Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Декабр, 2024   |   20 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:45
Пешин
12:26
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:20
Bismillah
21 Декабр, 2024, 20 Жумадул сони, 1446

Муҳаммад алайҳиссаломнинг илк пайғамбарлик даврларида арабларнинг ҳолати

28.08.2020   2670   6 min.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг илк пайғамбарлик даврларида арабларнинг ҳолати

Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик келишидан олдин араблар тартибсиз ҳаёт кечирар эдилар. Улар на бир қонунга бўйсунар ва на бирорта ягона динга эътиқод қилар эдилар. Осмонларини жаҳолат булути қоплаган эди. Бунинг натижасида турли хил ботил ақидалар уларнинг қон-қонларига сингиб кетган бўлиб, гоҳида ўз қўллари билан ясаб олган ҳайкалларни илоҳ десалар, гоҳида кўз ўнгиларида чиқиб-ботиб турган юлдузларни илоҳ дер эдилар. Шу сабабли ҳар ким ўз ота-бобосидан мерос қилиб олган эътиқодни ҳақ деб билар эди. Лекин шунга қарамай уларнинг ўзларига яраша кичкинагина кенгашлари бўлиб, бу кенгаш орқали ўрталаридаги можаро ва турли муаммоларни ҳал қилар эдилар. Бундан ташқари баъзи яхши одат ва қадриятлар ҳам йўқ эмас эди. Бу одатларнинг баъзиси уларга оталари Исмоил алайҳиссаломнинг шариатларидан қолган бўлса, баъзилари қўшни диёрларда яшаётган яҳудий ва насронийлардан кириб келган, бошқалари эса урф-одат ва ҳаёт тажрибаси орқали юзага келган эди. Масалан, уларда ҳам талоқ, никоҳ, зиҳор каби ижтимоий масалалар мавжуд бўлиб, ўзларининг тартиб интизомларига мувофиқ ўтказар эдилар. Аёл киши ўз валийсига кимга тегмоқчи эканлигини айтар, валий эса хабарни йигитга етказар, агар йигит рози бўлса валий орқали келинга маҳр берар ва шундан кейин келин куёвникига келар эди.

Шунингдек, қасос олишда ҳам арабларнинг машҳур қоидалари бор эди. Масалан, “иккинчи қатл биринчи қатлни бекор қилади”, “янглишиб ўлдириб қўйилганда ўлган кишининг дияси қотилнинг ота томонидан бўлган энг яқин қариндоши зиммасига юкланади” ва ҳоказо каби қоидалар мавжуд эди. Лекин мазкур қонун ва қоидалар халқ орасидагина мавжуд бўлиб, бирорта ҳам китобга қайд қилиб ёзиб қўйилмаган ва бу қонунлари ҳаётларини тартиб-интизомга солиб туриш учун етарли эмас эди. Арабларнинг аҳволлари то Ислом дини келгунича шундай давом этди. Аллоҳ таоло қуриб-қақшаб ётган араб ярим оролини Ислом динига бешик, дунё бўйлаб ҳидоят ва илм қуёши чиқадиган жой бўлишини, урушқоқ ва қаҳри қаттиқ аъробийларни Ислом динининг даъватчиси ва унинг ҳимоячиси бўлишлигини ҳохлади.

اللَّهُ أَعْلَمُ حَيْثُ يَجْعَلُ رِسَالَتَهُ

яъни: “Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйиш (раво кўриш)ни яхши билувчидир” (Анъом сураси, 124-оят). 

Пайғамбарлик давридаги қонунчилик

Ислом дини барча инсонларга баб-баробар келган, лекин шундоқ бўлса ҳам у биринчи бўлиб арабларнинг ҳаёт тарзларини ислоҳ қилишдан бошлади. Чунки, Аллоҳ таоло уларни Ўз динининг ёрдамчиси ва унинг даъватчиси бўлишларини ихтиёр қилган эди. Сиз юқоридаги мавзуда танишиб ўтганингиздек, арабларнинг аҳволлари икки ҳолат билан ажралиб турар эди: диний ҳаётларида бутпарастлик, ижтимоий ҳаётда беқарорлик. Арабларни бундай тартибсизликдан олиб чиқиш ва Аллоҳнинг динига ёрдамчи қилиб тарбиялаш учун улардаги мана шу икки ҳолатни тузатмоқ лозим эди. Бу ҳолатни тузатиш эса арабларнинг қалбига ёлғиз Аллоҳга бўлган эътиқод уруғини экиш, холис Унинг ўзигагина ибодат қилмоққа йўллаш, улардаги разил ахлоқларни буткул қўпориб ташлаш, ёмон одатларга чек қўйиш, чиройли ва намунали одоб ва ахлоқларни уларнинг табиатларига сингдириш билан ҳамда уларнинг барча ишларида қўлланадиган, турмуш тарзларида унинг кўрсатмасига амал қиладиган қатъий қонун жорий қилиш билан амалга ошар эди. 

Маккадаги қонунчилик

Ислом дини биринчи ишни эътиқодни ислоҳ қилишдан бошлади. Чунки, эътиқод асосий пойдевор ҳисобланиб, бошқа нарсалар унинг устига бино қилинади. Шунинг учун ҳам аввал шу мақсадни амалга ошириш, ундан кейингина ижтимоий ҳаёт қонунларини жорий қилишга киришди.

Айнан шу сабабли Маккада – ҳижратдан олдин – нозил бўлган Қуръон оятларига назар ташлайдиган бўлсангиз, унда мушрикларни ширкдан қайтаришга, уларни тавҳид (якка худолик)га даъват қилишга, Осмон ва Ер ҳақида, мавжудотларнинг яратилиши ҳақида фикр қилишга ундовчи, ота-боболарнинг нотўғри эътиқодларига тақлид қилишни бас қилишга чақирувчи, аждодлардан қолган жоҳилият одатлари бўлмиш одам ўлдириш, зино, қизларни тириклайин кўмиш каби ишлардан юз ўгиришга буюрувчи маъноларни кўришингиз мумкин. Шунингдек, Маккий оятларда Ислом ахлоқ-одобларидан намуналар келтирилади, масалан, адолат, вафо, эҳсон, яхшилик ишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш, адоват ва гуноҳ ишларда бировга ёрдам бермаслик ва ҳоказо. Кўпгина оятларда Аллоҳ берган ақлни ишлатишга, ўз ақл-идроклари орқали тўғри йўлни топиб олишга чақиради. Ўзларига юборилган пайғамбарга қарши чиқмасликка, акс ҳолда илгари яшаб ўтган кишиларнинг бошига келган бало ва офатлар уларга ҳам келиб қолиши мумкин эканлигини таъкидлайди. Уларни қон-қонларига сингиб кетган жоҳилият одатларидан халос қилиб, яхши одат ва анъаналарни ҳаётларига сингдириш учун барча услубларни қўллайди.

Қуръони карим ушбу даврда нозил бўлган оятларда шариатнинг иккинчи томонига (яъни ибодатлар) жуда оз миқдорда эътибор қаратган, ҳаттоки ибодатларнинг аксари ҳижратдан кейингина жорий қилинган. Ўлимтик, қон ва Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган гўштни ейиш ҳаромлиги ҳақидаги аҳкомлар Ислом ақидасини сақлаш учун зарур бўлганлиги сабабидан ҳам ҳижратдан олдин жорий қилинган эди.

Мана шу Исломнинг Қуръони каримнинг кўпгина оятларида тутган йўли ва услубидир. Қуръон оятлари олти мингдан зиёд бўлишига қарамай ундаги аҳком оятлар сони икки юзта атрофидадир, ундан бошқалари эса юқорида биз зикр қилиб ўтган мавзуларга тегишлидир.

Қуръони карим ўн уч йил давомида мана шу услубда нозил бўлди. Ислом эътиқоди кўпчиликнинг қалбида илдиз отиб ширк залолати ақида нури олдида ғойиб бўлди. Ислом динига кирувчиларни турли азоб ва хўрлашлар билан ундан тўсувчи душманларнинг ҳийла ва найранглари энг юқори даражага чиқди. Шу вақтда Аллоҳ таоло аввал мўминларга, сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломга ансорларнинг диёри, мусулмонларнинг янги ватани ҳамда келажакда Аллоҳнинг йўлига даъват қилишда асосий ўрин тутувчи қувват манбаи бўлмиш Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишга изн берди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишнинг зарарлари

20.12.2024   15424   1 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати