Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Декабр, 2025   |   12 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:07
Қуёш
07:31
Пешин
12:18
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
03 Декабр, 2025, 12 Жумадул сони, 1447

Абу Мансур Мотуридий ҳаёти нима учун кам ўрганилган?

19.08.2020   3958   3 min.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти нима учун кам ўрганилган?

Кўплаб мўътабар табақот китобларида Абу Мансур  Мотуридий ҳақида батафсил маълумот камлигини уламолар афсус билан тилга оладилар. Бу ҳақда шайх Балқосим Ғолий “Абу Мансур Мотуридий ҳаётуҳу ва ароуҳул ақодия” (Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва эътиқодий қарашлари) асарида қуйидагиларни ёзган:

“Ҳижрий III асрнинг охири ва IV асрнинг бошларида шариатни четга қўйиб, ақлни асосий мезон қилиб олган мўътазила фирқаси пайдо бўлди. Улар эътиқодий масалаларда жумҳур уламоларнинг тутган йўлларига қарши чиқишди ва жаннатда Аллоҳ таолони кўриш, қабр азобининг ҳақлиги каби масалаларда аҳли сунна эътиқодини инкор қилишди. Ҳатто Аллоҳ таолонинг каломи Қуръонни махлуқ деб одамлар орасида бидъат эътиқодни ёйишди. Ақлга суяниб саҳиҳ ҳадисларни инкор қилишди ва Қуръон оятларини ботил таъвиллар билан таъвил қилишди. Уларнинг бу бузуқ эътиқоди авом халқ орасида тарқалди. Мана шундай таҳликали ҳолатда Ислом олами уларнинг ақлий далилларига раддия берадиган, мусулмонларни ботил эътиқодга ўтиб кетишларидан нақлий ва ақлий далиллар билан қайтарадиган кучли олимга муҳтож эди. Аллоҳнинг иродаси билан бу шараф Имом Мотуридийга насиб этди. Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мусулмонлар у зотнинг ҳақларига дуо қилишлари лозим. Чунки Имом Мотуридий мўътазилийларга ҳам ақлий, ҳам нақлий раддия бериб, бу ботил эътиқод ёйилиб кетишининг олди олинишига сабабчи бўлди. Минг афсуски тарих китобларида бутун Ислом уммати улуғласа арзийдиган бу зотнинг таржимаи ҳоли батафсил ёритилмаган. Хулоса қилиб айтганда, ўз даврида адашган оқимларга раддиялар бериб, уларнинг хатоларини баён қилган ва мусулмонларга беқиёс хизмат қилган Имом Мотуридийнинг ҳаётини кенг ёритиб бермаган тарих бу буюк зот олдида қарздордир”.  

Аҳли сунна вал жамоанинг имоми саналадиган бу зотнинг ҳаёти ва фаолияти машҳур табақот китобларида ёритилмасдан қолгани ёки ёритилганларида ҳам маълумотлар жуда камлиги ҳақида кўплаб сабаблар айтилган. Бу борада Доктор Балқосим Ғолий қуйидаги тўртта сабабни баён қилади:

  1. “Имом Мотуридийнинг Аббосийлар давлати маркази Бағдоддан узоқда бўлгани;
  2. Абул Ҳасан Ашъарий Бағдодда фаолият олиб боргани ва ўша ерда вафот этгани сабабли Аббосий халифалар томонидан ашъария таълимоти қўллаб-қувватлангани;
  3. Моликия ва шофеъийя мазҳаблари вакилларининг ашъария мадрасасини ёйилишига ҳисса қўшганлари ва мотуридия мазҳаби эса фақат битта ҳанафия мазҳаби билан ёлғизланиб қолгани;
  4. Пойтахт Бағдодда ва унга яқин ҳудудларда олимларни топиш ва улардан дарс олиш қулай бўлган. Бу олимлар эса асосан ашъария мазҳаби олимлари бўлганлари”.

Мазкур сабабларнинг энг асосийси Абу Мансур Мотуридийнинг ўша пайтдаги Аббосийлар давлатининг пойтахти, илм-фан маркази бўлган Бағдоддан узоқда, Бағдод билан ўртадаги алоқаси яхши бўлмаган Сомонийлар давлатида яшагани ҳисобланади.

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом

институти ўқитувчиси

Бошқа мақолалар

Парвардигоро, мени ерга қувғин қилиб лаънатладинг, энди уйим қаер бўлади?

01.12.2025   3194   2 min.
Парвардигоро, мени ерга қувғин қилиб лаънатладинг, энди уйим қаер бўлади?

Бир ҳадисда келтирилибди:

“Шайтон ерга қувғин қилинганидан сўнг сўради:

– Парвардигоро, мени ерга қувғин қилиб лаънатладинг, энди уйим қаер бўлади?

Яратган:

– Сенинг уйинг ҳаммомдир, – деди.

Иблис яна:

– Мажлисгоҳ ҳам бер, – деди

Парвардигор:

Мажлисгоҳинг бозорлар ва одамлар йиғиладиган йўл бўйлари, – деди.

Шайтон яна:

Овқатим нима бўлади? – деб сўради.

 Парвардигор:

Аллоҳнинг исми айтилмай ейилган таом, – деди.

Шайтон:

Ичимлик ҳам бер, – деди.

Аллоҳ:

Маст қилувчи ичимликларнинг бари сенинг ичадиган “сув”ингдир, – деди.

Шайтон яна:

Менинг ҳам муаззиним бўладими? – деб сўради.

Яратган:

Сени муаззининг чолғу асбоблари, – деди.

 Шайтон:

Китобимчи? – деди.

Парвардигор:

– Сенинг китобинг шеъру қўшиқлар, – деди.

Шайтон:

– Ёзувим-чи? – деб сўради.

Парвардигор:

Сенинг ёзувинг вашм (игна билан баданга ёзиш), – деди.

Шайтон:

Менга калом ҳам берасанми? – деб сўради.

Парвардигор:

Барча ёлғонлар сенинг каломинг бўлади, – деди.

 Шайтон:

Мени элчиларим ҳам бўладими? – деб сўради.

 Аллоҳ:

Фолбину башоратчилар сенинг элчиларинг – деди.

Иблис:

Менга илинтирадиган тузоқ ҳам бер, – деб сўради.

Аллоҳ:

Аёллар сени тузоғинг бўлади – деб жавоб берди” (Абу Умомадан ривоят қилинган, Табароний ривояти).

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.