Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:26
Шом
17:10
Хуфтон
18:30
Bismillah
04 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446

Рамазон ҳайитини қандай ўтказамиз?

9.04.2024   493   3 min.
Рамазон ҳайитини қандай ўтказамиз?

1. Рамазон ҳайитига ўтар кечани бедор ўтказиш.

Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбеҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).


2. Ғусл қилиш
.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).


3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиб, хушбўйланиш
.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозига чиройли тўнларини кийиб чиқардилар.


4. Ҳайит намозига чиқишдан олдин бирор нарса тановул қилиш.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр куни бир нечта хурмо тановул қилиб чиқардилар. Тоқ ер эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).


5. Масжидга имкон қадар пиёда ва эртароқ бориш
.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).


6. Масжидга етиб етгунча “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” каби зикрларни айтиб бориш.


7. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик.
Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқилмайди, балки зикр қилиб ўтирилади.


8. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.


9. Ҳайит билан муборакбод этиш
.
Саҳобалар: “Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин), деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.


10. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш
.
Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшингиз ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).


11. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.


12. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.

Аллоҳ таоло тутган рўза, қилаётган солиҳ амал ва дуоларингизни ҳусни қабул этсин! Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Тирикчилик қилиш ҳам кундалик жиҳоддир!

3.01.2025   1231   2 min.
Тирикчилик қилиш ҳам кундалик жиҳоддир!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақувват ва бўйи узун бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетди. У зот саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар унинг куч ва қувватидан ҳайрон қолиб дейишди:

– Ё Аллоҳнинг Расули! Қани энди унинг мана шу кучи Аллоҳнинг йўлида ишлатилганида эди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар:

– Агар у гўдак болалари учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у қари ота-онаси учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у риё ва фахрланиш учун кўчага чиққан бўлса, шайтоннинг йўлидадир!

Инсонлар фақатгина жангга қилич яланғочлаб чиқишни жиҳод деб ўйлашади. Қолган нарсалар уларнинг наздида гўё бир маромдаги оддий урф-одатлар. Тўғри, жанг қилиш Аллоҳ йўлидаги ишлар рўйхатининг аввалида туради. Аммо негадир «Аллоҳнинг йўлида» дейилса, энг аввал мияга жиҳод келади. Ҳолбуки, ҳалол тирикчилик қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлидаги иш!

Саҳобалар инсоннинг кучи ва қуввати фақат Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодда ишлатилиши керак деб ўйлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тушунчаларини тўғрилаб қўйдилар. Уларга киши хотини ва бола-чақасининг ташвишида кўчага чиқса, ота-онасининг хизмати учун кўчага чиқса, уйланиш учун маҳрга яроқли нарса топиш илинжида учун кўчага чиқса, у ҳам Аллоҳнинг йўлида юрганини англатдилар!

Аллоҳ йўлида қилган ҳар бир ҳалол амалингизнинг ажрини тасаввур қилиб кўринг! Фарзанд ва аёлингиз яхши еб, яхши кийиниши учун кўчада, уйингиз тартибли бўлиши учун уйингизда ишлашингиз оддийгина одатий иш эмас, Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир!

Ота-онангизни шифохонага олиб боришингиз оддий иш эмас. Бу яхшилик Аллоҳ йўлидаги амалингиздир!

Бир беморни кўргани боришингиз оддий инсоний бурч эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кўнгил олишдир!

Бировнинг отаси ёки онаси вафот қилганида бориб таъзия билдиришингиз оддийгина ижтимоий кўриниш эмас. Бу Аллоҳ йўлида бир-бирига қилинадиган раҳм-шафқатдир!

Тоат, яхшилик ва маъруф ишда ҳаёт кечириш барчаси Аллоҳ йўлида ҳаёт кечиришдир. Бу ишлардаги ажрни тасаввур қилсак, Аллоҳ йўлидаги кураш бизга енгил кечади!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди