Ақл арабча сўз бўлиб, луғатда “тутиш”, “қайтариш”, “боғлаш” каби маъноларни англатади. Ақл ўзагидан олинган “иқол” сўзи чорва ҳайвонларини боғлаб қўйиладиган “тушов”, “занжир”, “кишан” деган маъноларни ифода этади. Тушов чорва ҳайвонини қочиб кетишдан сақлаб, экинларни пайхон қилиши, бировга жароҳат етказиши, ўзи йўқолиб қолиши каби зарарларнинг олдини олганидек, инсондаги ақл ҳам ўз эгасини ёмон ахлоқлардан, зарарли ишлардан қайтариб, уни инсонийлик чегарасида ушлаб туради. Бу борада улуғ тобеъинлардан Омир ибн Абди Қайс раҳимаҳуллоҳ айтади:
"إذا عَقَلَك عَقْلًك عما لا ينبغي فأنت عاقل"
“Агар ақлинг сени номаъқул ишлардан ман қила олса, сен (чиндан ҳам) оқилсан”.
Аллоҳ таоло Ўз марҳамати ва фазли билан инсонга худди чорва ҳайвонлардек арқон ёхуд занжирни эмас, балки унинг азизу мукаррамлигига муносиб ўлароқ, сиртдан кўзга кўринмас нурафшон ақлни раво кўрди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
" العقل نورٌ في القلب ، يفرق بين الحق والباطل "
“Ақл қалбдаги нур бўлиб, у ҳақ билан ботил ўртасини ажратади”.[1]
Уламолар томонидан ақлга кўплаб таърифлар берилган. Бу таърифлар ўзаро бир-бирини тўлдирувчидир. Жумладан: Ақл – Аллоҳ таоло инсонга ато этган қувват ва табиий ҳис бўлиб, у билан инсон назарий ишларни идрок қилади ва ҳайвондан ажралиб туради.
Ақл – қалбдаги руҳоний нур бўлиб, унинг воситасида зарурий илмлар идрок этилади.
Ақл – инсонга берилган буюк неъмат бўлиб, у орқали Роббисини танийди, дунёвий ва ухровий фойдаларни жалб қилиб, зарарларни даф қилади.
Қуръони каримда ақлга тааллуқли сўзлар 50 марта, “Ақл эгалари” ибораси эса 10 мартадан зикр қилингани динимизда ақлга нечоғлик юксак эътибор берилганининг тасдиқидир. Зотан, Исломда диний мажбуриятлар инсон зиммасига айнан ақл сабабли юклатилгандир. Шунинг учун, шариатда ақлсиз, эси паст одам ва ёш бола каби ақли тўлиқ шаклланмаганларга алоҳида ҳукмлар жорий қилинган.
Ақли бўла туриб уни ишлатмаган, ҳавойи нафсига эргашиб илоҳий кўрсатмаларга амал қилмаган ва қонун-қоидаларни бузган кимсалар қаттиқ танқид қилинади. Аллоҳ таоло уларнинг охиратдаги фойда бермас хасратли нолаларини қуйидагича баён қилади:
“Яна улар: “Агар қулоқ солганимизда ёки ақл юритганимизда эди, дўзахийлар қаторида бўмас эдик” дерлар” (Мулк сураси, 10-оят).
Ақлини ишлатиб нафсини жиловлай олган ва шайтоннинг йўлига юрмасдан Роббисининг амрига қулоқ солган бандаларга хушхабарлар берилади:
“Шайтондан – унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Аллоҳ(нинг тоати ва ибодати)га қайтган зотлар учун (жаннат) хушхабари бўлсин! Бас, (эй Муҳаммад) гапга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи рост Сўзга) эргашадиган бандаларимга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшалар ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 17-18-оятлар).
Мақтовга сазовор хислатларнинг меъёридан ортиғи нуқсон саналади. Масалан, шижоатнинг ҳаддан ташқариси ҳовлиқиш дейилади. Саховатнинг чегарадан чиқиб кетиш ҳолати совириш дейилади. Бироқ, ақл борасида бундай деб бўлмайди. Чунки кишининг ақли қанча кўп бўлса, у учун бу зиёда фазилат ҳисобланади. Шу боис:
“Одамларнинг энг афзали уларнинг ақллироғидир”, дейилган.
“Мансурул-ҳикам” (Сочилган дурдона ҳикматлар) китобида:
كلُّ شيئِ إذا كثر رخص إلاّ العقل ، فإنه إذا كثر غلا
“Қайси нарса кўпайса, қадри камайиб кетади. Фақат ақл бундан мустасно, чунки у кўпайгани сари қадри ошаверади”, дейилган.
Аммо, ақлнинг зиёдалиги деганда айёрлик ва макр-ҳийлага ёврилган, бировнинг ҳаққини поймол этишга қаратилган ёвузликни тушунмаслик керак. Балки, ўз соҳибини ножўя ишлардан қайтариб, кўплаб солиҳ амаллар қилишга сафарбар этиш орқали уни Роббисига яқинлаштирувчи руҳий қувват ақлнинг зиёдалиги деб аталади.
Луқмон ибн Омир[2] Абу Дардо[3] розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Эй Уваймир, ақлингни кўпайтир, шунда Раббингга яқинлигинг ортади”. Мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин! Ақл борасида ким ҳам менга кафил бўла оларди?!” дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан сақлан ва Аллоҳнинг фарзларини адо эт, шунда оқил бўласан. Сўнг, қўшимча солиҳ амалларни ҳам бажар, шунда дунёда ақлинг кўпаяди, Роббингга яқинлигинг ортади ва бу билан азизликка эришасан”, дедилар[4].
Аллоҳ таоло барчамизни эзгу амалларда бардавом қилиб, ақли зиёда ва Ўзига яқин бандалардан бўлмоғимизга тавфиқ ато этсин!
Асрорхон МАҲМУДОВ,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси.
[1] “Адабуд-дунё вад-дин”. Абулҳасан Алий ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб ал-Басрий ал-Мовардий. Дор Ибн Касир, Димашқ – Байрут, 2005. – Б.15.
[2] Луқмон ибн Омир ал-Вассобий ал-Ҳамасий. Ибн Ҳиббон уни сиқалар (ишончли ровийлар) қаторида зикр қилган. Абу Ҳотим ар-Розий: “Унинг Абу Дардодан ривояти мурсалдир” деган.
[3] Абу Дардо Уваймир ибн Зайд ибн Қайс ал-Ансорий розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий бўлиб, Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврида ҳижрий 32 йилда Дамашқда вафот этган.
[4] “Адабуд-дунё вад-дин”. Абулҳасан Алий ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб ал-Басрий ал-Мовардий. Дор Ибн Касир, Дамашқ – Байрут, 2005. – Б. 26-28.
- 56وَتُعْطَى الْكُتْبُ بَعْضًا نَحْوَ يُمْنَى وَبَعْضًا نَحْوَ ظَهْرٍ وَالشِّمَالِ
Маънолар таржимаси: Номаи аъмоллар баъзиларга ўнг томондан берилади, баъзиларга орқа ва чап томондан (берилади).
Назмий баёни:
Айримларга номалар келар ўнг қўлдан
Баъзиларга берилар орқа ва сўлдан.
Луғатлар изоҳи:
تُعْطَى – икки мафъулли феъл.
الْكُتْبُ – ноиб фоил, биринчи мафъул. كُتْبُ калимаси كِتَابٌ нинг кўплиги бўлиб, аслида, كُتُبٌ дир. Бу ерда назм заруратига кўра كُتْبُ қилиб келтирилган.
بَعْضًا – иккинчи мафъул.
نَحْوَ – наҳв калимасининг бир қанча маънолари бўлиб, бу ерда “томон” маъносида келган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Қуйидаги байтларда نَحْو калимасининг беш хил маъноси баён қилинган: 1. “қасд”; 2. “жиҳат”; 3. “миқдор”; 4. “мисл”; 5. “қисм”.
نَحَوْنَا نَحْوَ دَارِكَ يَا حَبِيبِي
لَقِينَا نَحْوَ أَلْفٍ مِنْ رَقِيبِ
وَجَدْنَاهُمْ جِيَاعاً نَحْوَ كَلْبٍ
تَمَنَّوْا مِنْكَ نَحْوًا مِنْ شَرِيبِ
Эй дўстим, йўл олдик ҳовлинга томон,
Йўлиқдик минг қадар рақибга ҳамон.
Уларнинг ит мисол очлигин билдик,
Бирор қисм ютиминг кутишар ҳар он.
يُمْنَى – “ўнг” маъносида бўлиб, тараф ва аъзога нисбатан ишлатилади.
وَبَعْضًا – олдин ўтган بَعْضًا га атф қилинган.
ظَهْر – орқа тараф маъносини билдиради. Масалан, ظَهْرُ الاِنْسَان деганда инсон елкаси ортидан белигача бўлган қисми тушунилади.
الشِّمَالِ – чап тараф маъносини англатади.
Матн шарҳи:
Қиёмат кунида ҳамма маҳшар майдонига тўпланади. Барчага бу дунёда қилган ишлари ёзиб қўйилган китоб – номаи аъмол тарқатилади. Ушбу номаи аъмоллар инсонларнинг ҳаётлари давомида қилган барча ҳатти-ҳаракатлари давомида ёзилган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[1].
Яъни инсонларнинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли фаришталар бўлиб, инсонларнинг талаффуз қилган барча сўзларини ва қилган барча амалларини ёзиб турадилар. Қуртубий ушбу оят ҳақида: “Устиларингизда кузатиб турувчи фаришталар бордир” маъносини англатади, – деган. Ушбу ҳурматли фаришталар инсонлар тарафидан содир бўлган барча яхшию ёмон ишларни билиб турадилар ҳамда қиёмат кунида қилмишларига яраша жазо ё мукофот олишлари учун номаи аъмолларига ёзиб турадилар.
Қиёмат кунида фаришталар барча инсонларни бир жойга тўплаганларидан сўнг ҳар бири билан алоҳида ҳисоб-китоб бошланади. Ҳисоб-китобдан олдин уларга бу дунёда қилган барча ишлари ёзиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Ашаддий кофирларга номаи аъмоллари орқа томондан берилади ва улар уни чап қўллари билан оладилар. Баъзи кофирларга чап томондан берилади.
Тақводор мўминларга ўнг томондан берилади. Тавба қилишга улгурмасдан ўлган фосиқ мўминга номаи аъмоли қайси тарафдан берилиши ҳақида уламолар икки хил қарашда бўлганлар:
– Ўнг тарафдан берилади;
– Бу ҳақида гапирмасликни афзал кўришган.
Ўнг тарафдан берилади, деганлар ҳам қачон берилиши ҳақида ўзаро икки хил гапни айтганлар:
1. Дўзахга киришидан олдин берилади ва бу унинг дўзахда абадий қолмаслиги аломати бўлади;
2. Дўзахдан чиққандан кейин берилади.
Номаи аъмоллари ўнг тарафларидан берилганлар осонгина ҳисоб китобдан сўнг жаннатдаги аҳллари олдига хурсанд ҳолда қайтадилар:
“Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак”[2].
Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлиги ҳақида бундай ёзган:
Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,
Юборур номайи аъмолимизни.
* * *
Юборса номани раҳмат йўлидин,
Келур нома у қулни ўнг қўлидин.
* * *
Қизил юзлик бўлуб ул ҳам сарафроз
Суюнганидин қилур ул банда овоз.
* * *
Ўқунг номамни эй турғон халойиқ
Келубдур нома ихлосимға лойиқ.
Яъни Аллоҳ таолога барча ҳолатларимиз маълум бўлса-да, амалларимиз ёзилган саҳифаларни юборади. У зотнинг буйруқларини бажариб, раҳматига сазовор бўлганларга амаллари ёзилган саҳифаларни ўнг тарафидан юборади.
Бундай бахтли инсонлар китоблари ўнг томондан берилиши биланоқ ўзларининг абадий бахт-саодатга эришганларини биладилар ва мислсиз хурсандчиликдан қувонч кўз-ёшлари билан энтикишиб:“Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар! Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим”, – дейдилар:
“Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”, – дер”[3].
Аммо кимки Аллоҳга иймон келтирмай, Унинг буйруқларини бажармасдан ўзига берилган фурсатни фақат айшу ишратда яшашга эришиш, гўё дунё лаззатларининг охиригача етиш йўлида сарф қилиб юборган бўлса, унга китоби орқа тарафидан берилади. Китоби орқа тарафидан берилганлар қизиб турган дўзахга кирадилар:
“Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак”[4].
Баъзиларга китоби чап тарафидан берилади. Бундай кимсалар китоби чап тарафдан берилганнинг ўзидаёқ шарманда бўлганларини биладилар. Олдиндаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳис этганларидан титраб-қақшаб: “Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди”, – деб қоладилар.
“Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам! Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса! Менга мол-мулким ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди”[5].
Хулоса қилиб айтганда, барчанинг қилган қилмишлари ва ҳолатлари маълум бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга номаи аъмолларининг ҳам берилишини ирода қилган. Ушбу номаи аъмолларнинг қандай берилишининг ўзидаёқ яхши амал қилганларни тақдирлаш кўриниши бор.
Кейинги мавзу:
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз