Гуноҳ қилган киши қилган гуноҳидан тавба қилмоғи, афсус-надомат чекмоғи ҳамда унинг муқобилига гуноҳига каффорат бўладиган савобли амални қилишга киришмоғи лозим. Бордию нафс ундаги шаҳватнинг ғолиб келишлиги туфайли гуноҳни тарк қилишга йўл бермасада, жуда бўлмаганда инсон қилган гуноҳини ўчиришга лойиқ бўладиган бирор савоб ишни қилишдан ожиз қолмаслиги шарт. Шунда у савобли ва гуноҳли ишларни аралаштириб қилиб юрадиган кишилар жумласига дохил бўлади. Гуноҳларга каффорат бўладиган савобли ишлар қалб билан ҳам, тил билан ҳам, аъзолар билан ҳам бўлиши мумкин. Қандоқ бўлганда ҳам қилинадиган савобли амал қилинга гуноҳ ишнинг ўрнида, ҳар иккисининг ҳам келиб чиқиш сабаблари бир хил бўлмоғи даркор.
Қалб билан Аллоҳга тазарруъ қилишлик, чин дилдан гуноҳларни мағфират қилинишини сўрашлик гуноҳларга каффорат бўлади. Киши ўзини шунчалик ҳокисор тутмоғи лозимки, унинг ҳокисорлиги барчага баробар бўлсин. Кибрдан ўзини сақласин. Шунингдек, мусулмонларга яхшилик қилишни, тоат ибодатга мустаҳкам киришишликни қалбига тугмоғи ҳам гуноҳларга каффорат бўладиган қалб амалларидандир.
Тил билан эса, авваламбор ўз жонига қилган зулм (гуноҳ)ни эътироф этади, сўнгра шу гуноҳига истиғфор айтади. Жумладан: Эй парвардигор, мен ўз жонимга жабр қилдим, гуноҳ ишга қўл урдим, мени гуноҳларимни кечир, - дейди. Бундан бошқа истиғфор дуоларини ҳам айтади.
Аъзолар орқали қилинадиган амаллар: тоат-ибодатлар, фарз ва нафл садақалар ва ҳоказо. Ривоятларда айтилишича, гуноҳ қилинганидан кейин саккизта амал бажарилса ўша гуноҳнинг кечирилишини умид қилса бўлар экан. Тўрттаси қалб амаллари бўлиб, улар: тавба ёки тавба қилишни қасд қилиш, гуноҳлардан тийилишни ёқтириш, қилинган гуноҳга жазо келиб қолишидан қўрқиб юриш, гуноҳларнинг кечирилишидан умид қилиш. Тўрттаси аъзоларнинг амаллари, улар: гуноҳдан кейин икки ракъат намоз ўқиш, ундан кейин етмиш марта истиғфор ва юз марта “субҳаналлоҳил азим ва биҳамдиҳи” дейиш, сўнгра бирор нарса садақа қилиш, сўнгра бир кун рўза тутиш. Баъзи ривоятларда тўрт ракъат намоз ўқиш дейилган. Ҳадисда шундай дейилади: “Гуноҳдан кейин уни ўчирадиган савоб ишни қилгин” (Имом Термизий ривояти). Яъни, махфий гуноҳни махфий амал билан, ошкора гуноҳни ошкора амал билан каффорат қилгин, демакдир. Шунинг учун ҳам айтишадик: махфий садақа тунда қилинган гуноҳга каффорат бўлади, ошкора қилинган садақа кундузги гуноҳларга каффорат бўлади. Ишончли ҳадисда айтилишича: бир киши Расулуллоҳ с.а.в.га: Мен тунда бир бегона аёл билан бўлиб, у билан жимоъдан бошқа ҳамма нарсани қилдим. Энди менга Аллоҳнинг ҳукмини ижро қилинг, деди. Расулуллоҳ с.а.в. ундан: “Сен биз билан бомдод намозини ўқимадингми?” – деб сўрадилар. У: Ҳа, ўқидим, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Савобли ишлар гуноҳларни ўчириб ташлайди”, дедилар. Бундан келиб чиқадики, намоз ўша гуноҳ учун каффорат бўлган экан. Расулуллоҳ с.а.в.нинг ўзлари айтганларидек: “Беш вақт намоз орада қилинган гуноҳларнинг каттасидан бошқа ҳаммасига каффорат бўлиб туради”.
Ҳарқалай мусулмон киши ҳар куни ўз нафсини ҳисоб-китоб қилмоғи, гуноҳларини санаб чиқиб уни савобли ишлар билан даф қилмоғи, гуноҳлардан тўхтамоғи лозим. Чунки, айтилган истиғфор то киши гуноҳлардан тўхтамагунича фойда бермайди. Ҳадисда айтилишича: “Қилган гуноҳига истиғфор айтиб яна гуноҳни қилаверишлик Аллоҳнинг оятини масхара қилиш билан баробардир”. Уламолардан бирлари айтган эканлар: “мен астағфируллоҳ деган сўзимнинг ўзига ҳам истиғфор айтаман”. Яна бирлари эса: “Тил учида истиғфор айтишлик ёлғончиларнинг тавбасидир”, деган эканлар.
Робия Адавия р.ҳ. айтадилар: “Биз айтадиган истиғфорнинг ўзи жуда кўп истиғфорга муҳтождир”. Яъни, қалбида гуноҳни яна такрор қилишга мойиллик бўла туриб Аллоҳга истиғфор айтган кишининг тавбаси ёлғончиларнинг тавбасидан бўлиб, истиғфори эса истиғфорга муҳтож бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг
биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.
Бир қишлоқда жаҳли тез чиқадиган, ўзини бошқа олмайдиган ўспирин йигит бор экан. Кунлардан бирида отаси унга ҳар гал жаҳли чиққанида бир мих олиб, уйнинг олдидаги дарахтга қоқишини айтди.
Ўғил шундай қила бошлади. Бир неча мих қоқилган дарахтни кўриб, йигитнинг унга раҳми келди. Ўзини бошқаришни, сабрли бўлишни ўрганди. Дарахтга мих қоқмай қўйди. Буни кўрган ота энди ўғлига қоқилган михларни суғуриб ташлашни буюрди. Ўғил отасининг айтганини бажарди.
Дарахтнинг яралари битиб, ўрнида чандиқлар пайдо бўлди. Ота ўғлига:
– Қара, ўғлим! Қоқилган ҳар бир мих бу дарахтни яралаган эди. Уларни суғуриб ташлаган тақдирингда ҳам, ўрни, чандиқлари қолди. Энди дарахтнинг ана шу жойлари мўртлашиб, қурт тушади ва уни емиради.
Ўғил бошини эгиб қолди. Ота сўзида давом этди:
– Бу-ку бир дарахт экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсон зотининг қалб аталмиш дарахтига ҳам баъзан тил аталмиш болға билан сўз аталмиш михлар қоқилади. Гарчи кейин хатолар тан олиниб, узр сўралиб, у “мих”лар суғуриб олинса-да, ўрнида чандиғи, доғи қолади... Сен ўшандай михларни қоқишдан сақлан. Ўзингни идора қилишни, жаҳлингни жиловлашни ўрган!..
Дарҳақиқат, инсон қалби гўё нафис бир ойнага ўхшайди. У дарз кетса, кейин ҳеч қачон аслидагидек тикланмайди. Шундай экан, ҳар доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб муомила қилишни ўрганайлик ҳеч бўлмаса ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Зеро, кўнгил – Яратганнинг назаргоҳидир.
Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло: “Мен сизларнинг на суратингизга ва на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деган.
Акбаршоҳ Расулов