Оиз Қаранийнинг “Маҳзун бўлма” номли китобида қуйидаги тавсиялар келтирилган:
1. Иймон билан яхши ишлар пок ҳаёт сиридир. Бу икковини қўлга киритиш учун ҳаракат қилинг.
2. Илм-маърифат талабида бўлиб, ҳамиша китоб ўқишни йўлга қўйинг. Чунки китоб мутолааси ғам-ташвишни кетказади.
3. Одамларга яхшиликнинг ҳамма турини раво кўринг, эзгулик улашишда бардавом бўлинг. Шунда кўнглингиз шод бўлади.
4. Шижоатли бўлинг, журъатсизлик, қўрқоқликни тарк этинг. Ғайратли бўлиш қалбга роҳат бағишлайди.
5. Қалбингизни ҳасад, гина-кудурат, ахлоқсизлик, ғирромлик каби иллатлардан покланг.
6. Назар солиш, гапириш, эшитиш, одамларга аралашиш, ейиш-ичишда меъёр бузилишига йўл қўйманг.
7. Самарали ишлар билан банд бўлинг. Шунда хафаликни унутасиз.
8. Бугунги кун ҳудудида яшанг, ўтиб кетган ёки энди келадиган кунларни унутинг.
9. Кўриниши, ризқи, саломатлиги, бойлиги, илми ўзингиздан пастдагиларга қаранг, улардан ибрат олинг.
10. Эътиборингизни қўрқинчли хаёлларга, ёмон фикрларга қаратманг, уларга боғланиб қолманг.
11. Ғазаб қилманг, сабрли бўлинг, ғазабингизни ичингизга ютинг, ҳалим, бағрикенг бўлинг. Чунки инсон умри жуда қисқа.
12. Неъматлар кетишидан, бало-офатлар келишидан асло чўчиманг, балки Аллоҳга таваккал қилинг.
13. Ҳаётингизни соддалаштиринг, дабдабали яшашдан четланинг. Чунки дабдабали ҳаёт руҳ учун азобдир.
14. Сиз ҳақингизда айтилган ёмон сўзлар ҳеч қачон сизга зарар бермайди, балки ўша сўзни айтган кишига зиён етади.
15. Бирон кишидан раҳмат кутманг, яхшиликни Аллоҳ розилиги учун қилинг.
16. Фойдали режалар тузинг, ғамингизни унутиш учун ўша режа билан машғул бўлиб, фикр юритинг.
17. Ҳар қандай ишни ўша заҳоти битиришни ўрганинг, бугунги ишни эртага қўйманг.
18. Ўзингизга муносиб фойдали амални ўрганинг, ўзингиз роҳат оладиган ишни бажаринг.
19. Бировнинг хатосига, миш-мишларга, турли гап-сўзларга эътибор бераверманг.
20. Пиёда юринг, спорт билан шуғулланинг, соғлиғингизга аҳамият беринг, чунки соғ танда соғлом ақл бўлади.
21. Танқидлардан саросимага тушманг, бардам бўлинг. Шуни билинг: танқидлар қийматингизни ўлчайдиган мезондир.
22. Ҳамма нарса Аллоҳнинг тақдири билан бўлади. Шуни асло ёддан чиқарманг.
23. Ёмон тасодифлар рўй бериб қолишига шай туринг. Балки сизда содир бўлаётган нарсалар яхшилик бўлиб чиқар.
24. Мусибатлар кўзга малҳам, қалбга қувватдир.
25. Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бор.
26. Жиддий, самара берадиган ишларни ўзингизга вазифа қилиб олинг, бекорчиликдан четланинг.
27. Қасос олишга бўлган уринишингиз, бировларга нисбатан адоватингиз хусуматчингиз бир четда қолиб, фақат ўзингизга зарар келтиради.
28. Сизга етадиган барча мусибатлар сабаб гуноҳларингиз кечирилади.
"Бахтли ҳаёт сари" китобидан.
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ