Ҳозирги ойларимизни номлари тақвимларда «муҳаррам» деб ёзилсада, бизни доно халқимиз неча асрлардан бери бу ойларни «ашуро» (араб т. «ўн кунлик») ойи деб улуғлаб келган. Шунинг учун ҳам шундай улуғ, муқаддас, фазилатли ойларнинг ҳурмат-шарофатларидан, муқаддас пок Ислом динимизга бўлган беқиёс меҳри юзасидан, пайғамбарларимизга бўлган камоли эҳтиромидан ва чексиз ҳурматидан ота-бобокалонларимиз ўзларининг шакардан ширин фарзандларини «Ашурали», «Ашурбек», «Ашургул», «Ашурахон», «Ашурмат», «Муҳаррам», «Муҳаррамбек», «Муҳаррамхон» каби исмлар билан номлаб келган. Сабаби – бу ойда инсоният тарихидаги кўп пайғамбарларнинг ҳаётларида оламшумул воқеалар содир бўлган.
Энг қизиқарли жойи ва энг таажжубланарли жойи шундаки, ҳар бир пайғамбарларнинг яшаб ўтган даврлари ораларида неча минг йиллар бўлиб ўтган бўлсада, ҳар бирларининг ҳаётларидаги бўлган оламшумул воқеалар айнан ашуро ойининг айнан 10 кунида рўй берган! (Бу йил 29 августга тўғри келади). Жумладан, Одам алайҳиссалом ва Момоҳавонинг 40 йил давомида қилган тавбалари айнан шу кунда қабул бўлди, Нуҳ алайҳиссаломнинг тўфондан қутулишлари, Иброҳим алайҳиссаломнинг улоқтирилган оловдан омон қолганлари, Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари билан топишишлари, Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнидан чиқишлари, Айюб алайҳиссаломнинг хасталикдан шифо топишлари, Мусо алайҳиссаломнинг ашаддий душманлари Фиръавннинг ғарқ бўлиши Ашуро кунида, яъни муҳаррам ойининг 10 кунида юз берди.
Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни, бу ойнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини боғлаган кеча Ашуро кечаси бўлиб, муборак фурсатлардир. Ҳадиси шарифларда ушбу муборак кун Ашуро кунининг фазилатлари тўғрисида қуйидаги битиклар ёзилган:
– "Ашуро куни зарра қадар садақа берган кишига Аллоҳ таоло Ухуд тоғича савоб беради";
– "Ашуро кунининг рўзаси ўтган бир йиллик гуноҳларга каффоратдир";
– "Ким муҳаррам ойининг ўнинчи кунида рўза тутса, Аллоҳ таоло унга ўн мингта фариштанинг савобини беради. Ким муҳаррам ойининг ўнинчи кунида рўза тутса, унга ўн мингта ҳожи ва умра қилган кишининг ҳамда ўнг минг шаҳиднинг савоби берилади";
– "Ким муҳаррам ойида рўза тутса, бир кун рўзаси учун ўттиз кун рўзани савоби берилади";
– "Ким Ашуро кунида битта етимнинг бошини силаса, Аллоҳ таоло ҳар бир соч толаси баробарида унинг даражасини кўтаради" (бугунги кунларда моддий таъминот ҳам беқиёс катта аҳамиятга эга);
– "Ким Ашуро кечаси битта мўминга ифтор қилиб берса, гўё Муҳаммаднинг барча умматларига ифторлик қилиб берган ва уларнинг қоринларини тўйғазганлик савобига эришади" (бугунги кунларда ота-онамизга, ўз хонадонимизда ўз оиламизга қилсак, балки ундан ҳам беҳисоб кўпроқ савоб бўлади);
– "Ким Ашуро кунида ўз аҳли оиласига қўпроқ нафақа қилса (яъни, рўзғорини бут қилиб берса), Аллоҳ таоло йил давомида ўнинг ризқига кенгчилик беради".
Бу хусусда Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.
Энди бир фикр юритайлик… Шундай улуғ пайғамбарларни бошларидаги катта ташвишларидан, чеккан азобларидан, оғир қийинчиликларидан, турли машаққатларидан қутулишларини Аллоҳ таоло нега ойларни подшоси бўлган, ойларнинг султони бўлган Рўза ойида эмас, нега бутун дунёдан мусулмонлар бир жойга – Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Каъбатуллохга – йиғиладиган Хаж ойида эмас, нега Ер юзидаги мусулмонларнинг байрамлари бўлган Рамазон хайитида эмас, нега Ислом динининг катта хайит куни бўлган Қурбон хайитида эмас? Ваҳолангки, бир йилда 365 кун бор! Улар яшаб ўтган даврлари ораларида неча минг йиллар бўлиб ўтган бўлсада, балки айнан шу ойда ва энг таажжубланарлиси, айнан шу кунда ихтиёр этган?
Демак, бу ойнинг ўзгача хислатлари бор экан! Демак, бу ойда Ер юзига Аллоҳ таоло ўзгача илохий назари билан, ўзгача раҳмат назари билан қарайдиган ой экан! Демак, бу ойда бандаларига Худои таоло томонидан инсонни ақли ожизлик қиладиган кўп яхшиликлар, беқиёс неъматлар, улуғ хислатлар, файзу барака ёғиладиган ой экан! Шунинг учун ҳам буюк зотларни – катта пайғамбарларни ташвишдан хотиржамликка, азобдан роҳатга, қийинчиликдан енгилликка, машаққатдан фароғатга чиқишларини Аллоҳ таоло айнан шу ойда ихтиёр этган!
Ҳозирги ойларимиз шундай улуғ фазилатли ойлар экан! Мазкур буюк, муҳим ва оламшумул воқеалар Худои таолонинг инояти ила айнан шу ойда содир этилганлиги бежиз эмас! Банданинг Яратгандан ялиниб сўраётганлари ижобат бўладиган ойлар экан! Худога айтаётган илтижолари мустажоб бўладиган ойлар экан! Парвардигорга ёлвораётган нолалари қабул бўладиган ойлар экан! Аллоҳ таолога кечаю-кундузлари турли хил ўринларда қилаётган дуолари мақбул бўладиган ойлар экан!
Улуғларимизни доно, пурҳикматли сўзлари бор: «Ўзлигини англаб етган, қалбига қулоқ солган ҳар бир инсон ўзига, мен бу фоний дунёда нима иш қилдим, яна қандай ишлар қилишга вақтим ва қурбим етади, деган саволни бериши керак. Ана шу савол инсон қалбини тозартиради, уни босавоб, эзгу ишларга чорлайди».
Келинг, муҳтарам азизлар, бундай улуғ ойларни, фазилатли кунларни бизлар ҳам ғанимат билиб, юртимиз, эл-халқимиз, маҳалламиз, оиламиз, қариндошларимиз, қўшниларимиз, дўстларимиз, яқинларимиз хақларига Яратгандан яхши тилаклар сўрайлик…
Илоҳо жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимизни равнақи, доно халқимизни саломатлиги ва фаровонлиги учун муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликлари остида ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин!
Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!
Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-баракалар бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].
Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.
“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.
Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.
Шоир айтади:
Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.
Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:
– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 214-оят.
[2] Юсуф сураси, 83-оят.