Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди.
Мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлди.
- Ватан фидойиларини эслашимиз, уларнинг ҳақига Қуръон ўқишимиз яхши анъана. Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун, халқимиз эмин-эркин яшаши учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги намуналар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси - одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш учун, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун, - деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, мустабид тузум даврида минглаб бегуноҳ ватандошларимизнинг умри хазон бўлган. 1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган.
- Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари қатағонга учраган ана шу 100 минг одамнинг ҳар бири бўйича изланиш, жойларга чиқиб, қариндошлари билан учрашиб, номларини тиклаш, қилган ишлари ҳақида китоблар чоп этиш, ўзлари яшаган маҳаллалар ва мактабларга номларини қўйиб, хотирасини абадийлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари маърифатпарварлар хотирасига бағишлаб музейлар, муаззам ҳайкаллар яратилди. Ижод мактаблари бунёд этилди. Қорақалпоғистон Республикасида, барча вилоятларда Қатағон қурбонлари музейининг бўлимлари очилди. Қатағон қурбонларига бағишланган янги-янги китоблар, фильмлар, тадқиқотлар яратилмоқда.
Коронавирус пандемияси юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Афсуски, бу касаллик уч юздан зиёд юртдошимизнинг ҳаётига зомин бўлди.
Маросимда ушбу инсонлар хотирасига бағишлаб ҳам Қуръон тиловат қилинди. Беморларнинг тезроқ соғайишини Аллоҳдан сўраб, дуо ўқилди.
- Ўз яқинларидан жудо бўлган барча оилаларга чуқур ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилайман. Даволанаётган беморларимизнинг дардига шифо беришини Худодан сўраймиз. Олти ойдан бери шу бало билан курашяпмиз. Бу касаллик юртимиздан тезроқ кетишини сўраб дуо қиламиз, - деди давлатимиз раҳбари.
Манба: https://president.uz
Шу йилнинг 6 феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўрта махсус диний таълим муассасаларининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича янги тайинланган мудир (директор) ўринбосарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, раис ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда Таълим ва илмий-тадқиқот, Кадрлар ва Ички назорат бўлимларидан вакиллар иштирок этди.
Тадбирда янги тайинланган ходимлар ҳам таништирилиб, таълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Янги раҳбар ходимларга керакли тавсиялар берилиб, хусусан, ёшларнинг ахлоқий ва маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, уларга миллий ва диний қадриятларимизни сингдириш, замонавий таълим усулларидан самарали фойдаланиш масалалари эслатиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати