Пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан дунё ҳамжамияти тиббиёт, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк олим Абу Али ибн Сино таваллудининг 1040 йиллигини кенг нишонлаяпти. Бу ҳақда “Дунё” АА манбасига асосланиб xs.uz сайти хабар бермоқда.
16 август куни Ибн Сино жамоат фонди “UzReport” телеканали билан ҳамкорликда Ибн Синонинг инсониятга қолдирган бой меросини чуқур ўрганиш, чет элда кенг тарғиб қилиш мақсадида табиб, олим ва файласуф Абу Али ибн Сино таваллудига бағишланган “Абу Али ибн Сино – Ўзбекистон ғурури ва умумжаҳон мероси” мавзусида халқаро илмий-маърифий видеоконференция ўтказди.
Унда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар ишлари бўйича агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Олий таълим муассасалари, Тошкент шаҳридаги Вестминстер университети вакиллари, Германия, Бельгия, Франция, Исроил, Туркия, Ҳиндистондан етакчи мутахассис ва экспертлар иштирок этди. Шунингдек, онлайн анжуманда 17 та илмий маърузачи, хусусан, 6 та хорижий маърузачи қатнашди.
Ибн Сино академияси президенти, профессор Саид Зиллур Раҳмон (Хиндистон), Ибн Сино халқаро фонди президенти, профессор Михаэл Сач (Исроил), Авиценна ассоциацияси президенти, профессор Марк Боннел (Францийа), Таълим бўйича ЮНEСКО аъзоси, ҳакам, профессор Амина Атхер, тиббиёт фанлари номзоди Абдукарим Усмонхўжаев Ибн Сино жамоат фонди маслаҳатчиси, профессор Жасур Ризаев ва бошқалар Абу Али ибн Сино меросининг замонавий тиббиёт учун долзарблигини қайд этиб, унинг фан ва замон эҳтиёжларига мослашиш кераклигини таъкидлашди.
Халқаро видеоконференция якунида унинг долзарблиги, илмий-маданий ва сиёсий аҳамияти, Ибн Сино кўп қиррали илмий меросини ўрганиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда тадқиқот фаолиятини молиялаштириш зарурлиги, публицистик ва илмий асарлар нашрини фаоллаштириш бўйича зарур таклифларни ишлаб чиқишга келишилди.
Таъкидлаш жоиз, Ибн Сино таваллудининг 1040 йиллигига бағишланган тадбирга тайёргарлик кўриш доирасида ўзбек, рус ва инглиз тилларида тематик видеороликлар тайёрланди.
Халқаро видеоконференция доирасида “Ибн Сино” жамоат фонди, “UzReport” телеканали ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бир қишлоқда жаҳли тез чиқадиган, ўзини бошқа олмайдиган ўспирин йигит бор экан. Кунлардан бирида отаси унга ҳар гал жаҳли чиққанида бир мих олиб, уйнинг олдидаги дарахтга қоқишини айтди.
Ўғил шундай қила бошлади. Бир неча мих қоқилган дарахтни кўриб, йигитнинг унга раҳми келди. Ўзини бошқаришни, сабрли бўлишни ўрганди. Дарахтга мих қоқмай қўйди. Буни кўрган ота энди ўғлига қоқилган михларни суғуриб ташлашни буюрди. Ўғил отасининг айтганини бажарди.
Дарахтнинг яралари битиб, ўрнида чандиқлар пайдо бўлди. Ота ўғлига:
– Қара, ўғлим! Қоқилган ҳар бир мих бу дарахтни яралаган эди. Уларни суғуриб ташлаган тақдирингда ҳам, ўрни, чандиқлари қолди. Энди дарахтнинг ана шу жойлари мўртлашиб, қурт тушади ва уни емиради.
Ўғил бошини эгиб қолди. Ота сўзида давом этди:
– Бу-ку бир дарахт экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсон зотининг қалб аталмиш дарахтига ҳам баъзан тил аталмиш болға билан сўз аталмиш михлар қоқилади. Гарчи кейин хатолар тан олиниб, узр сўралиб, у “мих”лар суғуриб олинса-да, ўрнида чандиғи, доғи қолади... Сен ўшандай михларни қоқишдан сақлан. Ўзингни идора қилишни, жаҳлингни жиловлашни ўрган!..
Дарҳақиқат, инсон қалби гўё нафис бир ойнага ўхшайди. У дарз кетса, кейин ҳеч қачон аслидагидек тикланмайди. Шундай экан, ҳар доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб муомила қилишни ўрганайлик ҳеч бўлмаса ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Зеро, кўнгил – Яратганнинг назаргоҳидир.
Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло: “Мен сизларнинг на суратингизга ва на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деган.
Акбаршоҳ Расулов