Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

Абу Мансур Мотуридий ҳаёти нима учун кам ўрганилган?

19.08.2020   2575   3 min.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти нима учун кам ўрганилган?

Кўплаб мўътабар табақот китобларида Абу Мансур  Мотуридий ҳақида батафсил маълумот камлигини уламолар афсус билан тилга оладилар. Бу ҳақда шайх Балқосим Ғолий “Абу Мансур Мотуридий ҳаётуҳу ва ароуҳул ақодия” (Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва эътиқодий қарашлари) асарида қуйидагиларни ёзган:

“Ҳижрий III асрнинг охири ва IV асрнинг бошларида шариатни четга қўйиб, ақлни асосий мезон қилиб олган мўътазила фирқаси пайдо бўлди. Улар эътиқодий масалаларда жумҳур уламоларнинг тутган йўлларига қарши чиқишди ва жаннатда Аллоҳ таолони кўриш, қабр азобининг ҳақлиги каби масалаларда аҳли сунна эътиқодини инкор қилишди. Ҳатто Аллоҳ таолонинг каломи Қуръонни махлуқ деб одамлар орасида бидъат эътиқодни ёйишди. Ақлга суяниб саҳиҳ ҳадисларни инкор қилишди ва Қуръон оятларини ботил таъвиллар билан таъвил қилишди. Уларнинг бу бузуқ эътиқоди авом халқ орасида тарқалди. Мана шундай таҳликали ҳолатда Ислом олами уларнинг ақлий далилларига раддия берадиган, мусулмонларни ботил эътиқодга ўтиб кетишларидан нақлий ва ақлий далиллар билан қайтарадиган кучли олимга муҳтож эди. Аллоҳнинг иродаси билан бу шараф Имом Мотуридийга насиб этди. Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мусулмонлар у зотнинг ҳақларига дуо қилишлари лозим. Чунки Имом Мотуридий мўътазилийларга ҳам ақлий, ҳам нақлий раддия бериб, бу ботил эътиқод ёйилиб кетишининг олди олинишига сабабчи бўлди. Минг афсуски тарих китобларида бутун Ислом уммати улуғласа арзийдиган бу зотнинг таржимаи ҳоли батафсил ёритилмаган. Хулоса қилиб айтганда, ўз даврида адашган оқимларга раддиялар бериб, уларнинг хатоларини баён қилган ва мусулмонларга беқиёс хизмат қилган Имом Мотуридийнинг ҳаётини кенг ёритиб бермаган тарих бу буюк зот олдида қарздордир”.  

Аҳли сунна вал жамоанинг имоми саналадиган бу зотнинг ҳаёти ва фаолияти машҳур табақот китобларида ёритилмасдан қолгани ёки ёритилганларида ҳам маълумотлар жуда камлиги ҳақида кўплаб сабаблар айтилган. Бу борада Доктор Балқосим Ғолий қуйидаги тўртта сабабни баён қилади:

  1. “Имом Мотуридийнинг Аббосийлар давлати маркази Бағдоддан узоқда бўлгани;
  2. Абул Ҳасан Ашъарий Бағдодда фаолият олиб боргани ва ўша ерда вафот этгани сабабли Аббосий халифалар томонидан ашъария таълимоти қўллаб-қувватлангани;
  3. Моликия ва шофеъийя мазҳаблари вакилларининг ашъария мадрасасини ёйилишига ҳисса қўшганлари ва мотуридия мазҳаби эса фақат битта ҳанафия мазҳаби билан ёлғизланиб қолгани;
  4. Пойтахт Бағдодда ва унга яқин ҳудудларда олимларни топиш ва улардан дарс олиш қулай бўлган. Бу олимлар эса асосан ашъария мазҳаби олимлари бўлганлари”.

Мазкур сабабларнинг энг асосийси Абу Мансур Мотуридийнинг ўша пайтдаги Аббосийлар давлатининг пойтахти, илм-фан маркази бўлган Бағдоддан узоқда, Бағдод билан ўртадаги алоқаси яхши бўлмаган Сомонийлар давлатида яшагани ҳисобланади.

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом

институти ўқитувчиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эмизган аёл ҳам туққан она каби бўладими?

21.04.2025   2039   2 min.
Эмизган аёл ҳам туққан она каби бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа эмизикли аёлни тўйиб эмиши ила у аёл боланинг онасига, эри отасига, фарзандлари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бу аёлнинг бошқа қариндошлари ҳам эмган болага хеш бўладилар. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланади. Шунинг учун уни эмизган аёл ҳам туққан онаси каби бўлади. Бинобарин, худди ўз онасини эъзозлагандек, унинг ҳам ҳурматини жойига қўйиш ва қадрлаш лозим.

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ الْمُنْكَدِرِ قَالَ: جَاءَتْ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ظِئْرُهُ الَّتِي أَرْضَعَتْهُ، فَبَسَطَ لَهَا رِدَاءَهُ ثُمَّ قَالَ: «مَرْحَبًا بِأُمِّي»، ثُمَّ أَجْلَسَهَا عَلَى رِدَائِهِ.

Муҳаммад ибн Мункадирдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотни эмизган аёл келди. Шунда у зот ридоларини ерга ёзиб, «Марҳабо, онажон!» деб уни ридоларининг устига ўтирғиздилар».

Шарҳ: Демак, аёл фақат эмизган бўлса ҳам, ўша эмизган онасининг ҳаққи туққан онанинг ҳаққидек бўлар экан. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини эмизган аёлни «онам» деб атаганлари, келганларида ўринларидан туриб, ҳурмат-иззат қилганлари, ўзларининг кийимларини, ридоларини ечиб, тўшаб, ўшанинг устига ўтирғизиб, ҳурмат кўрсатганлари мана шунга далил, ҳужжат бўлади.

عَنْ حَجَّاجِ بْنِ حَجَّاجٍ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا يُذْهِبُ عَنِّي مَذَمَّةَ الرَّضَاعِ؟ قَالَ: «غُرَّةُ عَبْدٍ أَوْ أَمَةٍ».

Ҳажжож ибн Ҳажжож отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мендан эмизганлик ҳаққи(ни адо этмаганлик) мазамматини нима кетказади?» деб сўрашди.

«Бир қул ёки чўри озод қилиш», дедилар.

Шарҳ: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мени биров эмизган. Унинг эмизганлик ҳаққини адо эта олмаганман. Бу нуқсоннинг ёмонлигини нима кетказади? Нима қилсам, бу гуноҳни юваман, яъни мени эмизган шахснинг ҳаққини адо қиламан?» деб сўрабди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом бу саволга: «Битта қул ёки чўри озод қилиб», деб жавоб берибдилар.

Демак, эмизган аёлларнинг ҳаққи юқори даражада, олий бир мақомда бўлар экан.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Мақолалар