Хабарингиз бор, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарорига асосан 4 сентябрь, жума кунидан бошлаб диний ташкилотларда жамоавий ибодатларни (жума ва шанба-якшанбалик диний хизматлар) амалга оширишга рухсат берилди.
Ушбу қарорга мувофиқ, юртимиздаги жоме масжидларда жума намозлари 4 сентябрь, жума кунидан бошлаб адо этилишига рухсат этилди.
Республикамиздаги жоме масжидларда 4 сентябрь кунига қадар жума намозини ўқишга тайёргарлик ишлари олиб борилади. Жума намозлари вақтида қатъий карантин талабларига ҳамда ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига риоя этилиши талаб этилади. Жумладан:
– жума намозини ўтказиш учун ташриф буюрувчилар ўртасида ижтимоий масофани таъминлаш;
– масжидлар ходимлари ва ташриф буюрувчиларнинг тиббий ниқобда бўлиши;
– санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарини доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар,–
– антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш;
– жума намозидан кейин бино (хона) ва ундаги жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
– бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш;
– тана ҳарорати 37 С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритмаслик;
– масжидларга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик каби карантин талаблари жорий этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُصَلِّي الْجُمُعَةَ حِينَ تَمِيلُ الشَّمْسُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумани қуёш оққан пайтда ўқир эдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا نُصَلِّي مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْجُمُعَةَ، فنَرْجِعُ وَما نَجِدُ لِلْحِيطَانِ فَيْئًا نَسْتَظِلُّ بِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жумани ўқир ва қайтар эдик, ўзимизни сояга олиш учун деворларнинг соясини топмас эдик».
Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
عَنْ عَمْرِو بْنِ عَبَسَةَ قَالَ: كَرِهَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الصَّلَاةَ نِصْفَ النَّهَارِ إِلَّا يَوْمَ الْجُمُعَةِ؛ فَإِنَّ جَهَنَّمَ تُسْجَرُ إِلَّا فِي يَوْمِ الْجُمُعَةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالطَّبَرَانِيُّ.
Амр ибн Абасадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунидан бошқа пайтда куннинг қоқ ўртасидаги намозни хуш кўрмаганлар. Чунки (бу пайтда) жаҳаннам жума кунларидан бошқа вақтда қизитилади».
Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан