Бугун, 19 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент ислом институтида олиб борилаётган бунёдкорлик ва режалаштирилган қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Муфтий ҳазратлари ушбу ўқув даргоҳи ҳудудида қад ростлаётган 4 қаватли бинода бўлаётган қурилиш жараёнларини кўздан кечириш чоғида ўқитувчи ва талабаларга қулай шарт-шароитлар қилиш, қўшимча бинонинг олийгоҳ фаолиятидаги таълим жараёнига ижобий таъсири ҳақида тавсиялар бердилар.
Ҳозирда мазкур бинога пластик деразалар ўрнатиш, бинони том қисмини ёпиш ва ички ва ташқи томонларида пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Тошкент ислом институтининг ўқув аудитория ва маъмурий-бошқарув хоналарга эҳтиёжини таъминлаш мақсадида, институтда мавжуд асосий бинони реконструкция қилиш (янги 3-қават қуриш) бўйича барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари амалга оширилганини ҳамда мазкур ўқув биносини “Paradise Projects” масъулияти чекланган жамиятнинг таклиф лойиҳасига биноан Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилишни назорат қилиш бошқармасидан мавжуд бинони реконструкция қилишга рухсатнома олинганлигини айтиб ўтди.
Институтнинг асосий биносида реконструкция ишлари 2020 йил 20 авгусдан бошланади ҳамда қўшимча равишда 15 дона талабалар ўқув аудиторияси, 1 дона катта мажлислар зали, 1 дона ўқитувчи ва талабалар ошхонасини жойлаштириш режалаштирилган.
Олий маъҳаддаги янги қурилиш ишларини миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарига тўла мос ҳолда амалга ошириш юзасидан муфтий ҳазратлари алоҳида йўналишлар ва тавсиялар бердилар.
Ташриф сўнгида муфтий ҳазратлари мазкур қурилиш ишлари учун дуои фотиҳа бердилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Имом-хатиблар фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича кўчма семинар бугун республикамизнинг Қораўзак ва Тахтакўпир туманларида ташкил этилди. Қораўзак туманидаги марказий "Идрис эшон" жоме масжидида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин Разов бошчилигида соҳа ходимлари, маҳалла раислари ва зиёратчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, сайёр тадбирда амалга ошириладиган ишлар кўлами тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак ва Тахтакўпир туманларининг 5 та масжиди ва 19 та маҳалласига бириктирилди. Улар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан 101 та муаммоли хонадонга кириб, ўша ерда яшаётганларнинг ҳолидан хабар олди, яшаш шароитлари билан яқиндан танишди ва суҳбатлашди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, фикр-мулоҳазалари тингланди. Имом-хатиблар 10 та тоифага мансуб 101 та оилага маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Шунингдек, масжидлар атрофида ободонлаштириш ва тозалаш ишларини олиб бориш, иш юритиш, жамоани бошқариш жиҳатлари ҳам ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини ўқиб, йиғилган қавмга, "Тинчлик бахти. Шукроналик. Илм олиш фазилати. Ёт ғоялар таъсиридан сақланиш. Миссионерлик ҳаракатларининг салбий оқибатлари" каби долзарб мавзуларда маърузалар қилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари имом-хатибларининг маънавий-маърифий, масжид бошқарувидаги ишларига кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ташриф давомида қозиёт қозиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак туманидаги "Идрис эшон" масжидининг янгидан қурилаётган биносининг қурилиш ишлари билан танишди.
Б.АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими