Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июл, 2025   |   24 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:27
Қуёш
05:06
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
19 Июл, 2025, 24 Муҳаррам, 1447

Самарқанд – МДҲнинг маданий пойтахти

17.10.2023   938   1 min.
Самарқанд – МДҲнинг маданий пойтахти

МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг шу йил 13 октябрь кунги йиғилишида Самарқанд шаҳрини 2024-йилда Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда mynamaz.ru хабар бермоқда.

МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ҳукуматларига дастур тадбирларида ўз давлатлари вакилларининг иштирокини ташкил этишда ёрдам кўрсатиш топширилди.

Давлат раҳбарлари, Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғарма, МДҲга аъзо давлатларнинг маданий ҳамкорлик кенгаши, ҳамкорликнинг бошқа манфаатдор соҳа органлари ва Ҳамдўстлик ижроия қўмитасига Самарқанд шаҳрида маданий тадбирларни қўллаб-қувватлаш имкониятларини кўриб чиқишни топширди.

Маълумот учун, Самарқанд дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, 1924 йилда Совет Ўзбекистонининг биринчи пойтахти бўлган, республикада учинчи йирик шаҳар (2023-йил 1 январ ҳолатига кўра шаҳарда 573,2 минг киши рўйхатга олинган).

Бугунги кунда Самарқандда 14 та археологик ёдгорлик, 410 та меъморий ёдгорлик, 23 та диққатга сазовор жой, 36 та ёдгорлик, жами 483 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд. Тарихий биноларнинг аксарияти Самарқанд темурийлар салтанатининг пойтахти бўлган 15-17-асрларга тўғри келади.
2001 йилда Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?

16.07.2025   4377   2 min.
Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?

Осмонлару ерни яратган  Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.

Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.

Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.

Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.

Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].

Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?!  Албатта, йўқ.

Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.

Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг. 

Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг.  Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Ҳуд сураси, 102-оят.