Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Апрел, 2025   |   25 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:32
Пешин
12:26
Аср
17:11
Шом
19:15
Хуфтон
20:35
Bismillah
23 Апрел, 2025, 25 Шаввол, 1446

2. БАҚАРА СУРАСИ, 111–112 ОЯТЛАР

06.09.2020   5525   3 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 111–112 ОЯТЛАР

وَقَالُواْ لَن يَدۡخُلَ ٱلۡجَنَّةَ إِلَّا مَن كَانَ هُودًا أَوۡ نَصَٰرَىٰۗ تِلۡكَ أَمَانِيُّهُمۡۗ قُلۡ هَاتُواْ بُرۡهَٰنَكُمۡ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ١١١

111. Улар: "Яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди", дейишади. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад): "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжатингизни келтиринглар", денг.

Ислом дини эътиқод борасида ҳамма нарсани тасдиқлайверадиган, далил-ҳужжатларсиз ишонаверадиган хурофотчиларни ҳам, ҳис ортидаги барча нарсани инкор этадиган, фитрат овозига, ақл нидосига ва мўъжиза даъватига қулоқ солмайдиган моддапарастларни баравар рад этади. Ислом чин имонга, асл эътиқодга чақиради, лекин қатъий далил ёки ишончли ҳужжат бўлсагина. У бундан бошқасини рад этади ва хурофот деб ҳисоблайди. "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжат келтиринглар" Исломнинг шиоридир. Ислом қалблардаги фитрат овозини бўғиб, бошлардаги ақл мантиғини тан олмай илоҳни инкор этган динсизларни ҳам, "илоҳ"ларининг саноғи бўлмаган, ҳатто қўй-сигирларга сиғинадиган, санаму тошларга ибодат этадиган бутпарастларни баравар қоралайди. Ислом шериксиз, туғмаган ва туғилмаган, ягона Илоҳга имон келтиришга чақиради.

بَلَىٰۚ مَنۡ أَسۡلَمَ وَجۡهَهُۥ لِلَّهِ وَهُوَ مُحۡسِنٞ فَلَهُۥٓ أَجۡرُهُۥ عِندَ رَبِّهِۦ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ١١٢

112. Шундай, ким юзини Аллоҳга буриб, яхшиликлар қилса, унинг мукофоти Парвардигори ҳузуридадир. Уларга хавф-хатар ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди.

Ҳақиқатан куфр ва ширкни тарк этиб, Аллоҳ таоло тарафига юзланган, Унинг амр-фармонларини бажарган, қайтарганларидан четланган, яхшиликлар ва солиҳ амаллар қилган саодатманд кишиларнинг дунё ва охиратдаги мукофотини Парвардигор тўкис қилиб беради. Қиёмат куни гуноҳкор ва осийлар ҳисоб-китоблари қандай бўлиши, дўзах ё жаннатга киришларини билолмай, даҳшат ичида сарсон ва ҳайрон бўлиб туришганида имонли кишиларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, улар оқибатларини ўйлаб ғам-андуҳ ҳам чекишмайди.

Инсоннинг асли бир томчи ҳақир сувдан ва арзимас қора лой-балчиқдан иборат. Аллоҳ таоло унга Ўз руҳидан киритгандан кейингина у инсонга айланади, фаришталар сажда қиладиган даражада азиз-мукаррам ва шарафли жонзотга айланади, ер юзи халифаси мақомидаги олий мартабага мушарраф бўлади. Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир. Унинг жасади, келишган қадди-қомати, чиройли ҳусни, мутаносиб тана аъзолари – ҳаммаси қурт-қумурсқага ем бўлиб, тупроқ билан қоришиб кетади. Демак, инсон қанча руҳоний бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина у чин инсон бўлади, Аллоҳ таолонинг уни яратиш билан зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

"Кўнгилдан чиқди", "атадик" каби сўзлар порага кирадими?

16.04.2025   4060   1 min.

Cавол: Айримлар бирор ишни ноҳақлик билан битириш учун пора таклиф ёки талаб қиладилар? Бунга динимизда қандай қаралади?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда бундай ишларга “ришва” – пора дейилади ва бу катта гуноҳлардан биридир.

Пора деб киши ҳақли бўлмаган нарсасига эришиш ёки зиммасига лозим бўлган нарсадан қутулиш учун тақдим этган мол ёки манфаатга айтилади.

Одатда кўпчилик порахўрлар порани ҳадя, совға сифатида қабул қиладилар. Берувчилар ҳам “кўнгилдан чиқди”, “атадик” каби чиройли сўзлар билан қабиҳ ниятларини амалга оширишга одатланишган.

Порахўрлик динимизда қаттиқ қораланган ва бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади:

Савбон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Пора берувчи жамиятда белгиланган низомни бузиб, ҳақсизлик ила ўз ишини бажариб кетган ҳисобланади. Пора олувчи виждон амрига бўйсунмасдан, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлиб, ўз манфаатини ўйлаб, ўзгалар ҳақига хиёнат қилган бўлади.

Қолаверса, ҳадя деб бир нарсани ўзгага холис, эвазсиз беришга айтилади. Ҳадя берувчи киши ҳадяни олувчи кишидан бирор нарсани ноҳақ ундириш нияти бўлмайди. Мана шу нарса ҳадянинг порадан асосий фарқини кўрсатади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.