1. Аввало "Икки ракат ийдул фитр намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим" дейилади.
2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – "Аллоҳу акбар" деб айтади.
3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.
4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.
5. Имом "Фотиҳа" сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.
6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом "Фотиҳа" сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади. Ҳар такбир айтилганда қўллар қулоқ баробар кўтарилади ва икки ён томонга туширилади.
7. Тўртинчи такбирда қўллар кўтарилмасдан рукуга борилади, сўнгра сажда қилинади.
8. Сўнгра "Аттаҳийёт", "Салавот" ва "Дуо" ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бир аёл ҳар сафар ўғилларидан биронтасини хулқида ёмон ўзгаришни кўрса, дарров садақа қилиб таом тарқатар ва ушбу: “Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил...” (Тавба сураси, 103-ояти)ни ўқиб дуо қиларкан: “Аллоҳим, ушбу садақам фарзандимнинг ахлоқи покланиши учундир, чунки унинг бу ҳоли менга у касал бўлиб, хасталанганидан кўпроқ таъсир қилади, безовта қилади” дер экан.
Яна бир аёл бўлса, камбағал эди, кунлик топганларига кифоя қиларли кун кечиришарди. Шу сабаб садақа қилишга ҳеч нарса тополмасди. Эри ёки ўғли бирон айб, гуноҳ содир қилишса, кечаси туриб намозида Бақара сурасини зам қилиб ўқир ва: “Аллоҳим, бу менинг садақамдир, уни мендан қабул эт. Уни менга ислоҳ қилиб бергин”, дея дуо қиларди.
Нима учун вафот этган инсон дунёга қайтиш имкони берилса, садақани танлайди? Бу ҳақда Қуръони каримда: «Ва бирингизга ўлим келиб: “Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам”, демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг» (Мунофиқун сураси, 10-оят), деб айтилган.
Нима учун “умра қиламан”, “намоз ўқийман” ёки “рўза тутаман” демайди, балки “садақа қиламан” дейди?!
Уламолар айтишади: “Вафот этган киши ўлимидан кейин садақани қай даражада фойдаси, асари улкан бўлишини кўргани учун ҳам шундай дейди”.
Садақани кўпайтиринглар, албатта мўмин қиёмат кунида садақасининг сояси остида бўлади.