Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июн, 2025   |   23 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
19 Июн, 2025, 23 Зулҳижжа, 1446

Аллома Аз-Замахшарий ва Ал-Кашшоф тафсири

19.08.2020   5744   6 min.
Аллома Аз-Замахшарий ва Ал-Кашшоф тафсири

Тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Хоразмий аз-Замахшарий бўлиб, тафсир, ҳадис, наҳв, тилшунослик ва баён илмининг буюк имоми.  Маҳмуд Аз-Замахшарий 467 ҳижрий сананинг Ражаб ойида чоршанба куни, мелодий ҳисоб билан 1074 йилда Замахшарда таваллуд топганлар. Ҳаётлари давомида бир неча марта Маккаи мукаррамага бориб, бир қанча муддат Масжидул ҳаром яқинида истиқомат қилганлари туфайли Жоруллоҳ (Аллоҳнинг қўшниси) деган номга сазовор бўлганлар.

Ибн Холликон[1] айтадилар: “Аз-Замахшарий ўз асрининг тенгсиз имоми эди. Узоқлардан унинг илмини истаб келишар эди. Мўътазилий эътиқодида бўлиб, уни ошкора намойиш қилар, уни эълон ва изҳор қилишдан хижолат тортмас эди”.

Аз-Замахшарий ақидада (усулда) мўътазилий, фиқҳда (фуруъда) ҳанафий мазҳабида бўлганлар. У зот ўзларининг ақидавий мазҳаблари бўлмиш мўътазилийликни ўз китобларида ифода этар, илмий мажлисларда бу ҳақда очиқ-ойдин гапирар эдилар. Уламолар Аз-Замахшарийнинг мўътазилий бўлишига қарамай унинг араб тилида балоғат ва фасоҳат ила ёзган китобларига тан беришар, унинг китобларини ривоят қилиш учун ундан ижоза беришини сўраб келишар эдилар.

Аз-Замахшарий кўплаб китоб ва асарлар таълиф этганлар. Жумладан, тилшунослик ва балоғатга оид “Асосул балоға”, “Ал-Фоиқ фи ғарибил ҳадис”, “Муқаддиматул адаб”, “Ал-Қистос фи илмил аруз”, “Ал-Мустақсо фил амсол”, наҳв илмига оид “Ал-Муфассал фи санаъатил эъроб”, “Ал-Муфрад ал-муаллаф”, “Ал-Анмузаж”, ҳадис, фиқҳ ва зуҳдга оид китобларидан “Муштабаҳ асамий ар-рувот”, “Ар-Роиз фи илмил фароиз”, “Атвоқуз заҳаб”, “Китабун насоиҳ”, география ва геодезияга оид “Китабул амкинати вал жибали вал мияҳи” асарларидир. Аз-Замахшарийнинг одобга оид мақомотлари мавжуд бўлиб, уларни “Мақомотуз замахшарий” дейилади ва у муқаддима, хутба ва элликта мақоладан таркиб топган. Аз-Замахшарийнинг барча асарлари ўзининг соҳасидаги энг мўътабар китоблардан бўлиб, айниқса, “Ал-Кашшоф” номи билан шуҳрат қозонган тафсир китоби Аллоҳ таолонинг каломини тушунишни истаган муфассир уламоларнинг асосий манбаларидан бирига айланган.

“Ал-Кашшоф” тафсирининг тўлиқ номланиши الكشاف عن حقائق غوامض التنزيل و عيون الاقاويل في وجوه التاويل “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ғовамизит танзил ва уюнил ақовийли фи вужуҳит таъвил” (Танзил (Қуръон)нинг тушуниш қийин бўлган ўринларининг ҳақиқий маъносини ҳамда таъвил қилишда сўзларнинг кўзларини очиб берувчи)дир.

Аз-Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи “Ал-Кашшоф” асарининг муқаддимасида унинг ёзилиш тарихини баён қилиб туриб, жумладан шундай деганлар: “Ушбу тафсир Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик қилган муддатларидек вақтда (яъни, икки йилу икки ойда) ёзиб тугатилди. Аслида буни тугатиш учун ўттиз йилдан кўпроқ вақт чамаланган эди. Бу ҳам бўлса ушбу Байтул Ҳаром (Каъбаи муаззама)нинг шарофати, қолаверса, Буюк Ҳарамнинг баракотидан менга аталган насиба туфайлидир. Аллоҳ таолодан сўрайман ушбу тафсирни ёзиш туфайли менга етган чарчоқни тўзахдан нажоб топишимга сабаб қилса, сирот кўпригидан ўтишда атрофимга нур қилса ва У қандай ҳам яхши сўралгучидир”.

Аз-Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзиларининг тафсир китобларини мўътазилий мазҳабининг ақидаси, хусусан бешта асосига мувофиқ баён қилганлар. Улар: тавҳид, адл, ваъд ва ваъийд, икки манзила ўртасидаги манзила ҳамда амри маъруф ва наҳйи мункардир. “Ал-Кашшоф” тафсирини ўқувчи ундаги мўътазилий фикрларга чалғиб қолмаслиги учун хошиясида иккита китоб билан бирга чоп этилиши одатга айланган. Улар: Ибнул Мунир ал-Искандарийнинг الانتصاف فيما تضمنه الكشاف من الاعتزال “Ал-Интисоф фима тазомманаҳу ал-кашшоф минал иътизол” (Ал-Кашшоф тафсири ўз ичига олган мўътазилий фикрларга нисбатан инсоф назари билан боқиш) китоби ва  Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг الكافي الشاف في تخريج أحاديث الكشاف “Ал-Коф Аш-Шоф фи тахрижи аҳодис ал-кашшоф” (Ал-Кашшоф тафсиридаги ҳадисларни тахриж қилишга кифоя қилувчи) китобидир.

Тафсирнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, унда ҳар бир оят тўлалигича тафсир қилинмайди, балки фақат тафсир қилинишга муҳтож бўлган калималарга маъно ёзилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида “Ал-Кашшоф” асарининг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сақланади. Ушбу қўлёзма “Ал-Кашшоф” асарининг бешинчи жилди бўлиб, у Ҳужурот сурасидан Нос сурасигача бўлган қисмини ўз ичига олган. Жами 319 варақдан иборат бўлган ушбу қўлёзма нусхаси насх хатида билитган, ҳошияси настаълиқ хатида ёзилган. Унда “ушбу қўлёзма 694 ҳижрий сана 18 зулқаъда жума куни кўчириб битилган”, деган ёзув бор. Хаттотнинг номи маълум эмас. Қўлёзманинг ўлчами бўйига 30 см. энига 18,5 см. қалинлиги 8,5 см.ни ташкил этиб, Самарқанд қоғозига ёзилган. Ушбу қўлёзманинг нодир нусха эканлигига унда битилган қуйидаги маълумотлар ҳам далолат қилади: Аз-Замахшарий айтадилар: “Ушбу нусха қораламадан оққа кўчирилган биринчи асл нусха бўлиб, у муборак ҳарамда ёзилган асл Кашшоф дейилади. Одамлар уни юз-кўзларига суртишга, уни ўқиб осмондан баракотлар ёғилиши, қурғоқчилик йилларида ёмғир ёғишини сўраб васила қилишларига лойиқдир. Ушбуни ёзнинг иссиқ кунларидан бирида, Каъбанинг рўбарўсида, Аллома мадрасаси расми туширилган Ажёд эшигидан кираверишдаги Сулаймонийя ҳовлиси томонида, душанба куни, чошгоҳ вақти, Рабиул охирнинг йигирма учинчи куни, беш юз йигирма саккизинчи йили ёзиб тугатдим”.

Аз-Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи 538 ҳижрий, 1143 ёки44 милодий санада вафот этганлар. Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган бўлсин.  

 

[1] . Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Бакр ибн Холликон – “Вафаётул аъён ва анбау абнаиз заман” номли машҳур уламоларнинг таржимаи ҳолига бағишланган китоб муаллифи.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг

биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

https://t.me/tuhur

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

2025 йилги ҳаж мавсумида ҳожилар сони қанча бўлди?

16.06.2025   8900   1 min.
2025 йилги ҳаж мавсумида ҳожилар сони қанча бўлди?

#xabar #haj2025 #statistika 


Саудия Арабистони Подшоҳлиги статистика Бош бошқармаси ҳаж амалларини бажариш учун келган зиёратчилар сонини эълон қилди. Унга кўра:


Бу йил 1 миллион 673 минг 230 нафар киши ҳаж амалини адо этган. Шундан маҳаллий зиёратчилар сони 166 минг  654 нафар.
Ҳожиларнинг 877 841 нафари эркак, 795 389 нафари эса аёллардир. 


Зиёратчиларнинг келиши йўллари:


Ҳаво йўллари орқали: 1 435 017 киши. 


Қуруқлик чегара орқали: 66 465 киши. 


Денгиз йўли орқали: 5 094 киши. 


Эслатиб ўтамиз бу йил юртимиздан 15 минг нафар фуқаро ҳаж ибодатини адо этишга муяссар бўлди. Сўнгги 8 йил мобайнида 75 минг нафар киши ҳаж ибодатини қилишга муваффақ бўлди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати