Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш мукаммал мўминлик белгисидир. Бу ҳақда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:”لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ “مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
“Сизлардан бирортангиз мен унга фарзанди, отаси ва барча инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар (Муттафақун алайҳ)
Ушбу ҳадисда комил мўмин бўлиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш лозимлиги баён қилинмоқда.
Чиндан ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлар учун барча муҳаббат қилинадиган кишиларидан кўра, севишликка ҳақлидирлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ﴾
“Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир”. (Аҳзоб сураси, 6-оят)
Аммо сўнгги йилларда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига ёлғон тўқувчилар, у зотга атаб турли мазах (карикатура)ларни ишлаб чиқувчилар пайдо бўлиб, кўпайиб бормоқда. Бундай одобсизликни қилувчилар ҳақида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бундай деган эдилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимадик, танита олмадик. Агар улар у зотни танишганида, бундай беодобликларга журъат қила олишмас эди”.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш у зотнинг сийратларини, суннатларини кўпроқ ўрганиш, уларга аввало ўзимиз амал этишимиз билан бўлади.
Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини севишимиз ва гўзал хулқимиз ила аҳли-оиламиз ҳамда бутун инсониятни ҳам севдира олишимиз билан бўлади.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
فكان عالمة حبهم إياه إتباع سنة رسوله
“Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдадир”.
Аллоҳ таоло ҳар бир ишда умматларига намуна бўлган, Роббул аъламийн Ўзининг каломида: “Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор” дея мақтаган севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари, муборак суннатларига ҳаётимизнинг ҳар бир сониясида эргашимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.