Куни кеча ижтимоий тармоқларда ўзини Малабек ўғли Жамоллидин, деб таништирган шахснинг “Аллоҳнинг вакили қилиб юборилгани, ҳамма учун ягона дин “Имон йўли дастури” динини тарғиб қилиш, бунга 35 йил тайёргарлик кўргани, муайян ибодатлар дастури борлигини” алжираб чиққан видеоси тарқалди.
Бу каби ҳолат биринчиси ва охиргиси ҳам эмас, аҳён-аҳёнда учраб туриши табиий ҳолдир. Бу борада Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “...Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Менданкейиннабийкелмас”, дедилар” (ИмомТермизийва Абу Довудривоятлари).
“Каззоб” сўзи арабча сўз бўлиб, “кўп ёлғон гапирувчи”, “ўта кетган ёлғончи” маъноларини ифода этади. Демак, Набий алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай пайғамбар ёки расул чиқиши мумкин эмас. Борди-ю, кимдир пайғамбарлик ё расулликни даъво қилса, у ёлғончи дея инкор этилади ва унга қарши чиқилади.
Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам расул (элчи) ва набийларнинг сўнггисидирлар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло: “Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”, дея хитоб қилган (“Аҳзоб” сураси, 40-оят).
Ушбу оятга кўра, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин яна пайғамбар ё расул чиқади деб айтса, эътиқод қилса, кофир бўлади. Чунки у мазкур оятни инкор қилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сўнгги пайғамбар ва расул эканини тан олмаган бўлади.
Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилинган ҳадиси шариф матнида Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Мен билан набийлар тугатилди”, деган сўзларини эслаб ўтиш ҳам мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Шу ўринда,ҳурматли блогер ҳамда фаол интернет фойдаланувчиларига дин масаласидаги ҳар қандай ноодатий ҳолатни оммага кўрсатиш ҳамиша ҳам тўғри бўлавермаслигини таъкидламоқчимиз. Чунки, бу одамларнинг эътиқоди билан боғлиқ масала ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бундай хатти-ҳаракатни қатъий қоралашини, илму маърифат ривожланган бугунги даврда одамларнинг вақтларини олиб, бу каби асоссизлавҳаларни тарқатиш ҳеч қандай мантиққа тўғри келмаслигини ҳамда мўмин-мусулмонларимиздан бу каби шахсларнинг сохта даъволарига чалғиб қолмасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
Кеча, 29 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари халқаро конференция доирасида Иордания бош муфтийси Аҳмад Иброҳим Ҳасанот ҳамда Қирол Абдуллоҳ II номидаги Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, мамлакатлар раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги муносабатларга замин бўлаётгани, алоқаларни ривожлантириш бўйича “Йўл харита” ишлаб чиқилгани, унда диний таълим, замонавий фатво ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланганига урғу қаратилди. Шунингдек, меҳмонларга Давлатимиз Раҳбари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Диний идора Фатво маркази уламолари мазкур институтдаги ўқувларда мунтазам иштирок этиб келаётгани, иорданиялик уламолар мамлакатимиздаги анжуманларда доимий қатнашиб келаётгани, хусусан, Исломий илмлар дорулфунуни доктори Шайх Салоҳ Абул Ҳож фаоллиги учрашувда алоҳида таъкидланди.
Иордания муфтийси заминимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби мутафаккирлар етишиб чиққани, юртимиз уламолари дин ривожига катта ҳисса қўшгани, Ислом ақидасини ҳимоя қилишдаги беқиёс хизматларига урғу қаратди.
Аҳмад Иброҳим Ҳасанот Самарқандда ўтаётган конференциянинг долзарблиги ҳақида гапириб, бугунги кунда мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этаётгани, мотуридийлик мактабининг илм-маърифат, мўътадиллик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этишдаги ўрнини юқори баҳолади. Шунингдек, у ўзбекистонликлар файзу барака, илм-маърифатни араб оламидан эмас, балки ўзларининг ўтмишдаги буюк мутафаккирлари меросидан олишлари энг тўғри йўл эканини изоҳлади.
Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда ушбу ўқув даргоҳи масжид имом-хатиблари тайёрланиши ва уларнинг малакаси ошириш, диний қадриятларни тарғиб қилиш, экстремизм ва бузғунчи ғояларга қарши курашиш ишлари билан шуғулланишини билдирди.
Учрашув ниҳоясида замонавий фатволарни ишлаб чиқиш, диний соҳа ходимлари малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот олиб боришда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати