Аллоҳ таоло ўта меҳрибон ва карами кенг, фазли улуғ ва ҳикмати беназир Зотдир. Зотан, буюк Аллоҳ яратган мавжудотларининг баъзисини баъзисидан ўзининг ҳикмати ўлароқ фазилатли қилиб қўйган.
Ана шундай фазилатга муҳаррам ойини мисол қилишимиз мумкин. Бу ой муборак, фазли улуғ ой бўлиб, ҳижрий сананинг биринчи ойидир. Шу билан биргаликда, муҳаррам ойи уруш ҳаром қилинган муқаддас ойларнинг бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ ...
Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз!... (Тавба сураси, 36-оят).
Динимизда уруш тақиқланган тўрт ой бор. Улар – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир йил ўн икки ойдан иборат. Шулардан тўрттаси ҳаром (уриш тақиқланган) ойлардир. Учтаси кетма-кет келади. Зул-қаъда, Зул-ҳижжа ва Муҳаррам ойлари ва тўртинчиси Жумод ва Шаъбон орасидаги Музор қабиласининг Ражаб ойидир” (Бухорий ривояти).
Демак, бу ой Аллоҳ субаҳанаҳу ва таолонинг наздида жуда мақоми улуғ ойлардан экан. Бу ойни қадрлаб кўпроқ яхши эзгу амалларга интилмоғимиз даркордир. Шариатимизда ҳам кўпроқ нафл ибодатларни қилишга тарғиб этилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Афзалликда Рамазон ойининг рўзасидан кейин Аллоҳнинг ойи Муҳаррам рўзаси туради”-деб марҳамат қилганлар (Муслим ривояти). Ҳадиси шарифда муҳаррам ойини “Аллоҳнинг ойи” деб айтилмоқда. Бу шу ойнинг улуғлигидан ҳамда фазилатларининг кўплигига далолат қилади.
Муҳаррам ойининг энг афзал куни ўнинчи кунидир. Бу кунни динимизда “явму ашуро” ашуро куни деб юритилади. “Ашуро” сўзи луғатда “ўнинчи кун” деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда рўза тутишга қизиқтирганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилгандилар” (Термизий ривояти). Ҳанафий мазҳабимиз уламолари ашуро куни яъни муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутишни суннат дейишган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини истаб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини истаганларини кўрмадим, деганлар” (Бухорий ривояти).
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзасини ўзидан олдинги сана (гуноҳлари)нинг каффороти бўлса”, дедилар” (Термизий ривояти). Бир кун нафл рўза тутган бандага Яратганнинг марҳаматини қаранг? Тўлиқ бир йиллик гуноҳларни кечирилиши бўлса?! Бундай фазл Буюк Аллоҳнинг марҳаматидандир.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар”. Ушбу ривоятдаги кенглик яратишдан мақсад емоқ, ичмоқ, хурсандчилик маъносидаги бемалолликдир.
Уламоларимиз: “Ким Зул-ҳижжа ва Муҳаррам ойларини рўзасини тутса, гўё йилни тоат-ибодат билан тугатиб, тоат-ибодат билан бошлабди. Умид қиламиз-ки, йил давомида шу фазилат эга бўлинса”-деб таъкидлаганлар.
Демак, муҳаррам ойини хусусан, ашуро кунининг фазилатидан умид қилиб, яхши амалларга бел боғласак, Аллоҳнинг улуғ фазлу баракотига эга бўлиб, ҳам дунёмиз ҳам охиратимиз, ҳам тирикларимиз ҳам вафотларимиз, ҳам хонадонимиз ҳам юртимизга раҳмат ва мағфиратлар ёғилса деб умид қиламиз. Яратган барчамизни улуғ кунлар фазлидан насиб этсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар, «Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жам қилсин», дер эдилар («Сунан» эгалари ривоят қилганлар).
Келин-куёвни тўй билан табриклаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Бу суннатга биноан, ҳар бир мусулмон келин-куёвнинг тўйлари муносабати ила уларни табриклаш пайтида ҳақларига Аллоҳ таолодан хайр-барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб, дуо қилиши керак.
Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ақийл ибн Абу Толиб Бану Жусамлик бир аёлга уйланди. Бас, унга «Муроса ва болалар ила», дейилди. Шунда у:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «Аллоҳ сизларга муборак қилсин ва барака берсин», денглар», деди (Насаий ривоят қилган).
Кишилар Ақийл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни уйлангани муносабати ила муборакбод қилишда ўзларига одат бўлиб келаётган эски табрик сўзларини айтишган эди, у кишига ёқмади. У киши розияллоҳу анҳу, Набийимиз алайҳиссалом янги уйланган одамни қандай сўзлар билан табриклаган бўлсалар, мени ҳам шундай табрик қилинглар, деб ўргатдилар.
Ҳа, мусулмон киши ҳар бир нарсада ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоғи лозим. Ҳатто уйланиш муносабати ила айтиладиган табрик сўзларида ҳам.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланганларида онам келиб, мени ҳовлига олиб кирдилар. Қарасам, ансорий аёллар уйнинг ичида эканлар. Бас, улар «Хайр ва баракали бўлсин. Энг бахтли ва насибали бўлсин», дедилар (Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамизнинг тўйлари Мадинаи Мунавварада бўлган. Оиша онамизнинг оналари Умму Руммон бинти Омир ибн Абдушамс розияллоҳу анҳонинг ўзлари у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кирганлар. Ўшанда ҳовлида Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳо бошлиқ бир гуруҳ Мадина аёллари ҳам бўлганлар. Улар келин бўлмиш Оиша онамизни кўрганлари заҳоти у кишининг ҳақларига яхши тилаклар билан дуо қилганлар.
Кейин Умму Руммон розияллоҳу анҳо Оиша онамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кириб, ўтқазганлар ва:
«Мана бу – аҳлингиз, ё Расулаллоҳ, Аллоҳ сизга буларни муборак қилсин», – деганлар.
Демак, келин-куёвни кўрган киши дарҳол табриклаб, яхшиликлар тилаб дуо қилиши керак экан.
"Бахтиёр оила" китобидан