Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

Олисларга саёҳат: Швецияда ислом

5.09.2020   2842   5 min.
Олисларга саёҳат: Швецияда ислом

Швеция Скандинавия ярим оролининг шарқий қисмида жойлашган. Ғарбда Норвегия, шимол ва шимоли-шарқда Финляндия, шарқда Ботник бўғози ва Балтика денгизи, жануби-ғарбда Каттегат суви қуйиладиган жой билан чегарадош. 2009 йил Швеция аҳолисининг сони 9.3 миллион кишига етди. Ушбу мамлакат майдони жиҳатидан ғарбий Европада учинчи ўринни эгаллайди[1]. Швеция парламентар демократик кўринишдаги конституционал монархия давлати. У энг ривожланган ва тараққий этган Европа давлатларидан ҳисобланади. Халқаро кўрсаткичларда мамлакат юқори ўринларни забт этиб келмоқда. Жумладан, аҳолининг турмуш даражаси, уларнинг узоқ умр кўриши, фуқаролар тенг хуқуқлиги, тинчлик-тотувлик даражаси бўйича бир қатор демократик институтлар томонидан юқори баҳоланган.

Швеция Европа мамлакатлари ичида аҳолиси камлиги билан эътиборга олинади. Шимолий қисмида Лаб жамоаси яшайди, бу қисм аҳолиси кам.        У Швеция территориясининг ярмидан кўпини ўз ичига олгани билан, аҳолиси Швеция аҳолисининг умумий сонидан 20 фоизини ташкил қилади. Жанубий қисми эса анча зич бўлиб, аҳолининг 80 фоизи шу тарафда яшайди. Лаб аҳолисининг сони 13 мингга етади. Шунингдек, асли финляндиялик ярим млн. киши, озчиликни ташкил этувчи мусулмонлар: турк, араб, югослав, покистонлик муҳожирлар бор.

Бугунги кунга қадар Швеция аҳолиси этник, тил ва дин жиҳатидан бир хилдаги фуқаролардан иборат бўлиб келган бўлса, сўнгги 6 йил мобайнида кўплаб мамлакатлардан этник-маданий ва диний хилма-хил бўлган аҳолининг кўчиб келиши кузатилмоқда. Ҳозирда, Швецияда муқим яшаётган 2 миллиондан ортиқ фуқаро чет эл мамлакатларининг аҳолиси саналади. Илгари мамлакатда фақатгина Швед тилида мулоқат қилинган бўлса, бугун 200дан ортиқ тил муомала воситаси сифатида қўлланилмоқда. Шунингдек, Швеция турли конфессияли жамиятга айланиб бормоқда. Швецияга кўчиб борувчиларнинг давом этиши сабабли Швеция жамиятида дин ҳам янги кўринишларга эга бўлиб бормоқда. Бу янги масжидларнинг қурилиши, Рамазон байрамининг нишонланиши, мактабларда диний ўқув курсларининг ташкил этилишида яққол намоён бўлмоқда. Швецияда динга нисбатан муносабатларнинг ўзгариб бориши, диннинг жамиятдаги ўрнини тўғри тушунишга ҳамда бошқа дин вакилларига нисбатан холис муносабатда бўлишга сабаб бўлмоқда. 

Аҳолининг аксарият қисми (73% 2008 й) Швеция черковининг аъзоси саналади. Евангелия Лютеран черкови мамлакатнинг собиқ давлат черкови ҳисобланади. 2008 йилда оила қурганларнинг 40%идан ортиғи Швеция ибодатхонасида ўз никоҳларини нишонладилар. Таҳминан, барча янги туғилган фарзандларнинг 60%и чўқинтирилди ҳамда вафот этганларнинг 83%и  Швеция ибодатхонаси анъаналарига муносиб тарзда дафн этилди[2].

Бироқ, Швеция дунёвий давлат ҳисобланади, диний анъаналарнинг амалга оширилиши эса ҳар бир шаҳснинг “шаҳсий иши” саналади.                       Шуни алоҳида таькидлаб ўтиш жоизки, Швеция дунёвийлашган мамлакатлардан бири сифатида дунёга машҳур. Аҳоли асосан ўзининг ҳаётининг муҳим вақтларидагина черковга мурожаат қилиш ҳолатлари кучайган[3]. Швеция ибодатхонасининг маълумотларига кўра, ибодатхона аъзоларнинг бор йўғи 2 %и мунтазам равишда ибодат маросимларини адо этадилар. Европанинг сўннги тадқиқот маълумотларига кўра, Швеция аҳолисининг 23% динга эътиқод қилади. Аҳолининг 85%ини эса бирор-бир динга эътиқод қилмайдиганларни ташкил этади. Аҳоли келиб чиқишига кўра 90.1% протестант, 1.8% католик, 8.2% бошқа динга эътиқод қилувчилардан иборат. Бошқа динга эътиқод қилувчилар гуруҳини асосан мусулмонлар (Ислом дин) ташкил этади. Бугунги кунда, Швецияда Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони тахминан 250,000 ва 300,000 атрофида.

Швецияга кўчиб борган биринчи мусулмон рус татарлари у ерда иккинчи жаҳон уруши охиригача қолдилар. Шунинг таъсирида Швеция маҳаллий аҳолиси исломни қабул қила бошлади. Кейинги йилларда мусулмонлар сони саноатда ишлаш учун кўчиб борган мусулмон ишчилари ҳисобига кўпайди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Швецияда мусулмонлар сони минг киши атрофида эди, 1972 йилга келиб уларнинг сони турли миллатларга мансуб 18 минг мусулмонга етди. Улардан 300 мусулмон асли шведлар, 9 минг мусулмон турк ва татар, 3 минг араб, тахминан 2 минг югослав ва қолган 4 минг мусулмон бошқа миллатларга мансуб. Швециядаги мусулмонларнинг аксарини югославлар, ундан кейин турклар ташкил қилади.

Мусулмонлар Стокгольм, Гётеборг ва Мальмё шаҳарларида яшайдилар. Яқинда Швеция ҳукумати швед мусулмонларини эътироф этди, яъни Ислом Швецияда эътироф этилган дин бўлди.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

[1] Қаранг: www.sweden.se/facts

[2] www.svenskakyrkan.se/default.aspx?di=37017

[3] Backstrom et al., Religious Change in Northern Europe, The Case of Sweden, 87-88. “What in normal everyday life is religiously abnormal in Sweden, is considered religiously normal in abnormal situations.” 139

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман

20.12.2024   4133   4 min.
Гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир куни кўп гуноҳлар қилиб юрган бир йигит солиҳ бир зотнинг ҳузурига келиб, ўз аҳволидан шикоят қилибди.
— Э солиҳ зот! Мен қилмаган гуноҳлар қолмади. Менга насиҳат қилиб қўйсангиз. Ҳар қанча уринсам ҳам гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман. Шоят панду насиҳатларингиз таъсир қилиб гуноҳ қилишдан тўхтасам, қилган гуноҳларимга тавба қилсам, - дебди.
Солиҳ киши:
— Эй ўғлим, агар Аллоҳга осийлик қилишни хоҳласанг, қилавер, аммо аввало бешта шартга риоя қилишинг керак. Агар буларни бажара олсанг, истаганча гуноҳ қил, - деди.
Йигит хурсанд бўлиб:
— Эй солиҳ зот, айтинг, уларни албатта бажараман. Тезроқ айтинг, - деди.
Солиҳ киши:
Биринчи шарт: агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, аввало Унинг еридан чиқиб кет ва гуноҳни бошқа ерда қил, - деди.
Йигит ҳайрон бўлиб:
— Эй улуғ зот, раҳмат сизга! Аммо, қаерда гуноҳ қиламан? Аҳир Ернинг барчаси Аллоҳнинг мулки эмасми? - деди.
Солиҳ зот жавоб берди:
— Ҳа, албатта. Энди сен Аллоҳдан уялмайсанми? Унинг ерида яшаб, яна Унга осийлик қиласанми?!
Йигит:
Иккинчи шартни айтинг, эй устоз, - деди.
Солиҳ киши:
— Агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, қилавер, аммо Унинг ризқидан емагин, - деди.
Йигит яна ҳайратланиб:
— Эй улуғ зот, сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Аҳир ризқ берувчи Унинг ўзи бўлса, унда мен қаердан ризқланаман? - деди.
Солиҳ киши:
— Аллоҳнинг ризқидан еб туриб, яна Унга осийлик қилишдан уялмайсанми?!-  деди.
Йигит:
Учинчи шартни айтинг, - деди.
Солиҳ киши:
— Агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойга бориб қил, - деди.
Йигитнинг ҳайрати яна ошди:
— Эй устоз!  Бу нима деганингиз? Аҳир қаерга бормай Унинг кўз ўнгидаманку. Аллоҳ ҳатто қоронғу кечада қора тош устида юрган қора чумолининг ҳаракатини ҳам кўради-ку! Қаерга бормай, қаерга яширинмай мени кўриб, билиб турадику? - деди.
Солиҳ зот:
— Шундайлигини билар экансан, бошқаларнинг кўриб қолишидан уяласану, наҳотки Аллоҳнинг кўз ўнгида гуноҳ қилишдан уялмайсан? Наҳотки, Аллоҳ сен учун бошқалардан кўра қардсиз ва ҳурматсиз бўлса. У ҳамма нарсани билиб, кўриб турганида Унга осийлик қиласанми?! - деди.
Йигит:
Тўртинчи шартни айтиб беринг, - деди.
Солиҳ киши деди:
— Агар Аллоҳга осийлик қилар экансан, ундай бўлса қачонки ажал фариштаси келиб, жонингни олмоқчи бўлганида унга айт: “Менга озгина муҳлат бер, гуноҳларимдан тавба қилиб олай”, дегин.
Йигит қаттиқ йиғлаб:
— Эй солиҳ зот, мен кимманки ўлим фариштасига буйруқ бера олсам, буни ҳеч ким қила олмайди? Ўлим келганда уни бир сонияга ҳам ортга суриб бўлмайди-ку! — деди.
Солиҳ киши:
Бешинчи шарт шуки, агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, қилавер, бироқ қачонки дўзахнинг фаришталари келиб, сени дўзахга тортмоқчи бўлганларида уларнинг чангалидан қутулиб қочгин ва жаннатга кириб олгин, - деди.
Йигит дод солиб йиғлади ва баланд овозда:
— Бас, етар эй улуғ устоз! Аллоҳни номи билан қасам ичиб айтаман, бугундан бошлаб гуноҳ қилмайман, мен Аллоҳга чин дилимдан тавба қилдим, Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ - деди.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ