Бугун, 3 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжиди ҳовлисида Ҳадис илми мактабига янги ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ижодий имтиҳонлар бошланиши муносабати билан юртимиздаги барча абитуриентларга Аллоҳ таборака ва таолодан муваффақият тиладилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ҳадис илми мактаби абитуриентларига омад тилар эканлар Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби алломаю-аждодларга муносиб ворис бўлишга жидду жаҳд қилишга чорладилар. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган мазкур олий даргоҳда энг замонавий шарт-шароитлар ҳозирлангани ва ўтган ўқув йилида 12 нафар талаба энг юқори имкониятларда таълим олганларига алоҳида урғу қаратдилар.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги имтиҳонларни ташкил қилиш ва ўтказиш аввалги йиллардагидан ўзгача бўлмоқда. Абитуриентлар учун очиқ майдонларда етарли ўринлар ҳозирланган бўлиб, имтиҳон жараёнлари интернет орқали онлайн узатиб борилмоқда. Мазкур ишлар карантин талабларига амал қилиш баробарида имтиҳонларнинг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини тўла таъминлайди.
Шунингдек, олинган билимларни синовдан ўтказиш онларида фарзандига далда бўлиш учун ота-оналар ҳамда шу соҳага қизиқувчилар масофадан туриб имтиҳон жараёнини исталган жойдан тўғридан-тўғри кузатишлари ҳам мумкин бўлади.
Имтиҳон жараёнлари Youtube ва Facebook орқали онлайн эфирга узатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Олий диний таълим муассасаларига қабул имтиҳонлари учта фандан иккита фанга ўтказилди, ижодий имтиҳонлар қисқартирилди.
Қабул имтиҳонларини карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда очиқ майдонларда ўтказиш белгиланди.
Ҳадис илми мактаби — 3 сентябр «Ҳадис ва мусталаҳ ал-ҳадис» (ижодий имтиҳон). Имтиҳон ўтказиш жойи — Тошкент ислом институти биноси айвон қисми.
4 сентябрь «Ўзбекистон тарихи» (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Тошкент ислом институти биноси ҳовлиси.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти — 7 сентябр «Фиқҳ ва ақоид», «Ўзбекистон тарихи» фанлари (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Ҳазрати Имом мажмуаси очиқ майдон қисми.
Мир Араб олий мадрасаси — 10 сентябр «Фиқҳ ва ақоид», «Ўзбекистон тарихи» фанлари (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Мир Араб олий мадрасаси биноси очиқ айвон қисми.
Абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган жойга киритиш эрталаб соат 6:00дан 6:30гача давом этади. 6:30дан 7:00гача саволлар китобчалари ва жавоблар варақасини тарқатиш, жавоблар варақасини тўлдириш тартиби тушунтирилади.
Тест синовлари эрталаб 7:00 дан 9:20 гача давом этади, синовлар бошлангандан кейин келган абитуриент имтиҳонларга киритилмайди.
Абитуриентлар қабул имтиҳонларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва имтиҳонга кириш рухсатномаси билан келиши талаб этилади. Имтиҳонга кириш рухсатномасини qabul.muslim.uz портали орқали юклаб олиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Зулҳижжа ойининг 8 куни “Тарвия куни” дейилади.
“Тарвия” дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар зам-зам сувидан қониб-қониб ичадилар.
“Тарвия” – “тафаккур” маъносида ҳам қўлланилади. Чунки зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний дея ўша кунни тафаккур билан ўтказадилар. Шунга кўра, бу кун “Тарвия – тафаккур куни” дейилади.
Мино луғатда – “орзу, истак” деган маъноларни билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Араблар одамлар тўпланган жойни “мино” деб аташади. Мино Масжидул-ҳаром шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган.
Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом шайтонга тош отганлар, қурбонлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан шу жойда тош отиб, қурбонликларини адо этганлар. Бу муқаддас маконда Наср ва Мурсалот суралари нозил бўлган.
Ҳожилар зулҳижжанинг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога қараб йўл олишади. Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Кейин арафотга жўнаб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади.
Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Қадимги уй”ни тавоф қилсинлар”, деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).
Ушбу оятда Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш каби амалларни адо этиш таъкидланмоқда. Мино кунлари ушбу учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.
Аллоҳ таоло қилаётган ва қиладиган барча солиҳ амалларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин. Ўзи куч-қувват берсин..
Даврон НУРМУҲАММАД