Тошкент вилояти мамлакатимизнинг ўзига хос табиати, кенг имкониятига эга ҳудудларидан бири бўлиб, пойтахтдан бошқа вилоятларга чиқиш йўлида, инчунун, зиёрат туризми даҳасининг бошланғич нуқтасида жойлашганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис вилоятдан ўтувчи йўловчилар, зиёратчиларга ҳар тарафлама қулайлик яратиш, намозхонлар учун юқори юқори шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида ушбу ҳудудда кўплаб хайрли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Ийк ота” зиёратгоҳи таъмирдан чиқарилиб, обод масканга айлантирилди. Қувонарлиси, зиёратгоҳ таркибида намозхона барпо этилиб, ташриф буюрувчилар учун ибодатларини ўз вақтида адо этиб олишларига имконият яратилди.
Ҳоки пойлари шу жойда жойлашган, маҳаллий халқ орасида “Ийк ота” номи билан машҳур бу зотнинг таҳминан XVI-XVII асрларда яшаб ўтганлари, яссавия тариқатининг намоёндаларидан бири бўлган мўътабар зот эканликлари айтилади.
Куни кеча, 1 сентябр куни янги таъмирдан чиқарилган зиёратгоҳга ташриф буюрган мутасаддилар бу жой чинакам маърифат масканига айланганини эътироф этдилар. Жумладан, мажмуада эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхона, кутубхона, ҳовлиларнинг кенг ва шинамлиги кишининг дилини яйратади. Хуллас, зиёратга келувчи юртдошларимиз ва хорижий меҳмонлар учун мақбара замонавий зиёратгоҳ сайёҳлик масканига айлантирилган.
Маълумки, бугунги кунда Олмалиқ шаҳри тегишли дастур асосида комплекс ривожлантирилмоқда. Бу жойда барпо этилажак кўплаб инфратузилма обьектлари қаторида янги масжид қурилиши ҳам кўзда тутилган. Бу “Ҳилол” номли масжид бўлиб, яқинда Адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шаҳарда чиндан ҳам масжидга эҳтиёж мавжуд эди. Шу кунга қадар 150 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Олмалиқда биргина масжид фаолият кўрсатаётган эди. Шунинг учун «Эвалак» маҳалласи, Фахрийлар кўчасида янги барпо бўлаётган масжид лойиҳаси анча йирик бўлиб, у уч гектар майдонда жойлашади.
Шундоққина шаҳарга кириб келишда ўзининг 60 метрлик тўртта минораси-ю, шарқона гумбазлари билан муаззам қиёфа касб этувчи жоме ҳар қандай йўловчи эътиборини ўзига жалб этиши шубҳасиз. Ибодат уйи 6 мингдан ортиқ намозхонни ўз бағрига сиғдириш имкониятига эга бўлиши билан сиғими жиҳатидан Тошкент вилоятидаги энг катта масжид бўлиши кутилмоқда. Асосий хонақоҳ 50х50 метр ҳажмда бир қаватдан иборат бўлади. Бу жойда маҳаллий аҳоли ва йўловчилар учун кўплаб қулайликлар яратилади. Жумладан, бир гектар майдондадаги автотураргоҳ, аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхона, йиғилишлар зали ва бошқа ёрдамчи хоналар ўрин олади.
Яқиндагина муборак Ашуро кунларида эзгу ният ва хайрли дуолар билан ушбу масжиднинг тамал тоши қўйилди. 2021 йилнинг якунига қадар битказилиши режалаштирилаётган байтуллоҳнинг қурилиш ишларида хизмат кўрсатаётган барча фидоий инсонларга Аллоҳ таолодан мадад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.
* * *
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “Олтин Ўрда” номли масжид бор. Масжид 1993 йилда Сирдарёдаги масжидларда кўп йиллар имомлик вазифасида фаолият юритган, дин хизматидаги мўътабар инсон Юсуфхон домла Мубашширхонов бошчилигида халқ ҳашари йўли билан қурилган. Масжид номи ҳозирда қишлоқ номига монанд “Олтин Ўрда” дея юритилсада, дастлаб “Саид Мубашширхон тўра” номи билан ҳам аталган.
Ўтган давр мобайнида масжид биносининг эскирганлиги ҳамда ноқулай об-ҳаво шароитларида намозхонларга қийинчиликлар туғилаётгани сабабли, тегишли рухсат асосида бу йили янгидан кенг сиғим ва замонавий шароитлар асосида бунёд бўлмоқда. Жоме аввалги ҳолатда 250-270 намозхонни сиғдирган бўлса, янги лойиҳага кўра, хонақоҳ ва қўшимча айвонлар 700 дан зиёд намозхонга мўлжалланган. Ҳозирда қурилиш ишларининг 75% якунланиб, ички безак ишлари давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг ноябр ойида намозхонлар ихтиёрига топширилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда бугунги кунда юртимиз бўйича жами 181 та масжид янги лойиҳалар асосида қайтадан қурилмоқда. Масжидларни таъмирлаб, барпо этишдек савоби улуғ, хайрли ишларда ташаббус кўрсатаётган, ҳиссалари қўшилаётган барча мутасаддилар, қўли гул меъмор усталар, кўнгилли хизматчилар, ҳашарчиларга таҳсинлар айтиб, Аллоҳ таолодан куч-қувват тилаймиз. Масжидлар тез орада қад кўтариб, келажак авлод учун кўп йиллар ҳидоят маёғи бўлиб хизмат қилишини Яратгандан Парвардигор насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳмурид ва яқинларига «сафар қилсангиз ва юкингиз сизга бепул олиб кетишингизга рухсат берган миқдордан ортиқ бўлса, албатта, ортиқча юкнинг ҳаққини адо этинг ва кейин сафар қилинг», дея кўрсатма берар эдилар.
Бир куни у киши сафар қилиш учун вокзалга етиб келдилар. Поезд келишига яқин қолган эди. Ҳазрат юкларини олиб, юклар тортиладиган жойга етиб келдилар ва навбатга турдилар. Тасодифан поездда бирга кетадиган кондуктор у ерга келди ва ҳазратни таниб қолди. Дарҳол: «Ҳазрат, сиз бу ерда нега турибсиз?» деб сўради.
Ҳазрат: «Юкимни торттириш учун келганман», дедилар.
Кондуктор: «Сизга юкингизни торттиришга зарурат йўқ. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Мен сиз билан бирга поездда кетаман. Ортиқча юк учун ҳақ тўлашингиз шарт эмас», деди.
Ҳазрат: «Сиз мен билан бирга қаергача борасиз?» деб сўрадилар.
Кондуктор: «Фалон бекатгача бораман», деди.
Ҳазрат: «Кейин у ёғига нима бўлади?» деб сўрадилар. Кондуктор: «У бекатда бошқа кондуктор келади. Мен унга бу ҳазратнинг юклари, деб айтиб қўяман», деди.
Ҳазрат: «У кондуктор мен билан бирга қаергача боради?» деб сўрадилар.
Кондуктор: «У узоққа кетади. Ундан анча олдин сизнинг бекатингиз келади», деди.
Ҳазрат: «Йўқ, мен анча узоққа кетаман, охират тарафга кетаман, қабримга кетаман. Қайси кондуктор мен билан бирга кетади?» дедилар. Кейин: «Охиратда мендан бир давлатга оид поездда юкнинг ҳаққини адо қилмай қилган сафаринг ва ўғирлигинг ҳисобини бер деган талаб бўлса, у ерда қайси кондуктор менга ёрдам бера олади?!» дедилар.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан