frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ажойиб жавоб! (1-қисм)

29.08.2020   4457   2 min.
Ажойиб жавоб! (1-қисм)

 

Ўзга дин вакилларидан бири мусулмон олимига савол берди: “Қуроъонни ўқиб чиқдим ва натижада менда бир неча саволлар пайдо бўлди. Ишониб айтаманки ушбу саволларимга жавоб бера олмайсиз”.

“Марҳамат, аввал саволингизни беринг, хулоса қилишга асло шошилманг!” деди мусулмон олими.

Саволим қуйидагича: “Бақара сурасининг 260-оятида: “Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деган. Демак, Иброҳим ҳам ўликлар қайта тирилишига ишонмаган. Бу эса Қуръоннинг мўъжизавий китоблигига шубҳа келтиради”.

“Аввало оятни тўлиқ айтмадингиз. Оятнинг тўлиғи қуйидагича: Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У зот: «Ишонмадингми?» деди. У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди. У зот: «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келурлар ва билгинки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир», деди.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмаганлар. У зот алайҳиссаломнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «Оре (ишондим), лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратидан кўнгил хотиржам бўлиши учун сўраганлар.

Шунингдек, саволга яхшилаб эътибор беринг! “Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, демак “ўликларни тирилтирасанми?” эмас балки “ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деяптилар.

Сизга бир мисол, ҳозирда деҳқон ҳам, чўлда яшовчи бадавий ҳам уйида электрдан фойдаланади, тўғрими? Лекин электрни қандай келишини билмайдилар. Бироқ улар ҳаётда ундан фойдаланаётганлари рост. Ахир кейинчалик уни қаердан келишини ўрганиш ва билишлари электрдан фойдаланиши ёки фойдаланмаслигини ўзгартирмайдику.

Хулоса шуки, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога бўлган иймонларида ҳаргиз шубҳанинг учқуни ҳам бўлмаган. Бу ерда сиз оятнинг ҳақиқатини тушунмагансиз холос (савол-жавобнинг давоми бор).

 

Яҳё АБДУРАҲМОНОВ Убайдуллоҳ ўғли,

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   9567   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар