Қуръони карим турли хил воқеа-ҳодисаларга жавобан бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлишида давом этар эди. Гоҳида бир сура тўлалигича нозил бўларди. Масалан, “Фотиҳа”, “Муддассир” суралари ва “Анъом” сурасининг уч оятидан бошқа барча оятлари Маккада бирданига нозил бўлган. Гоҳида ўнта оят нозил бўлар эди. Масалан, “Мўминун” сурасининг аввалги ўн ояти ва “Нур” сурасидаги “ифк” воқеасини баён қилувчи ўнта оят шулар жумласидандир. Гоҳида эса, бешта оят нозил бўлар эди ва бундай тартибда нозил бўлиш кўпроқ учрар эди. Бундан ташқари оятнинг бир бўлаги нозил бўлганлиги ҳақида ҳам ишончли ривоятлар бор. Масалан, “Нисо” сурасидаги 95-оятнинг غَيْرُ أُولِي الضَّرَرِ “шикаст етмаганлар” жумласи шу оятнинг لَا يَسْتَوِي الْقَاعِدُونَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ ----- وَالْمُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنْفُسِهِمْ
“Мўминлардан (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Аллоҳ йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди...” жумласидан кейин нозил бўлган. Шунингдек, “Тавба” сурасидаги 28-оятнинг وَإِنْ خِفْتُمْ عَيْلَةً فَسَوْفَ يُغْنِيكُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ إِنْ شَاءَ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ حَكِيمٌ “Агар сизлар камбағалликдан қўрқсангизлар, яқинда (Аллоҳ) хоҳласа, Ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир” жумласи, айнан шу оятнинг يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْمُشْرِكُونَ نَجَسٌ فَلَا يَقْرَبُوا الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَذَا “Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, бу йилдан сўнг масжидул ҳаромга яқин келмасинлар!” жумласидан кейин нозил бўлган.
Қуръоннинг нозил бўлиши ниҳоясига етгунича иш шу зайлда давом этди ва шу тариқа шариат аҳкомлари мукаммал бўлди.
Қуръоннинг бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлишининг ҳикмати ҳақида уламолар бир нечта фикрларни айтишган. Улар қуйидагича:
وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْلَا نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآَنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً كَذَلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا
яъни: “Кофир бўлган кимсалар: “Нега бу Қуръон унга (пайғамбарга) яхлит бир тўплам ҳолида нозил қилинмади?”, – дедилар. (Эй, Муҳаммад!) Биз у (Қуръон) билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан (равон) ўқиб бердик” (Фурқон сураси, 32-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган бесавод киши эдилар. Аввал ўтган пайғамбарлар эса, ўқиш-ёзишни биладиган зотлар бўлиб, бирданига нозил бўлган китобни ёдлаб, эсда сақлаб қолишга имкониятлари бор эди.
إنَّما نَزَلَ أوَّلَ ما نَزَلَ منه سُورَةٌ مِنَ المُفَصَّلِ، فِيهَا ذِكْرُ الجَنَّةِ والنَّارِ، حتَّى إذَا ثَابَ النَّاسُ إلى الإسْلَامِ نَزَلَ الحَلَالُ والحَرَامُ، ولو نَزَلَ أوَّلَ شيءٍ: لا تَشْرَبُوا الخَمْرَ، لَقالوا: لا نَدَعُ الخَمْرَ أبَدًا، ولو نَزَلَ: لا تَزْنُوا، لَقالوا: لا نَدَعُ الزِّنَا أبَدًا،
яъни: “Энг аввало, жаннат ва дўзах зикри келган қисқа суралар нозил бўлди. Одамлар исломга бутун вужудлари билан кирганларидан кейин ҳалол ва ҳаром ҳақидаги оятлар нозил бўлди. Бордию, агар бошиданоқ: “ароқ ичманлар”, “зино қилманглар”, деган буйруқ нозил бўлганида, одамлар: “ароқ ичишни ташламаймиз”, “зино қилаверамиз”, деб айтган бўлар эдилар”.
Шундай қилиб сиз юқорида Қуръоннинг парча-парча бўлиб нозил бўлганлиги ва унинг баъзи сабаблари билан танишдингиз. Энди эса, Қуръоннинг ушбу тартибда нозил бўлганлиги ҳақидаги ривоятлар билан “Қадр” сурасининг биринчи ояти:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ
яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни) қадр кечасида нозил қилдик” ни мувофиқлаштириб олишимиз қолди. Бу икки ҳил тушунчани мувофиқлаштирувчи энг яхши фикр қуйидагича: Қуръоннинг қадр кечасида нозил бўлиши унинг нозил бўла бошлашидир. Қуръоннинг нозил бўлиши қадр кечасидан бошланганлиги билан эса, сиз кейинроқ танишасиз, иншааллоҳ.
Сабаби нузул (Қуръоннинг нозил бўлиш сабаблари)ни билишнинг фойдаси
Юқорида сиз Қуръоннинг маълум воқеа ва ҳодисалар сабабли нозил бўлишлигини билдингиз. Ана шунинг номини “сабаби нузул” (Қуръоннинг нозил бўлиш сабаби) дейилади. Қуръонни тафсир қилишда, уни тўғри тушунишда ўша сабабларни билишнинг аҳамияти каттадир. Чунки, сабаби нузул Қуръон оятларини тўғри тушунишда, унинг сир-синоатларидан бохабар бўлишда қўл келадиган маънавий ишоралардир. Қуйида келтириладиган иккита мисолда бу яққол намоён бўлади:
لَا تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَفْرَحُونَ بِمَا أَتَوْا وَيُحِبُّونَ أَنْ يُحْمَدُوا بِمَا لَمْ يَفْعَلُوا فَلَا تَحْسَبَنَّهُمْ بِمَفَازَةٍ مِنَ الْعَذَابِ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
яъни: “Ўз қилмишлари билан мағрурланадиган, қилмаган (яхши) ишлари учун мақталишни севадиганлар азобдан халос бўладилар деб, ҳисобламанг, асло! Уларга (охиратда) аламли азоб (бордир)” ни нотўғри тушуниб: “Агар қилган иши билан хурсанд бўладиган ва қилмаган иши эвазига мақтов эшитишни ёқтирадиган ҳар бир киши азобланадиган бўлса, демак биз ҳаммамиз ҳам азобланар эканмизда”, деди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оятни аҳли китоблар ҳақида нозил бўлганлигини баён қилганларидан кейин, яъни Пайғамбар алайҳиссалом улардан бирор нарса ҳақида савол сўраганларида, улар сўралган нарса ўрнига бошқа гапни айтиб, ўзларини гўё саволларига жавоб бергандек тутишар эди, кейин бунинг эвазига у кишидан мақтов талаб қилишар эди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шу гапларни айтиб берганларидан кейингина Марвон ибн Ҳакам оятни нотўғри тушунганлигини англаб етди.
لَيْسَ عَلَى الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ جُنَاحٌ فِيمَا طَعِمُوا إِذَا مَا اتَّقَوْا وَآَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ ثُمَّ اتَّقَوْا وَآَمَنُوا ثُمَّ اتَّقَوْا وَأَحْسَنُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
яъни: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун – агар имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра тақво қилиб, имон келтирсалар, сўнгра тақво қилиб, эзгулик қилсалар олдин еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”, деган (Моида сураси, 93-оят). Мен ўша имон келтирган ва солиҳ амал қилган, сўнгра тақво қилган ва имон келтирган, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилган кишилар тоифасиданман. Мен Расулуллоҳ с.а.в. билан бирга Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа ғазотларда қатнашганман”, деди. Шунда Умар р.а. одамларга қараб: “Бунинг гапига нима деб жавоб берасизлар?” – дедилар. Шунда Ибн Аббос р.а.: “Бу сен айтган оятлар ароқ ҳаром қилинишидан аввал ўтганлар учун узур тариқасида, кейингилар учун ҳужжат тариқасида нозил бўлган. Чунки, Аллоҳ таоло кейингилар учун:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91-оятлар), деган. Агар сен имон келтирган ва яхши амал қилган, сўнгра тақво қилиб имон келтирган бўлсанг, дарҳақиқат Аллоҳ сени ароқ ичишдан қайтарган” – деди. Шунда Умар р.а.: “Тўғри жавоб бердингиз” – дедилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг
биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Интернет, телефон ва шу каби бошқа жиҳозларда ҳаром нарсаларни томоша қилиш.
Аллоҳ таоло айтади: «Мўминларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатини сақласинлар. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ бандаларнинг нима қилаётганидан хабардордир» (Нур сураси, 30-оят).
Аллоҳ таоло «Мана шу улар учун покликдир» деганида кўзни тийиш билан мўминларнинг ҳаёти янада покиза, янада гўзал бўлишини назарда тутган. Лекин банда кўзини тиймаса, бунинг акси бўлади.
Бу – қизларда кўп учрайдиган ҳолат. Кимки кўзини ҳаромдан тийиб яшаётган бўлса, унинг ҳаётда хотиржам, сокин, қаноатли эканини кўрасиз. Лекин ким кўзининг жиловини қўйиб юборган бўлса, тушкунликда, ҳаётдан норози бўлиб яшаётганига гувоҳ бўласиз.
Демак, қиз боланинг хурсанд ёки тушкун кайфиятда яшаши унинг кўзлари нима билан машғул эканига боғлиқ экан. У кўзини тиймасдан, ҳаромга назар ташлаган пайтда ўзини руҳи синган, маҳзун ҳолда кўради. Кўзини ҳаромдан сақлаган пайтларда эса ўзини бахту саодат ичида топади.
Бир қиз айтади: «Интернетда фильмлар, қисқа видеолар томоша қилишни шунчаки кўнгилхушлик, хурсандчилик деб ҳисоблардим. Уларни қизиқиб томоша қилардим, лекин кўриб бўлгач, сабаби аниқ бўлмаган маҳзун ҳолатга тушиб қолардим. Ниҳоят, бир куни бу ҳолатимнинг сабабини топдим. Мен кўнглимни ёзиш учун кўраётган киноларда беҳаё ва аянчли саҳналар кўп бўларди. Мана шундай ҳаром нарсаларни томоша қилиш қайғуга ботиб қолишимга, маҳзун ҳолатга тушиб қолишимга сабаб бўлар экан. Шундан кейин ўзим билан ўзим кураша бошладим. Ёмон саҳналар кўрсатилган пайтда бошқа каналга олиб қўядиган ёки компьютерни ўчириб қўядиган бўлдим. Нафсимнинг хоҳишларига қарши туриш анча қийин бўлди, лекин Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан кўзимни сақлаганим учун хурсанд бўлардим».
Баъзи қизлар «Оятдаги кўзни тийиш фақат эркакларга хос буйруқ, чунки аёлда эркакни фитнага соладиган нарсалар бор. Шунинг учун эркаклар аёлларга қарамай, кўзини тийиши керак. Эркак кишида эса аёлнинг ҳис-туйғуларини жунбушга келтирадиган нарса йўқ. Шунинг учун аёлнинг эркакларга қарашида ҳеч қандай муаммо йўқ», дейишади.
Бу мутлақо нотўғри. Аёл кишида эркакнинг ҳис-туйғуларига таъсир қиладиган жиҳатлар бўлганидек, эркакларда ҳам аёлларнинг ақли ва ҳис-туйғуларини уйғотадиган омиллар бор.
Эркак киши аёлнинг нозик, келишган қоматига, ҳуснига қараб, унга қизиқади. Аёл кишини эса эркакнинг кўркам жисми, бойлиги, атирининг хушбўй ҳиди, қатъияти, журъати ва бошқа ўзига хос жиҳатлар ўзига ром қилади.
Аёллар ҳам, эркаклар ҳам нафақат қарама-қарши жинсга назар солиш, балки ўзи каби жинс вакилларининг ҳам авратига қараш ҳам ҳаромдир.
Демак, шариатимизда аёл киши бошқа бир аёлнинг авратига қарашдан, бирор жойини ушлашдан қайтарилган. Фақатгина тиббий муолажа ва шу каби зарурат бўлганда шариат бунга рухсат беради.
Аллоҳ таолонинг оятларига аҳамият берадиган бўлсак, У Зот барча мўминларга – эркагу аёлларга мурожаат қилганида «Эй иймон келтирганлар!» деб хитоб қилади. Бу хитоб иймон келтирган ҳар қандай эркак ва аёлга тегишли бўлади.
Бунинг ёрқин мисоли ушбу оятдир:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шояд тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 183-оят.)
Бу оятдаги хитоб эркагу аёл мўминларга қаратилган, шунинг учун рўза тутиш барчага баробар фарз қилинган. Буни қуйидаги оятда ҳам кўришимиз мумкин:
«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг» (Бақара сураси, 278-оят).
Бу оятда эркак ҳам, аёллар ҳам судхўрлик қилмасликка буюрилган. Демак, Аллоҳ таолонинг Китобидаги қоида шундай: «Эй иймон келтирганлар» деган хитоб эркагу аёлларни ажратмайди, барча мўмин ва мўминаларга қаратилган бўлади. Аллоҳ таоло мўмину мўминаларга бирор нарсани буюрса, уларга «Эй иймон келтирганлар», деб хитоб қилган. Лекин мўминларга кўзни тийишни буюрганида эркакларни ҳам, аёлларни ҳам ўз ичига оладиган умумий хитоб билан юзланмади, балки эркакларга алоҳида оятда, мўминаларга кейинги оятда буюрди:
«Мўминларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатларини сақласинлар. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ уларнинг нима қилаётганидан хабардордир. Мўминаларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатларини сақласинлар, зоҳир зийнатларидан бошқасини кўрсатмасинлар, рўмоллари билан кўксларини тўсиб юрсинлар...» (Нур сураси, 30-31-оятлар).
Нима учун Аллоҳ таоло кўзни ҳаромдан тийишга буюриш учун мўминаларга алоҳида оят нозил қилмади? Нима учун эркаклар билан аёлларга битта оятда биргаликда буюрмади? Эҳтимол, бундан мақсад – муслима аёл кўзни тийиш қанчалик муҳим эканини англаб етишидир? Токи аёллар бу буйруқ фақат эркакларга қаратилган, деб ўйлаб қолмасин. Чунки аёл киши (қиз бола ҳам) бегоналарнинг авратига қараса, ҳаёти барбод бўлади, қалби маҳзунликка тўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзнинг зиноси – (номаҳрамга) қарашдир», деганлар.
Бошқа бир ривоятда «Кўз ҳам зино қилади. Кўзнинг зиноси – (номаҳрамга) қарашдир», дейилган («Саҳиҳул Бухорий»).
Мана шу оятга кўра, ким кўзи билан зино қилса-ю, тавба қилмаса, Қиёматда уқубатга дучор бўлади. Уқубат жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, у ерда зинокорлар азобланади. Кимки зинокорлар водийсига тушадиган бўлса, унинг учун азоб кўпроқ бўлади, у ерда хор бўлиб, абадий қолиб кетади.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.