва хўжайинини уйғотарди. Таҳоратга ёрдамлашиб бўлгач, милтиллаб ёнадиган фонуси билан йўлини ёритиб масжидга олиб борарди. Бу даврларда ҳали электр ток, чироқлар йўқ, йўллар зимистон, чанг, кўчаларда тош ва чуқурлар кўп эди.

Шу зайлда қул 20 йилдан ортиқ хўжайинига хизмат қилди. Кунларнинг бирида одатдагидек бомдод намозига кетишаётганида бой юришдан тўхтаб, жойида бироз жим туриб қолди-да, кейин: “Гапларимни эшит эй Саид”, деди. Қулнинг исми Саид эди.

Бой: “Эй Саид, мен васиятномамда вафот этганимдан кейин меросхўрларим сени озод қилишларини ёздим. Бу сенга 20 йилдан бери менга қилган содиқ хизматларинг учун мукофот бўлади”, деб айтди.

Лекин бу гапдан Саид хурсанд бўлмади, хўжайинига ташаккур ҳам изҳор этмади, ҳатто бир оғиз сўз ҳам айтмади.

Эртаси куни яна одатдагидек масжид томон фонусни ёқиб йўлга тушишди. Аммо бу сафар ҳар гал хўжайиннинг йўлларини ёритиб кетадиган хизматчи орқа томонга ўтиб олганди. Хўжайин нега бундай қилаётганини тушунмай: “Нега орқамдан кетаяпсан? Саид сенга нима бўлди? Нега олдинда йўлни ёритиб кетмаяпсан?” деб сўради.

“Чунки сиз нурингизни ортда қолдирдингиз. Ҳаётлик вақтингизда эмас, балки вафот этганингиздан кейин мени озод қилишингиз ҳам худди шунга ўхшайди. Тириклик вақтингизда мени озод қилишни ўйламадингиз. Энди вафот этганингиздан кейин мени озод қилишга ваъда беряпсизми? Сиз қачон вафот этаркансиз, мен шунда тезроқ озод бўламан деб ўйлаб юришимни истайсизми? Мен учун сизнинг умрингиз узоқ бўлса-ю, сизнинг хизматингизни қилсам. Мен шундоқ ҳам умрбод сизга содиқ хизмат қилмоқчи эдим. 20 йилдан бери хизматингизда бўлаётган бўлсам, бирор марта мени озод қилишингиз ҳақида айтмагансиз. Лекин энди айтишингиз гўёки сизнинг вафотингизни кутаётгандек бўламан. Нега нурингизни олдингизда эмас, ортингизда қолдирдингиз?”.

Бу гапларни эшитиб бой одам қаттиқ таъсирланди. Унга: “Эй Саид шу дақиқадан эътиборан сен озодсан”, деди. Саид унинг бу таклифини рад этиб: “Мен сизнинг итоаткор хизматкорингизман”, деди.

Ушбу қиссадан қандай ибрат олинади. Кўпчилик ўз нурини олдида эмас, балки ортида қолдиради. Бу нима дегани? Айримлар: “Бой бўлсам фалон-фалон ишларни қиламан”, “Вафот этсам камбағалларга тўплаган бойликларимни тарқатишади”, “10 йилдан кейин фалон ишларни қиламан” дейишади. Нега ўша ишларни ҳаётлик вақтингизда, имконингиз борида қилмайсиз? Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз, олдингизда эмас. Нега яхшиликлар қилишни узоқ йилларга сурамиз. Имкон борида дарҳол яхшилик қилиш ҳақида ўйламаймиз? Бирор яхшилик қилишни имконингиз борми, уни ҳозир қилинг, шунда нурингиз олдинда бўлади. Нурингизни асло орқада қолдирманг!

Мақоланинг видеолавҳа шакли

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

 

Мақолалар