Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Декабр, 2024   |   21 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
22 Декабр, 2024, 21 Жумадул сони, 1446

Ислом шариати қонунчилиги манбалари

2.09.2020   2722   10 min.
Ислом шариати қонунчилиги манбалари

         1-Китоб: Бу – Қуръон бўлиб, у бебаҳо хазина, дин асоси, мусулмон миллати суянчиғидир. Аллоҳ таоло Қуръонда ҳамма нарсанинг илмини жамлаган, тўғри йўлдан эгри йўлни ажратиб берган. У ҳикмат чашмаси, рисолат ҳужжати, қўз ҳамда қалб нуридир. Уни яхши билган олим шаксиз шариатни мукаммал билибди. Аллоҳ таоло:

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً وَبُشْرَى لِلْمُسْلِمِينَ

яъни: Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик(Наҳл сураси, 89-оят), деган. Бошқа бир оятда:

مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْءٍ

яъни: “Китобда бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз” (Анъом сураси, 38-оят), деган.

         Шунингдек, ҳадисда: “Ҳақиқатан, бу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони, ёрқин нур, фойдали шифо, уни тутган киши адашмайди, унга эргашган киши нажот топади”, дейилган.

         Қуръони карим аҳкомларнинг аксарини умумий маъноларини келтирган, уларни батафсил баён қилмайди. Уларнинг тафсилотларидан хабардор бўлиш учун эса, шарҳ вазифасини бажарувчи Суннатга мурожаат қилиш лозим бўлади. Бу ҳам бўлса Аллоҳнинг ушбу умматга бўлган меҳрибончилигидир. Яъни, Аллоҳ таоло инсонларнинг ақллари ожиз эканлигини эътибордан четда қолдирмаган ҳолда, уларга ҳудди аввалги умматларга келгани каби аҳкомларни тафсилотлари билан баён қилмади. Чунки, Ислом шариати омма учун мос келадиган, қоидалари ўзгармас бўлиб, улар мукаммал бўлганидан сўнг ҳеч қандай насх ёки ўзгариш киритилмайдиган бўлиб қолиши лозим эди. Усул илми мутахассислари (яъни шариат қонунлари асосини ўрганувчи олимлар) Қуръонга таъриф бериш билан шуғулланганлар. Бундан мақсад қайси ҳолатда намоз ўқиш жоиз, қайси ҳолатда ножоиз, қайси нарса ҳукм чиқаришга ярайди, қайси нарса ярамайди, нима нарсани инкор қилса кофир бўлади, нима нарсада кофир бўлмайди ва ҳоказоларни аниқлаб олмоқлик эди. Ваниҳоят улар Қуръонга шундай таъриф бердилар: “Қуръон – бу, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га араб тилида нозил қилинган, мутавотир тарзда нақл қилинган, Фотиҳа сураси билан бошланиб Ан-Нос сураси билан тугаган китобдир”. Ушбу таърифга биноан Қуръоннинг таржимаси Қуръон деб номланмайди, балки у тафсир деб аталади. Бунда таржиманинг сўзма сўз бўлиши ёки маъносининг таржимаси бўлиши ҳам бир. Бундан ташқари мутавотир тарзда нақл қилинмаган нодир қироатларнинг таржимасининг ҳукми ҳам шундай. Мутавотир тарзда нақл қилинмаган нодир қироатларга мисол тариқасида Ибн Масъуд ва Убай ибн Каъбнинг ушбу қироатлари:

( للذين يؤلون من نسائهم تربص أربعة أشهر فإن فاءوا فيهن فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ) ( سورة البقرة : 226 )

яъни: “Хотинларидан қасам билан воз кечганлар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида) “уларга” қайтсалар (жоиздир), зеро, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 226-оят), шунингдек, Бақара сурасининг 233-оятидаги:

(وعلى الوارث ذي الرحم المحرم مثل ذلك )

яъни: Меросхўр – “маҳрам бўлган қариндош”нинг зиммасида ҳам худди шундай (нафақа масъулияти бор) жумлаларни зикр қилиш мумкин.

 

Қуръони каримнинг нозил бўлиш кайфияти

Воқеа-ҳодисаларга муносабат тарзида нозил бўлиши

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 وَقُرْآَنًا فَرَقْنَاهُ لِتَقْرَأَهُ عَلَى النَّاسِ عَلَى مُكْثٍ وَنَزَّلْنَاهُ تَنْزِيلًا

яъни: Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик, деган (Исро сураси, 106-оят). Бошқа бир оятда эса:

وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْلَا نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآَنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً كَذَلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا

яъни: Кофир бўлган кимсалар: Нега бу Қуръон унга (пайғамбарга) яхлит бир тўплам ҳолида нозил қилинмади?, – дедилар. (Эй, Муҳаммад!) Биз у (Қуръон) билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан (равон) ўқиб бердик, деб марҳамат қилган (Фурқон сураси, 32-оят).

         Шундан кўринадики, демак, Қуръон Пайғамбар алайҳиссаломга ҳудди Таврот Мусо алайҳиссаломга нозил бўлганидек бирданига тушмаган. Балки, у ҳар хил воқеа ҳодисалар сабабли, муайян масаланинг ҳукмини баён қилиш учун саволга жавоб тариқасида секин-аста нозил бўлган. Масалан,

وَلَا تَنْكِحُوا الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلَأَمَةٌ مُؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِنْ مُشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ

яъни: Мушрика аёлларни, то имон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Зеро, ҳур мушрика аёлдан кўра, имонли чўри яхшироқдир, гарчи у (мушрика) сизларга манзур туюлса ҳам(Бақара сураси, 221-оят) ояти уламоларнинг сўзларига биноан Марсад ал-Ғанавий разияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ с.а.в. у кишини Маккага у ердаги заиф мусулмонларни олиб келиш учун юборганларида бир мушрика аёл уни ўзи билан зино қилишга чорлайди. Аёл бағоят гўзал ва қадди қомати келишган бўлади. Марсад Аллоҳдан қўрқиб аёл билан зино қилишдан бош тортади. Кейин аёл ундан ўзига хотинликка олишни таклиф қилади. Марсад эса, аввал Расулуллоҳ с.а.в.дан маслаҳат сўраб, шундан кейин унга уйланиши мумкинлигини айтади. Мадинага қайтиб келганидан сўнг Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган воқеани айтиб, ўша аёлга уйланишга изн сўраганида юқоридаги оят нозил бўлади. Шунингдек,

 إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِتَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ بِمَا أَرَاكَ اللَّهُ وَلَا تَكُنْ لِلْخَائِنِينَ خَصِيمًا

яъни: “Албатта, Биз Сизга ушбу Китоб (Қуръон)ни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун барҳақ нозил этдик. Хиёнатчиларга эса, ҳимоячи бўлманг!” (Нисо сураси, 105-оят) ояти ва ундан кейинги оятлар Бани Зуфар қабиласидаги Тоъма ибн Убайриқ деган киши ҳақида нозил бўлган. У киши қўшнисининг совутини ўғирлаб, ўғрилиги ошкор бўлиш хавфи туғилганда у совутини бошқа бир одамнинг уйига олиб бориб беркитади. Шундан кейин Тоъманинг қабиладошлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келишиб, уни оқлаб гапирадилар. Уларга ишониб Пайғамбар алайҳиссалом Тоъмани одамлар олдида ҳимоя қиладилар ва уни ўғри деганларга қарши гапирадилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлган.

         Саволларга жавоб тариқасида келган оятларга мисоллар жуда ҳам кўп бўлиб, улардан баъзиларини намуна учун келтирамиз:

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْيَتَامَى قُلْ إِصْلَاحٌ لَهُمْ خَيْرٌ وَإِنْ تُخَالِطُوهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ

яъни: Сиздан, шунингдек, етимлар тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизга) уларнинг молларини қўшиб юборсангиз (зарари йўқ), зеро, улар (бамисоли) ўз биродарларингиздир(Бақара сураси, 220-оят).

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى فَاعْتَزِلُوا النِّسَاءَ فِي الْمَحِيضِ وَلَا تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّى يَطْهُرْنَ فَإِذَا تَطَهَّرْنَ فَأْتُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ أَمَرَكُمُ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ

яъни: Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз). Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади(Бақара сураси, 222-оят).

وَيَسْتَفْتُونَكَ فِي النِّسَاءِ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِيهِنَّ

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) аёллар тўғрисида фатво сўрайдилар. Айтинг: “Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ фатво берур” (Нисо сураси, 127-оят).

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْأَنْفَالِ قُلِ الْأَنْفَالُ لِلَّهِ وَالرَّسُولِ

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир” (Анфол сураси, 1-оят).

         Қуръон камдан-кам ҳолатда ҳеч қандай саволсиз, ҳеч қандай воқеа-ҳодисасиз нозил бўлар эди. Бироқ, гоҳида бирорта саволга жавоб бўлиб ёки бирорта воқеанинг ҳукмини баён қилиб нозил бўлган оятга боғлиқ бўлган бошқа ҳукм ҳам келар эди. Бунга мисол тариқасида шуни келтириш мумкин:

وَيَسْتَفْتُونَكَ فِي النِّسَاءِ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِيهِنَّ

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) аёллар тўғрисида фатво сўрайдилар. Айтинг: “Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ фатво берур” (Нисо сураси, 127-оят). Ушбу оятдаги савол етим аёлларга уйланишнинг ҳукми ҳақида эди. Оятда сўралган фатвога жавоб нозил бўлиш билан бирга болаларга яхшилик қилиш, етимларга нисбатан адолатли бўлиш ҳақида қўшимча ҳукмлар ҳам нозил бўлди.

         Шунингдек,

وَلَا تُنْكِحُوا الْمُشْرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُوا وَلَعَبْدٌ مُؤْمِنٌ خَيْرٌ مِنْ مُشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ

яъни: “Мушрик эркакларга ҳам, то имон келтирмагунларича, (мўмина қизларни) никоҳлаб бермангиз. Зеро, ҳур мушрикдан кўра имонли қул яхшироқдир, гарчи у (мушрик) сизларга манзур туюлса ҳам” (Бақара сураси, 221-оят) ояти юқорида зикр қилинган Марсад ал-Ғанавий ҳақида нозил бўлган оят билан бирга тушурилгандир.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг

биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

https://t.me/tuhur


 

Биринчи мақола: Муҳаммад алайҳиссаломнинг илк пайғамбарлик даврларида арабларнинг ҳолати

Иккинчи мақола: Мадинаи мунавварадаги қонунчилик 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Биз кимларнинг ворислари эдик?

20.12.2024   4491   6 min.
Биз кимларнинг ворислари эдик?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кишилик тарихини кузатсак, киши ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанишини билиб оламиз. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг буйруқлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонни ўрганган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган.

Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради, киши орзу-мақсадларига фақат илм орқали етишади. Илму ирфондан юз ўгирган ёки илм олишга лаёқати паст бўлган жамият эса ҳамиша кимгадир юкуниб яшашга маҳкум бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб бу борада аниқ мезонни белгилаб берди.

Азал-азалдан бу юртнинг нури бутун дунёга таралиб, порлаб тургани сир эмас. Масалан, Имом Бухорийни ким билмайди? Имом Термизийни, имом Доримийни-чи? Ёки Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъийн Насафий каби улуғ зотларни ким эътироф этмайди? Бу улуғ имомларнинг илмий мерослари асрлар давомида ушбу заминнинг буюк тарихидан далолат бериб келмоқда. Бутун Ислом олами Бухоро сўзини эшитганда чексиз ҳурмат бажо келтириши ҳаммамизга маълум. Бундай эҳтиром, аввало буюк ватандошимиз – Имом Бухорий ҳазратлари, қолаверса, юртимизда етишиб чиққан уламолар шарофатидан.

Мовароуннаҳр диёри ҳар бир асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб бергани тарихий ҳақиқат. Масалан, ҳижрий II асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, кейинги аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Ийсо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи юзйилликда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари етишиб чиқди.

Илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, бу борадаги ютуқлар ҳам илғор бўлган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний кашф қилган бўлса-да, олти юз йилдан кейин Оврупада француз олими Веитга нисбат берилди. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.

Биргина тиббиёт соҳасида юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари XVI асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳада Ибн Синодан ўрганганини гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.

Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр вал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. XV асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонлар ҳақида илк фикрларини оммага тақдим этди.

Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.

IX асрнинг 1-ярмида халифа Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган «Байт-ул ҳикма» («Билим уйи») деб аталган академияга ҳам марвлик Абу Али Яҳё ибн Мансурдан кейин Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик килган эди. Бу даврда Хоразмий насаби шу даражада машҳур бўлиб кетдики, кимнинг Хоразмий насаблик шогирди бўлса, обрў ҳисобланар эди.

Энди шу жойда озгина бугунги кунимизга назар ташлайлик. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Яқин ўтмишимиздаги оила дастурхони устида хонадон каттасининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат қилгани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари ташкил этишгани, ёшларнинг илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнашгани каби ҳолатлар бугун эриш туюладиган бўлиб қолди.

Кундалик ташвишларни бир чеккага суриб туриб, ўтмиш ва бугунимизни қиёслаб кўрайлик. Кеча ким эдик, кимларнинг ворисларимиз деган саволни бериш билан бирга унга ечимни излайлик. Ажаб эмаски, шунда инсоният тамаддунида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш билан бир қаторда дунё пешқадамларига айлансак.

Маҳмуд Маҳкам