Барҳаёт маънавий мерос
Ислом дини вужудга келган дастлабки даврларданоқ мусулмонлар орасида ақидавий мавзуларда ихтилофлар юзага келган. Ушбу ихтилофларнинг негизида калом илмининг энг нозик мавзусига айланган ва бугун аксар деструктив кучлар ўзига дастур қилиб олган масалалар ётади.
Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги қарори билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази шундай мураккаб саволларга илмий асосланган жавоблар бериб, мотуридийлик таълимотига асос солган буюк ватандошимиз, аллома Абу Мансур Мотуридий ҳаёти, беназир илмий меросини эътироф этиш, юртимиз ҳамда жаҳонда кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мотуридийлик таълимоти ислом дини доирасидаги оқимлар орасида ўзининг рационалистик қарашлари билан алоҳида ажралиб турган мўътазилийликка қарши ўлароқ вужудга келган бўлса ҳам аслида исломнинг бирламчи манбалари — Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар мазмунини тўғри талқин қилиш, инсонларга содда ва равон тушунтиришни мақсад қилган.
Бир сўз билан айтганда, мотуридийлик адашган тоифаларга қарши ғоявий кураш майдонида олдинги сафда турган. Ислом оламида “Имомул ҳуда” (Ҳидоятга бошловчи имом) номи билан танилган Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида 870 йили туғилиб, 944 йили вафот этган. Қабри Самарқанд шаҳридаги Чокардиза (жангчилар қалъаси) қабристонида.
Аллома яшаган даврда ислом оламида ғоявий парокандалик, ақидавий ихтилофлар авж олгани сабаб тўғри йўлдан адашган турли оқимлар илгари сурган янглиш ғояларга қарши Қуръон ва Ҳадисга мувофиқ асосли раддия бера оладиган алломаларга эҳтиёж кучли эди.
Шундай вазиятда Абу Мансур Мотуридий изланишлари, машаққатли меҳнати, ақл-заковати билан ёт ғояларга қарши тура олди. Ишонч билан айтиш мумкинки, аҳли сунна вал жамоа ақидасини сақлаб қолишда, ривожлантиришда Имом Мотуридийнинг хизматлари беқиёсдир.
Мазкур таълимотнинг энг ёрқин вакили Абу Муин Насафий Имом Мотуридийнинг илмий мавқеи ва калом илмидаги қадр-қимматини юксак баҳолаб, бундай ёзган: “Мовароуннаҳрда бирорта ҳанафий олим мавжуд бўлмаганда ҳам Абу Мансур Мотуридий бир ўзи уларнинг ўрнини боса олар эди. Чунки у илм уммонининг энг чуқур қаърига шўнғиб, ундан дуру гавҳарларни олиб чиқди, диний ҳужжатларни ўзининг фасоҳати, мислсиз заковати билан зийнатлади”.
Имом Мотуридий замондош олимлари наздида олимларнинг энг улуғи, миллатнинг устуни эди. Қуръонга ёзган тафсири эса ҳар қандай чигалликни очиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳаларни ҳайдовчи манба эди. Олим Ҳосирий бундай ёзган: “Имом Мотуридийнинг илми туфайли тўғри йўлдаги одам билан адашган, нотўғри йўлдаги одам фарқланади. Мотуридийлар адашган тоифаларга раддия берган жамоа эди”.
Олим Муҳаммад ибн Абдураззоқ Зубайдий эса “Имом Мотуридий дин учун курашувчи, аҳли сунна вал жамоа ақидасини мустаҳкамловчи олим” бўлганини зикр қилган. Кўриниб турибдики, Абу Мансур Мотуридийнинг ўз давридаги мавқеи ва мартабаси ниҳоятда юқори бўлган. Унинг ақидавий қарашлари Мовароуннаҳрда кўпчилик ҳанафий уламолар томонидан қўллаб-қувватланган. Ғоялари ўз даврида пайдо бўлган ақидавий тоифалар ривожига тўсқинлик қилган таълимот сифатида эътироф этилган.
Имом Мотуридий уч йўналиш — калом, тафсир, фиқҳ ва усулул фиқҳ бўйича асарлар ёзган. Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” (Далиллар билан шарҳлаш) асарида Мотуридийнинг 10 дан ортиқ асари рўйхатини келтирган. Афсуски, улардан “Китобут тавҳид” (Аллоҳнинг ягоналиги ҳақида китоб) ва “Таъвилот аҳли сунна” (Аҳли сунна вал жамоа тафсири) номи билан танилган ва уламолар наздида барча тафсирлардан устун турувчи “Таъвилотул Қуръон” (Қуръон тафсири) номли асарларигина бизгача етиб келган.
Аллома асарлари бутун ислом ақидасини таҳлил қилади. Адашган фирқаларнинг ақидасини кескин рад этади ва уни инкор этиб бўлмас далиллардан ташкил топган яхлит тизим сифатида тан олиш лозимлигини исботлаб беради. Мотуридий ҳанафий ақидасига мос равишда инсон диний маърифатга эришишнинг уч воситасига – соғлом ҳис аъзолари, нақл, ақлга эга эканини ёзади. Унинг таҳлилий фикрлари бутун ислом оламида шарқий ҳанафий сифатида танилиши, шуҳрат қозонишига сабаб бўлди.
Имом Мотуридий “Тўғри йўлнинг калити — илм”, деб таъкидлайди ҳамда ёшларга “қуролни илмдан ясаш” таълимини беради. Бундан илмини тўғри йўлда сарфлаган ҳар бир инсон юксак мартабага эришиши мумкинлигини англаш мумкин. Ҳақиқатан, илм-маърифат қурол қилиб олинса, барча мунозаралар тинч йўл билан, қонли тўқнашувларсиз, талафотсиз ечим топади.
Мотуридийлик таълимотида “динни илм билан ҳимоя қилиш” тарғиб қилинади. Бу эса юртимизда амал қилаётган “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси билан ҳамоҳангдир.
Имом Мотуридий ўгитларида илмга, юрт раҳбарига итоаткорликка, шунингдек, гўзал инсоний фазилат — камтаринликка тарғиб қилинади.
Бугунги кунда ёшларимизни ботир ва шижоатли қилиб тарбиялашимиз ҳам энг асосий вазифалардан биридир. Чунки шижоатли ёшларгина ҳар қачон ғанимларга ҳам эътиқод, ҳам жасорат билан қарши тура олади, Ватанимиз сарҳадларини мардонавор ҳимоя қилишга қодир бўлади.
Чунончи, Имом Мотуридийнинг “Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл”, “Душманинг билан иноқлашган дўстдан йироқ бўл”, “Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан” каби ўгитлари ёшларимизни лоқайдликдан, бепарволикдан юз ўгириб, шижоатли бўлишга тарғиб этади.
Мотуридийлик таълимотининг бунёдкор ғоялари барча замонларда долзарб бўлиб келган. У ислом тарихида ўзига хос ўрин тутган аллома ҳисобланган. Олимнинг илмий қарашлари асосида шаклланган таълимот ўрта асрлардан то бугунги кунгача суннийлик эътиқодига зид равишда пайдо бўлаётган ёт ғояларга қарши мафкуравий қурол вазифасини ўтаб келмоқда.
Имомнинг бағрикенглик қарашлари, ақл ва тафаккурга ундовчи чақириқлари бугунги кунда ҳам ниҳоятда улкан аҳамият касб этади. Бунинг олимлар томонидан эътироф этилгани диққатга сазовор. Абу Муин Насафий таъбири билан айтганда, “Абу Мансур Мотуридий имомларнинг улуғи ва миллатнинг устунидир” ёки Ҳасан ибн Абу Узба айтганидек, унга эргашган киши, албатта, ҳидоят топади.
Ушбу фикримизни замонамизнинг машҳур олими, Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Аҳмад Таййиб жанобларининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда билдирган қуйидаги эътирофи билан далиллаш мумкин: “Бугунги кунда турли такфирчи, бузғунчи кучларни енгишда мафкуравий куч борми?” деб сўрасалар, мен: “Ҳа, минг марта ҳа!” деб айтаман. У мотуридийлик таълимотидир!”
Шунинг учун ҳам Президентимизнинг юқорида номи тилга олинган қарори миллий қадрият ва анъаналаримизни тиклаш, улуғ аллома аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, илмий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқот ишларини рағбатлантириш, илм аҳлига зарур шарт-шароит яратиб бериш, шу жумладан, мотуридийлик таълимотини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди, дейиш мумкин.
Зеро, бугунги кунда дунёдаги қарийб 2 миллиард мусулмон аҳолининг 38 фоизи ёки 726 миллиони мотуридийлик таълимотига амал қилади. Улар Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия каби 20 га яқин давлатда истиқомат қилади. Шунга кўра айтиш мумкинки, мотуридийлик буюк аждодларимиз саъй-ҳаракатлари билан дунё бўйлаб тарқалган ва катта эҳтиром билан қабул қилинган.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани, бир томондан, алломанинг авлодлари бўлмиш олимларимиз, тадқиқотчиларимиз зиммасига алоҳида масъулият ва мажбурият юклайди. Иккинчи томондан, Имом Мотуридий ва юртимиздан чиққан у каби аллома аждодларимиз меросини илмий доираларда кенг тарғиб қилишнинг янги-янги имкониятларини яратади.
Эргаш ДАМИНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси тадқиқотчиси
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.
Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.
Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари