Саудия Арабистони Подшоҳлиги Макка шаҳридаги “Масжидул Ҳаром”нинг юқори қаватида кексалар ва эҳтиёжманд зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган “ақлли” голф машинаси ишга туширилди. “Saudi Gazette”нинг Икки Муқаддас масжид ишлари бўйича бош бошқармасига таяниб хабар беришича, голф аравасидан тавоф қилиш (Муқаддас Каъба атрофида айланиб ўтиш) мумкин.
Департаментнинг таъкидлашича, эҳтиёжманд зиёратчилар голф аравалари жойлашган жойга “Aжад” эскалаторлари ва “Қирол Aбдулазиз” дарвозасидаги лифтлар орқали боришлари мумкин. Голф машинаси иш вақти 12 соат яъни ҳар куни 16:00 дан 4:00 гача.
Қайд этилишича, хизмат фақат тавоф қилиш учун кўрсатилади ва унинг нархи бир киши учун қўшилган қиймат солиғи билан 25 саудия риёлини ташкил этади. Ҳозирда зиёратчилар тавоф қилиши учун 50 та голф машиналари мавжуд, уларнинг ҳар бири 10 йўловчига мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб турган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги делегация Макка шаҳридаги меҳмонхонада зиёратчиларимиз учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Соҳа раҳбарлари билан мулоқотда бўлган юртдошларимиз муборак амалларни бекаму кўст адо этиш учун қилинган шароитлардан бениҳоя мамнунликларини изҳор этиб, мана шундай эзгу ишларга раҳнамолик қилаётган муҳтарам Президентимиз ва мутасаддилардан чексиз миннатдор эканларини билдирдилар.
Ҳақиқатан, ҳамюртларимиз учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Мазкур меҳмонхонанинг фойелари кенг бўлиб, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган ва зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, етарли ададда лифтлар ишламоқда. Шу жойнинг ўзидан ишчи гуруҳ вакиллари зиёратчиларимиз талаб-истакларига доимо ҳозиржавоб бўлишмоқда.
Ҳар бир хонада ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак. Шунингдек, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим ва телевизор ҳам мавжуд.
Бир неча юз кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган уч маҳал лазиз таомлар, сархил мевалар, салатлар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Меҳмонхонада тиббиёт хонаси ва ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, малакали шифокорлар ва тажрибали мутахассислар узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Ҳарами шарифга 24 соат давомида автобус қатновлари йўлга қўйилган.
Мана шундай саъй-ҳаракатлар юртимиздаги “Инсон қадри – улуғ”, деган юксак тамойил фуқароларимиз дунёнинг қайси бурчагида бўлса ҳам амалда эканини яққол намоён этади. Шу боис ҳам муқаддас заминларда улуғ ибодат учун яратилган қулайлик, эътибор ва эҳтиромдан бениҳоя руҳланган зиёратчиларимиз муҳтарам Президентимизга самимий ташаккурларини етказишни соҳа раҳбарларидан илтимос қилдилар.
Муфтий ҳазратлари зиёратчиларимиз билан бирга пешин намозини адо этиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги, ҳаж ва умра ибодатлари бардавом бўлиши ва бу борада давлатимиз Раҳбарининг олиб бораётган ишларига хайру барака сўраб дуолар қилдилар.