Кеча Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов фахрий имомлар – Маҳмуджон домла Ибодуллаев ва Ҳабибуллоҳ домла Бойқобиловлар билан бирга Тайлоқ туманидаги “Маданият” жоме масжидини кўздан кечирдилар.
Зайниддин домла Эшонқулов жомедаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш чоғида масжид биноси гўзал наққошлик намунаси асосида безатилгани, намозхонлар учун тайёрланган шароитлар кўнгилни хушнуд қилишини таъкидладилар. Шунингдек, мўмин-мусулмон халқимизга янада қулайликлар қилиш, пандемия қоидаларига тўлиқ риоя этиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар бердилар.
Шундан сўнг жамоат билан пешин намози адо этилди. Ташриф сўнгида фахрий имом Маҳмуджон домла Ибодуллаев ушбу масжид қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилиши ва унинг қурилишида жонбозлик кўрсатаётган саховатпеша инсонларга яхшиликлар сўраб дуои хайрлар қилинди.
Маълумот учун, шу йил бошида “Маданият” жоме масжиди янги биноси миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарига тўла мос ҳолда қайта қурилиб намозхонлар ихтиёрига топширилган эди. Ҳозир масжид таҳоратхонаси қайта қурилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳакиму уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ шундай дер эдилар: "Қалбга, бирон яхши амални қилиб олай, деган ўй келиши сўфийлар истилоҳида "ворид" дейилади. Яъни, мен шу савоб ишни қилай, намоз ўқиб олай, таҳажжудга турай, садақа берай, биродаримга ёрдам қилай, дўстимнинг ғамини кетказай деган ўйлар келишини "ворид" дейдилар.
"Ворид" Аллоҳ таоло тарафидан келган меҳмондир. Агар сен бу меҳмонни бироз бўлса ҳам иззат қилсанг, меҳмоннавозлик кўрсатсанг, у ҳолда у яна келади. Қайси яхши амални қилиш фикри қалбингга келса, ўша заҳоти уни бажариш меҳмоннавозликдир. Агар сен бир марта меҳмоннавозлик қилмасанг, у меҳмон жуда ҳурматга сазовор бўлгани сабабли ҳузуринга бошқа келмай қўяди. Унинг қайтиб келмай қолишидан паноҳ сўрагин. У меҳмон қайтиб келмай қолиши дегани, энди қалбга яхши амал қилиш фикри келмайди деганидир. Аллоҳ таоло бундай ҳолдан Ўзи сақласин. Қалбга муҳр босилса, занг қопласа, ана ўшанда яхши амал қилиш фикри келмай қолади".
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан