Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Май, 2025   |   15 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:06
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:36
Хуфтон
21:04
Bismillah
13 Май, 2025, 15 Зулқаъда, 1446

2. БАҚАРА СУРАСИ, 111–112 ОЯТЛАР

06.09.2020   5823   3 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 111–112 ОЯТЛАР

وَقَالُواْ لَن يَدۡخُلَ ٱلۡجَنَّةَ إِلَّا مَن كَانَ هُودًا أَوۡ نَصَٰرَىٰۗ تِلۡكَ أَمَانِيُّهُمۡۗ قُلۡ هَاتُواْ بُرۡهَٰنَكُمۡ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ١١١

111. Улар: "Яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди", дейишади. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад): "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжатингизни келтиринглар", денг.

Ислом дини эътиқод борасида ҳамма нарсани тасдиқлайверадиган, далил-ҳужжатларсиз ишонаверадиган хурофотчиларни ҳам, ҳис ортидаги барча нарсани инкор этадиган, фитрат овозига, ақл нидосига ва мўъжиза даъватига қулоқ солмайдиган моддапарастларни баравар рад этади. Ислом чин имонга, асл эътиқодга чақиради, лекин қатъий далил ёки ишончли ҳужжат бўлсагина. У бундан бошқасини рад этади ва хурофот деб ҳисоблайди. "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжат келтиринглар" Исломнинг шиоридир. Ислом қалблардаги фитрат овозини бўғиб, бошлардаги ақл мантиғини тан олмай илоҳни инкор этган динсизларни ҳам, "илоҳ"ларининг саноғи бўлмаган, ҳатто қўй-сигирларга сиғинадиган, санаму тошларга ибодат этадиган бутпарастларни баравар қоралайди. Ислом шериксиз, туғмаган ва туғилмаган, ягона Илоҳга имон келтиришга чақиради.

بَلَىٰۚ مَنۡ أَسۡلَمَ وَجۡهَهُۥ لِلَّهِ وَهُوَ مُحۡسِنٞ فَلَهُۥٓ أَجۡرُهُۥ عِندَ رَبِّهِۦ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ١١٢

112. Шундай, ким юзини Аллоҳга буриб, яхшиликлар қилса, унинг мукофоти Парвардигори ҳузуридадир. Уларга хавф-хатар ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди.

Ҳақиқатан куфр ва ширкни тарк этиб, Аллоҳ таоло тарафига юзланган, Унинг амр-фармонларини бажарган, қайтарганларидан четланган, яхшиликлар ва солиҳ амаллар қилган саодатманд кишиларнинг дунё ва охиратдаги мукофотини Парвардигор тўкис қилиб беради. Қиёмат куни гуноҳкор ва осийлар ҳисоб-китоблари қандай бўлиши, дўзах ё жаннатга киришларини билолмай, даҳшат ичида сарсон ва ҳайрон бўлиб туришганида имонли кишиларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, улар оқибатларини ўйлаб ғам-андуҳ ҳам чекишмайди.

Инсоннинг асли бир томчи ҳақир сувдан ва арзимас қора лой-балчиқдан иборат. Аллоҳ таоло унга Ўз руҳидан киритгандан кейингина у инсонга айланади, фаришталар сажда қиладиган даражада азиз-мукаррам ва шарафли жонзотга айланади, ер юзи халифаси мақомидаги олий мартабага мушарраф бўлади. Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир. Унинг жасади, келишган қадди-қомати, чиройли ҳусни, мутаносиб тана аъзолари – ҳаммаси қурт-қумурсқага ем бўлиб, тупроқ билан қоришиб кетади. Демак, инсон қанча руҳоний бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина у чин инсон бўлади, Аллоҳ таолонинг уни яратиш билан зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

Жавваз ёки жаъзарий эмасмисиз?

02.05.2025   13711   9 min.
Жавваз ёки жаъзарий эмасмисиз?

Кибр, ўзини бошқалардан юқори деб ҳисоблаш, улардан устун қўйиш, ўзини бошқаларга нисбатан юксак кўриш ва уларга нисбатан мағрурлик қилишдир. Бу, кўпинча одамларнинг бошқа кишиларни пастга уриш, улар билан адолатли муносабатда бўлмаслик ва ўзини жуда катта кўрсатиш каби хулқ-атворларни ўз ичига олади.

Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.

Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васила йўқдир.

Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало ва офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир.

Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.

Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир. Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир.

Аллоҳ таоло: “Мўминлардан ихтиёрий эҳсон қилувчиларини ва зўрға топиб-тутувчиларини истеҳзо ила масхаралайдиганларни Аллоҳ “масхара” қилади ва улар учун аламли азоб (бор)дир” (Тавба сураси, 79-оят), деб айтган.

Яна: “Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят);

(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга ҳасад қилманглар ва савдода сохталик билан келишиб, нархларни оширманглар. Бир-бирларингизга ғазаб қилманглар ҳамда орқа ўгириб, муносабатларни бузманглар. Баъзиларингиз айримларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, хўрламайди ҳам, паст ҳам санамайди. Тақво бу ерда”, деб, уч бора қалбларига ишора қилдилар. “Мусулмон биродарини паст санаган киши ёмон эканига далолат қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўсини (суиистеъмол) қилиши ҳаромдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Тадаббур қилган кишига бундан-да фойдаси кўп, манфаати улуғ ва яхшироқ ҳадис бўлмаса керак”, дедилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида зарра миқдорича кибри бор киши жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, киши чиройли кийим ва чиройли пойабзал кияди (бу ҳам кибр бўладими?)" деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ чиройлидир. Чиройлини яхши кўради. Кибр эса ҳақни бузиш ва кишиларга паст назар билан қараш”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Биз «юз ўгирма» деб таржима қилган маъно оятда «тусоъъир» деб келган. Бу маъно, аслида, туяда учрайдиган бир касалликка нисбатан ишлатилар экан. Ўша касалликка мубтало бўлган туя доимо бошини пастдан-юқорига ҳаракатлантириб, ёнбошга силтаб турар экан. Мутакаббирлик билан бурнини жийириб, юзини одамлардан ўгирадиган кишилар ана ўша касал туяга ўхшатилмоқда.

«Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма».

Ҳа, мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак.

«…ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма».

Бу жуда ёмон нарса. Бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими: «Албатта, Аллоҳ, хеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган.

Шунингдек, ибн Абу Лайло ривоят қилган хадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчоқлик ила судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган.

Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).

Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “Ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.

Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, ҳокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.

Олимларимиз айтадиларки, талаба ўз устозининг камоли аҳлият ва иқтидор соҳиби эканлигига, ўз ишининг моҳир мутахассиси эканлигига эътиқод қилиб, ишониши керак. У ҳақда фақат яхши фикрда бўлиши лозим. Агарчи, устозидан диёнатга очиқ-ойдин терс келадиган хатти-ҳаракатни кўриб қолса ҳам уни фақат яхшиликка йўйиб, яхши гумонда бўлиши керак. Акс ҳолда унинг баракасидан маҳрум бўлади.

Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши осмон илмини ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламаганидан сўнг айтибди:

– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди ҳамки дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли…

Шунда устоз:

– Мен сенга бажонидил дарс берардим-у, лекин сен ҳузуримга келганингдаги “бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор”, деган кибр-ҳавойинг ҳали ҳам кетмади. Мен бир идишга қачонки у бўш бўлсагина сув қуяман. Афсус, сенинг калланг ҳаво билан тўлиб қолган экан, – деб жавоб қилибди.

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ дедиларки: "Агар мутакаббир кишини кўрсанг билгинки, унинг намози кам ёки ундан бутунлай маҳрум бўлган. Чунки кибр билан кўп сажда қилиш бирга жамланмайди".

Ривоят қилишларича: Бир кишиникига меҳмон келиб қолди. Уйда меҳмонга қўядиган ҳеч вақо йўқ эди. У бир литр қатиқ олиб келиб, беш литр сув қўшиб, туз ва муз солиб, айрон тайёрлади. Бир литр қатиқ беш литр сувни қабул қилиб, тотли ичимликка айланди. Агар ўша қатиққа бир томчи бензин тушиб кетганида уни ичиб бўлмас эди.

Худди шунингдек, салгина такаббурлик ҳам амални бузиб юборади. Мутакаббир кимса Аллоҳдан тўсилади, халойиқ томонидан нафратга учрайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Чунки уларга ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар», деган (Соффот сураси, 35 оят).

Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жавваз ҳам, жаъзарий ҳам жаннатга кирмайди", дедилар.

* «Жавваз – муомаласи қўпол одам».

* Жаъзарий – мутакаббир, қилмаган иши билан фахрланувчи.

Баъзи бир кишилар ибодат миқёсидаги маънавий ва моддий амалларни қилиб, (ҳаж, умра ва масжид ёки йўл қуриб) кибрланиб, мақтаниб бошқа кишиларни бундай ишларни амалга оширмаганликда айблаб, ўзларини улардан юқори олишади. Аслида ана шу ишлар халқни пулига бажарилган бўлади. Бундай кимсалар аслида энг разил ва пасткашлардир.

Аллоҳ таоло айтади: “Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар…”(Тавба сураси 102-оят) Аллоҳ таоло биздан маъсумликни талаб қилмади. Аксинча, гуноҳ содир бўлганида тавба ва синиқликни истади.

Одам алайҳиссалом гуноҳ қилганида эътироф қилиб гуноҳига истиғфор айтди. Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди.

Иблис эса гуноҳ қилганида мутакаббирлик қилди, тавба қилмади. Аллоҳ ундан юз ўгирди.

Ким гуноҳ қилиб қўйиб сўнгра тавба қилса қиёматда Одам алайҳиссалом билан тавба қилувчилар карвонида бўлади.

Ким гуноҳ қилиб сўнгра тавба қилмасдан мутакаббирлик қилса Иблиснинг карвонида бўлади.

Ортидан кибрни эргаштирувчи биттагина гуноҳ, ортидан синиқлик, пушаймонлик ва тавбани эргаштирувчи мингта гуноҳдан оғирроқдир.

Аллоҳ таоло гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб тавба қилувчиларга муҳаббати ўлароқ Ўзини Ғофур дея номлади.

Бандаларини Ўз муҳаббатига тарғиб қилиш учун Ўзини Вадуд дея номлади.

Сизни синдириб сиздаги ужбни кетказадиган битта гуноҳ, қалбингизни мағрурланиш ва ужбга тўлдирадиган тоатдан яхшидир, қайсидир маънода!


Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ талабаси,
Тўрақўрғон туман
 “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.