Шу йил 2 сентябрь куни Париж шаҳрида 2015 йилнинг 7 январида “Шарли Эбдо” журнали таҳририятига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда айбланаётган 14 киши устидан суд иши бошланди. Шу муносабат билан мазкур журнал таҳририяти Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга оид карикатурани қайтадан босиб чиқарди.
Ушбу карикатура чоп этилиши мусулмон оламида турли эътироз ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Мисрдаги Ал-Азҳар университети ушбу карикатурани чоп этгани учун “Шарли Эбдо” таҳририятини қоралаб баёнот билан чиқди. Баёнотда бундай карикатураларни атайин қайтадан чоп этиш мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётларини қўзғаш, фитна чиқариш ва мусулмонларнинг диний қадриятлари, тимсолларига нисбатан тажовуз экани айтилади ҳамда бу ҳолат мусулмонлар томонидан қаттиқ қораланиши билдирилади.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу хатти-ҳаракатни қоралаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантиришга қаратилган ҳолатни халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна, ўз навбатида, одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.
Шуни таъкидлаш зарурки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин, бу иши билан муборак динимизга ёки У зотнинг сийратларига заррача ҳам зиён етказа олмайди. Ислом тарихидан кўриш мумкинки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ҳатто суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомни бағрикенглик ила кечириб юборганлар. Суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абдулмутталибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, уни афв қилганлар. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.
Шундай экан, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Набий алайҳиссаломга хос ҳалимлик, босиқлик ва зукколик билан муносабат билдириш керак. Шунда ёмон ниятли кимсалар томонидан халқлар, миллатлар, динлар ўртасига низо уруғини сочиш мақсадида уюштирилаётган ҳар хил кўринишдаги фитналар, турли найрангларга Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хос ва мос йўл тутган бўламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жорий йил, 18 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, олий даражада имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликнинг жадал тараққий этишида муҳим омил экани таъкидланди.
Мартабали меҳмонга юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, эътиқод эркинлиги йўналишидаги янгиланишлар ва кўп миллатли халқимиз учун тақдим этилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, «Вақф» хайрия жамоат фонди, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари делегацияда катта қизиқиш уйғотди.
Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним Ўзбекистонга илк ташрифидан мамнун экани, бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бутун оламга машҳур эканини эътироф этди.
Учрашувда диний соҳа ходимлари малакасини ошириш, илмий-тадқиқот, таълим-тарбия ва зиёрат туризми йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилиб, осори-атиқаларни сақлаш, илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва ислом маърифатини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган тарихий ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, мартабали меҳмонлар Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳам бўлиб, олий маъҳад фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Ҳазрати Имом” масжидида ўқилган жума намозидан сўнг икки давлат ҳамкорлиги янада тараққий этиши, дин йўлида қилинаётган хизматлар бардавом бўлишини тилаб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати