Муҳтарам Президентимиз Фармонига асосан кўп йиллик самарали меҳнати, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Миноваров Шоазим Шоисломович «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллик қадрдон Шоазим Миноваровни юксак мукофот билан қутлаб, у кишига Аллоҳ таолодан улкан зафарлар ва шарафли натижалар тилайди.
Маълумки, мамлакатимизнинг Ислом дини маданиятида тутган ўрнини ва буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини намоён этиш, юртимизда муборак динимизнинг ҳақиқий мақомини тарғиб қилиш мақсадида, Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига Шоазим Миноваров раҳбарлик қилиб келмоқда.
Ўтган вақт мобайнида Ислом цивилизацияси маркази 12 та халқаро нуфузли халқаро ташкилот ва йирик муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатди. Жумладан, Истанбулдаги Тўпқопи музейи, Ибн Холдун университети, Ислом тадқиқотлари маркази, Франция ислом маркази, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Париждаги Лувр музейи, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи ва бошқа қатор ислом ва унинг тарихини ўрганиш марказлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳам ўз меваларини аллақачон бера бошлади. “Танланган ҳадислар”, “Буюк аждодларимиз”, “Иймон ва эътиқод”, “Вақфия”, “Панднома”, “Амир Темур. Тузуклар” асарлари нашрдан чиқарилди.
“Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти” маълумотномаси ва “Ислом цивилизацияси қомусий луғати”нинг биринчи жилди нашрга тайёрланди. “Ўзбекистон ислом цивилизацияси” илмий журнали чоп этила бошланди, жаҳоннинг 32 мамлакатида марказнинг тақдимотлари ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Шоазим Миноваров Тошкент Француз альянсига у ташкил этилган 2015 йилдан буён раҳбарлик қилади. У – тажрибали дипломат ва моҳир таржимон сифатида ҳам эътироф этилиб, фрунцуз ҳукуматининг «Хизматлари учун» кавалер ордени билан тақдирланган. Шоазим Миноваров Француз тили ва адабиёти илмини мукаммал эгаллаган таржимон сифатида даставвал Франсуа Мориакнинг “Илонлар чангалида”, Монтескьенинг “Форс номалари” (ҳамкорликда) романларини, Ле Клезионинг “Монде ва бошқа ҳикоялар”ини ўзбек тилига бевосита ўгирган бўлса, кейинги йилларда таниқли адибимиз Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи ва бир қатор ҳикояларини ўзбек тилидан французчага таржима қилиб Европага танитди. Ушбу таржима 2015 йил “Adieu aux contes de fées” (“Сеҳрли эртаклар билан хайрлашув”) нашр қилинди ва Парижда ЮНЕСКО қароргоҳида унинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Турли йиллар мобайнида Шоазим Миноваров Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимларида ҳам хизмат қилган. У – “Мустақилликнинг 15 йиллиги” кўкрак нишони ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти Шоазим Миноваровни юксак орден билан қутлаш баробарида Яратган Парвардигордан узоқ йиллик қадрдонга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахту саодат, файзу барака тилайди. Ҳақ таолодан эл-юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида олиб бораётган меҳнатларида улкан муваффақиятлар ато этишини сўрайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Муносабат
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида қабул қилинаётган қонун-қоидалар ва меъёрий ҳужжатлар инсоннинг эътиқод эркинлиги, ижтимоий адолатни таъминлаш, унинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳамда ҳуқуқ-эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг барчаси халқимиз эҳтиёжларини таъминлаш, одамларни рози қилиш ва ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилганини ўз ҳаётимизда гувоҳи бўлаяпмиз. Бугун рўёбга чиқаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар замирида Асосий қонунимиз ва унга асосланган норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти мужассам. Чунки мазкурларда «Инсон ва унинг қадр-қиммати» деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилган. Шу нуқтаи назардан, Давлатимиз Раҳбари барча ислоҳотларнинг асосий мақсадини «Одамларни ҳаётдан рози қилиш – асосий мезон» деган юксак тамойилга қаратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тараққиётимизнинг янги даврида инсонларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш халқимизни маънан юксалтириш ва илм-маърифатли авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Айниқса, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилди, мамлакатимиз бўйлаб юзлаб масжидлар очилди, Қуръони карим курслари фаолият юритмоқда. Ҳаж квотаси 3 баробар оширилди, умра зиёратчилари бир неча юз мингни ташкил этмоқда. Натижада қарийб 800 минг мўмин-мусулмонларимиз ҳаж ва умра ибодатларини амалга ошириш бахтига эришдилар.
Диний таълим тизимининг ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, жумладан, 2 та аёллар мадрасаси ёшларга илм-маърифат бермоқда. Дунёвий ва диний билимларни уйғунлаштириш, диний соҳада кадрларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.
Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирлар меросини илмий ўрганиш, замонавий таҳдидларнинг ғоявий асосларини тадқиқ этиш йўлида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотрудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари жадал фаолият кўрсата бошлади.
Яқинда муҳтарам Президентимиз улкан ва ноёб лойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиши билан танишиш жараёнида дин арбоблари, зиёлилар, олимлар, меъморлар билан суҳбатлашар экан, мазкур иморатни буюк аждодларимиз заковати, халқимиз маънавий салоҳиятига мос қилиб барпо этиш, уни ёшлар учун улкан тарбия мактаби, сайёҳлар учун табаррук қадамжога айлантириш кераклигини таъкидладилар.
Мамлакатимиздаги мазкур умуминсоний ва инсон қадри йўлидаги ислоҳотлар амалга оширилиши ҳамда фуқароларимизнинг эътиқод эркинлиги таъминланишида Конституциямиз ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.
Шу йилнинг 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ташаббус қилинган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳам мана шундай ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ушбу ҳужжат билан танишар эканмиз, концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда пухта ишлаб чиқилганига гувоҳ бўламиз.
Хусусан, Концепциянинг 3-бандида диний қадриятлар Ўзбекистон халқининг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, одоб-ахлоқининг шаклланиши ҳамда уларнинг авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтишига хизмат қилиб келиши таъкидланиб, бу Давлатимизда барча динларга бўлган эътибор ва эътирофнинг ёрқин далили ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, концепция кўпмиллатли ва турли конфессияли юртимизда эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун барқарор муҳитни таъминлашга қаратилгандир. Жумладан, ҳужжатда “Ҳар бир шахснинг қонун асосида тенг ҳуқуқ, имконият ва ҳимояга эга бўлишини таъминлаш, ҳар бир инсон қадрланадиган, ҳурмат қилинадиган ва фикри инобатга олинадиган ижтимоий муҳитни яратиш”, деб алоҳида қайд қилинган.
Демакки, бундай саъй-ҳаракатлар инсон қадр-қимматини оширишга, миллатлар ва динлараро муносабатларни мустаҳкамлашга, тинчлик-хотиржамликни таъминлашга қаратилгани билан ҳам янада аҳамиятга эга. Зеро, инсон қачонки миллати, халқи, дини ғами билан яшаса, баркамолликка эришади. Ҳаётга тадбиқ этилаётган бу каби қонун-қоидалар натижасида ҳамжиҳатлигимиз янада мустаҳкамланади.
Муҳим бандларни синчковлик билан ўқиган инсон, қайси соҳада бўлмасин, илм-маърифат, илмий асосланганлик ва ривожланишга тарғиб этилганини англаб етади. Жумладан, “жаҳон илм-фани, маданияти, санъати ва адабиётининг илғор ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда мамлакат илм-фани ва маданиятини ривожлантириш”, шунингдек, “мамлакат аҳолисида, айниқса, ёшларда илмий, ақлий салоҳиятни юксалтириш, ватанпарварлик туйғуларини, миллий қадриятлар ва ижтимоий ахлоқ нормаларига бўлган ҳурмат руҳини кучайтириш”, деган мазмундаги бандлар баён этилган.
Зеро, Ислом дини доимо инсонларга тараққиёт йўлида юришни шарт қилган ва кишиларни илм-маърифатга ундаган. Чунки жамиятни илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди ва тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Мужодала сурасидаги 11-оятда эса илмли кишилар Аллоҳ таолонинг ҳузурида бошқалардан кўра юқори даражада туриши очиқ-ойдин айтилган: «Аллоҳ сизлардан имон келтирганларнинг ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур».
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кишиларни илмга тарғиб қилувчи кўп ҳадиси шарифларни айтганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», дедилар» (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари). Демак, ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун шарт деб билиши зарур. Юрт тараққиёти ҳам, халқнинг фаровон ҳаёти ҳам илм билан бўлишини ҳар бир инсон англаб етиши жуда муҳимдир.
Теран назар билан лойиҳани ўқиб чиққан киши, мазкур ҳужжат билан фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш таклиф этилаётганини тушуниб етади.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, ҳужжатнинг жуда кўп муҳим нуқталарида умумжамият манфаатларини рўёбга чиқаришда тенглик ва адолат каби муҳим тамойилларга катта урғу қаратилган. Бу ҳам бўлса, жамиятимиз адолатлилик, инсонпарварлик ва бирдамлик йўлидан одимлаётганини яққол ифода этади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур Концепция қабул қилиниши ва соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди, халқимиз тотувлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, ёшлар илм-маърифати, маънавиятини юксалтиришга, давлатчиликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга замин ҳозирлайди.
Шайх Нуриддин Холиқназар,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий