Уламолар лафзий ихтилоф қилинган масалаларни муолажа қилишга ва уларнинг натижаларини батафсил ёритишга доимо ҳаракат қилиб келганлар. Ана шундай лафзий ихтилоф қилинган масалалардан бири амал ва имон масаласидир.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Амал иймондан эмас” деган. Шофеъий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳлар эса: “Амал иймондандир” дейишган.
Уламолар мана шу масалани муолажа қилиб, ўртадаги ихтилофни лафзий деганлар. Чунки Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўз даврларидаги умумий вазият эътиборидан амал иймоннинг аслидан (яъни, шартидан) эмас, балки комиллигидан деган маънога урғу берган. Яъни имон амалсиз ҳам мавжуд ҳисобланади, аммо комил ҳисобланмайди, деган.
Қолган фуқаҳолар ҳам ўз даврларидаги умумий вазият эътиборидан амал иймоннинг комиллигидан эмас, балки аслидан яъни (шартидан) деган маънога урғу берганлар. Яъни имон комил бўлиши учун албатта, амал бўлиши лозим, агар амал бўлмаса, имон асло комил бўлмайди, деганлар.
Икки тарафнинг гапларини ҳам синчиклаб ўрганган киши уларнинг гаплари ҳар хил бўлса-да аслида, бир хил маънони айтаётганларини қийналмасдан тушунади.
Лекин шу ўринда ҳақли бир савол туғилади, нега ҳар бир тараф нариги тарафнинг ҳам иборасини айтиб қўймасдан ўзининг гапида қаттиқ туриб олган?
Яъни, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бошқа фуқаҳоларга ўхшаб “Амал иймондандир” деб қўйсалар бўларди-ку? Фаразан у зотга: “Шунақа деб айтинг, барибир маъноси бир-ку” дейилганда у зот албатта: “Йўқ, айнан мен айтгандек айтишимиз керак” деган бўлар эдилар. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, умумий вазият айнан шундай ибора билан айтишни, шу маънога урғу беришни тақозо қилиб турган эди. Яъни, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ яшаган давр хаворижларнинг мавқелари юқорилаган пайт бўлган. У зот Бани Умайя ҳукмронлик қилган даврнинг охири ва Аббосийлар давлатининг бошланиш даврида ҳаёт кечирганлар.
Бани Умайя даври хаворижилар энг кучга кирган давр бўлган. Бундан кўринадики, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ уларнинг эътиқоди мусулмон жамиятига ёйилиб кетишидан хавотир олгани учун ушбу масалани мазкур сўзлар билан ифодалаш керак деган. Чунки амал қилмаган одамларни кофирга чиқариш хаворижларнинг асосий қоидаларидан бўлган. Хаворижлар ушбу қоидаларини илк бор Али розияллоҳу анҳуга нисбатан ишлатиб, у зотни кофирликда айблаганлар. Яъни, “таҳким”ни қабул қилгани учун у зотни куфр нисбатини беришган. Кейинчалик худди шу ишни Муовия розияллоҳу анҳуга ҳам қўллаганлар. Улар ўзларининг бу иддоларига “Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир” маъносидаги оятни ҳужжат қилишган ва шу ҳужжатларига биноан амал қилмаган одамларни кофирга чиқарганлар. Улар бу ишда шу даражада ғулувга кетганларки, ҳатто катта ва кичик гуноҳ қилган одамларни ҳам кофирга чиқаришга бориб етганлар. Натижада хаворижларнинг ушбу ғулувлари мусулмон жамияти учун ўта хатарли тус олган. Чунки бундай ақидадаги кимсалар ҳеч тап тортмасдан мусулмонларни кофирга чиқара бошлаган эдилар.
Уларнинг ҳолатларини мулоҳаза қилган уламолар: “Агар 6,7 хаворижни бир жойга йиғиб ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз улар ўша жойдан бир-бирларини кофирга чиқариб тарқалишлари аниқ” деган хулосага келганлар. Чунки хаворижлар бир йўналишда бўла туриб ва бир масжидда ибодат қилиб туриб ҳам ушбу услубларини қўллаганлар. Шунинг учун тарихга назар солсангиз улар аввал бошда бир фирқа бўлиб, кейин ўзаро бир бирларини кофирга чиқарганлари натижасида бир нечта фирқаларга бўлиниб кетишганини кўрасиз.
Хаворижларнинг мана шу ғулувдан иборат қарашлари афсуски, ҳозирги кунимизгача етиб келмоқда. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ хаворижларнинг ушбу эътиқодларидан келиб чиқадиган хатарнинг олдини олиш ҳамда мусулмонларни ўзаро бир-бирларини куфрда айблаб қатл қилишларидан қайтариш мақсадида амал иймондан эмас деган гапларида қаттиқ туриб олган.
Демак, амал иймондандир деган гапнинг тафсилотини ва ундан қайси маъно назарда тутилганини аслида авом халқ билмайдилар. Зеро авомнинг одати фақат гапнинг сарлавҳасини қаттиқ ушлаб экани кўпчиликка сир эмас.
Энди Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ сингари амал иймондандир деган фуқаҳоларнинг нима учун бундай деганларин
и синчиклаб ўрганадиган бўлсак, қуйидаги маъноларни билиб оламиз: Бу муҳтарам зотлар умавийлар ҳукмронлик қилган даврда яшаганлар ва уларни бу масалага қарашлари ўзгача бўлган. Яъни улар бу даврда қўзғалган муржиа фирқасининг жамиятга бўлган хатарини кўриб, уларга қарши ўз илмий фаолиятларини олиб борганлар. Муржиалар иймонга ҳеч бир гуноҳ зарари бермайди деб эътиқод қилишган. Яъни киши модомики мўъмин экан, бирон бир гуноҳ унга асло таъсир қилмайди, деб эътиқод қилишган. Гуноҳи кабира, яъни зино, ароқхўрлик, ноҳақ одам ўлдириш каби гуноҳларни қилган одам билан уни қилмаган одамнинг фарқи фақатгина жаннатдаги даражада бўлади деб ҳисоблашган. Шу билан мўмин киши агарки улкан гуноҳ содир этган бўлса ҳам жаҳаннамга кирмайди, деб эътиқод қилганлар. Бундай дейиш динни ва унинг мукаллафларга бўлган буйруқ ва қайтариқларини яъни, динда белгиланган ҳалол-ҳаромни ва шаръий нассларни инкор қилиш бўлиб қолади. Бу бузуқ эътиқоднинг хатарини ҳис қилган уламолар амал иймондандир яъни унинг камолидан ёки аслидан деб ўз гапларига тафсилот бермасдан қаттиқ туриб олганлар.
Хулоса шуки, биз ушбу масалада у ёки бу фуқаҳолар ўз гапларида хато қилганлар деб айтолмаймиз. Чунки ҳар бир тараф айтган гапида масалага ўзига хос жиҳатдан ёндашган. Шунинг учун ҳам масаланинг тафсилотига ва тарихига назар солинса ҳар икки тарафнинг гапи ҳам ҳақ бўлиб чиқади.
Ҳозирги кунда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг гапларининг зоҳирий маъносини маҳкам ушлаб олиб, у зотни муржиалардан деб айблашни ўзига эп кўрадиган айрим салафийлик даъвосидаги кимсалар учрайди.
Аслида тарихга назар солинадиган бўлса, у зотга нисбатан бундай айбни мўътазилалар ва хаворижлар тўнкаганлар. Шунда беихтиёр уламолармизнинг: “Ҳозирда мўътазилийман деган одам қолмаган, лекин уларнинг айрим хато эътиқодлари сақланиб қолган”, деган гаплари нақадар ҳақ эканига яна бир карра амин бўламиз…
Рустам ОХУНЖОНОВ
Абу Сано Маҳмуд ибн Зайд Ломиший Ҳанафий Мотуридийнинг “Тамҳид ли қоваидит-тавҳид” ҳамда Абдулмалик ибн Абдурроҳман Ассаъдийнинг “Шарҳул Ақоидин-насафия” асарлари асосида тайёрланди.
Манба: https://azon.uz
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.