«Эй мўминлар! Сўзларимни яхшилаб эшитингиз, яхши англангиз ва яхши муҳофаза этингиз. Раббингиз бирдир. Отангиз бирдир. Барчангиз Одамдансиз. Одам эса тупроқдандир. Ҳеч кимнинг бошқалардан устунлиги йўқдир. Шараф ва устунлик фақат фазилат иладир».
(Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи вассаламнинг Вадо хутбаларидан).
Дарҳақиқат, охир замон дини бўлмиш Исломда жамийки инсоният Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгани барчамизга уқтирилади. Муқаддас китобимиз Қуръони Каримда, ундан олдинги муқаддас китобларда ҳам шундай марҳамат қилинади. Аммо баъзи материалист олимлар, яъни Дарвиннинг даҳриёна назариясининг тарафдорлари инсоният одамсимон маймунлардан тарқалган деган давони хамон илгари суришади. Баъзи моддапарастлар фан ва дин ўртасига «Хитой девори» қўйишга ҳаракат қиладилар, аслида фан томонидан қилинган кашфиётлар бизга Аллоҳнинг мўъжизаларини англатадиган ва тасдиқлайдиган воситалар эмасми? Фан ва техник тараққиёт асри бўлган ХХ асрда қилинган кашфиётларни амалга оширган олимлар қилган кашфиётларнинг асл моҳиятини Қуръони Каримда кўриб лол қолдилар бунга биз жуда кўп мисоллар келтиришимиз мумкин. Аммо бизда дунёвий фанларни ўқитиш баробарида бу каби фан оламидаги кашфиётлар ҳамон пинҳон қолмоқда. Лекин биз юқоридаги мавзуимиздан оғишмаган ҳолда эътиборингизни қуйидаги маълумотга қаратмоқчимиз.
«Newsweek» журналининг 1988 йилги сонларидан бирида молекуляр биология соҳасида ўтказилган илмий тадқиқот ҳақида гап боради. Шундай қилиб илмий тадқиқот мобайнида олимлар инсон ДНК сининг халқаро генетик заҳирасини тўпладилар ва худудий ва ирқий хилма-хил хусусиятга эга бўлган аёллар ДНК си ўрганилганда, уларнинг ота-онасидан ўтган ирсий маълумотлардан ташқари уларнинг барчаси учун умумий хусусиятга эга бўлган ДНК ҳудудлари мавжудлиги исботланди. Яъни, бу ДНК ҳудудлари бутун инсоният учун умумий бир хил хусусиятга эга ва бу тадқиқот хулосасига кўра инсонят бир онадан тарқалган. Бу эса ўз навбатида муқаддас китоблар Инжил ва Қуръонда марҳамат қилинган башариятнинг онаси Момо Ҳаво эканлиги илмий жиҳатдан тасдиқланди.
Бу каби тадқиқотларнинг яна бири ҳақида «Times» журналининг 1995 йилги сонларидан бирида гап боради. Бу сафар Аризона Университетининг генетиги олим Мишель Хаммер ҳудудий ва ирқий хилма-хил бўлган инсонларнинг Y хромосомалари гуруҳларини ўрганиб у ҳам бутун инсониятнинг аждоди бир экан деган хулосага келади. Шунингдек Мишел Хаммер: «Бу тадқиқот Ер юзининг турли қисмларида яшаётган инсонлар одамсимон маймунларнинг тадрижий тараққиёти давомида шаклланган авлодларидир, деган назарияни инкор қилиши шубҳасиздир» деб ёзади.
Ҳеч кимга сир эмаски, бу фоний дунёга келишимиз билан ўз фаровонлигимизни таъминлаш мақсадида турли дунёвий касбларни эгаллаймиз. Ҳатто баъзиларимиз дунёвий илмларни моҳир билимдони сифатида юқори мартабларни эгаллаганмиз. Албатта, илм эгаллаш ҳар бир инсон учун хосдир аммо дунёвий фанларни жоҳилона тарзда муққадас эътиқодимизга қарши қўйиш жоҳилликдан ўзга нарса эмасми. Шундай экан, қачонгача биз ёшларимиз онгига фан ва диний қарашларни бир-бирига қарши қўйиб сингдириб келамиз. Бу каби жоҳилликдан кўра илмсизлик яхши эмасми!?
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки дунёвий фанларни эътиқодимизга қарши қўймайлик бу илмлар бизга Аллоҳ таолонинг чексиз мўъжизаларни англаш воситасидир ва ёш авлод таълим тарбиясида ҳам бунга эътибор қаратсак мақбул иш бўларди.
Манба islom.uz сайти
“Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).
Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.
Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).
Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.