Ҳакимлардан бирини дўсти зиёрат қилди. Унинг олдида айрим биродарлари тўғрисида у-бу деб гапириб қўйди. Ҳаким айтди: “Зиёфатни бекор қилдинг. Бу билан учта жиноят қилдинг, биринчи, биродаримни ёмонладинг; иккинчи, бўш қалбимни машғул этдинг; учинчи, ўзингни чақимчига чиқардинг” деди.
Каъбул Аҳбордан (Аллоҳ ундан рози булсин) ривоят қилинди. «Бани Исроил қабиласига қаҳатчилик келди. Мусо алайҳиссалом қабила аҳли билан уч марта сув сўраб чиқдилар. Уларга сув берилмади. Шундан сунг Мусо алайҳиссалом: “Эй Раббим, бандаларинг сувсизлик ва очликдан Сенга уч марта зорланиб, илтижо қилиб, нажот беришингни сўрадилар. Сен уларнинг илтимосларини, дуоларини ижобат қилмадинг!” дедилар. Аллоҳ таоло унга деди: “Эй Мусо! Мен сенинг ва сен билан бўлган қавмларингнинг дуоларини ижобат қилмайман. Чунки сизларнинг орангизда чақимчи бор. У чақимчиликни узлуксиз давом эттириб келяпти”. Мусо алайҳиссалом сўрадилар: “Ким у? Бизлар уни орамиздан чиқарайлик”. Аллоҳ: “Эй Мусо! Сизларни чақимчиликдан қайтармадими? Ҳаммаларингиз тавба қилинглар!” деди. Ҳаммалари тавба қилишди. Шундан сунг, Аллоҳ уларга сув берди».
Фақиҳлардан бири айтади: “Сизнинг олдингизга бир киши келиб, фалончи сизни бу ундай, бу бундай, деб гапирди”, деб кетиб қолса, сизга олти нарса вожиб бўлади.
Биринчи, уни тўғри дея топманг. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб куйиб, қилган ишларингизда афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниклаб - текшириб кўринглар”.
Иккинчи, сиз уни бу ишдан қайтаринг, чунки бундай қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Одамлар чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳий мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят)
Учинчи, Аллоҳ йўлида уни ёмон кўринг, чунки осийни ёмон куриш вожибдир.
Туртинчи, биродарларингизга ёмон гумонда бўлманг. Чунки гумон қилиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта айрим гумонлар гуноҳдир!” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Бешинчи, жосуслик қилмаслик. Чунки Аллоҳ таоло Каломуллоҳда жосусликдан қайтарди.
Олтинчи, чақимчиликка рози бўлманг ва ўзингиз ҳам уни қилманг. Чақимчи олиб келган ҳабарни бошқага айтманг. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчилар жаннатга кирмайдилар” деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни офиятда сақласин, чақимчилик офатидан ўз панохида асрасин.
Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандийнинг
«Танбеҳул ғофилийн» китоби асосида
Имом Термизий билим юрти 2-босқич талабаси
Муродулло Чориев тайёрлади.
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан