Барча орзу-ҳавасларимиз, интилишларимиз, ният ва мақсадларимизнинг рўёбга чиқиши тинчлик-хотиржамликка боғлиқ. Тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурган юртда тараққиёт, ривожланиш бўлади. Болалар бемалол ўқишга, катталар бамайлихотир ишга бориб келадилар.
Лекин, афсуски, бугун дунёнинг ҳамма жойида тинчлик ҳукмрон дея олмаймиз. Ҳатто баъзан чет эл хабарларини ўқишга юрак дош бермайди. “У ерда қўпорувчилик содир бўлибди”, “Фалон-фалон давлатлар хавф остида” каби нохуш хабарлар кишини ташвишга солади.
Яқинда Москва шаҳридаги “Крокус сити ҳолл”да содир бўлган мудҳиш воқеа бутун дунёни ларзага келтирди. Оммавий ахборот воситалари 150 га бегуноҳ одамнинг террорчилик қурбонига айланганини ёзди.
Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ ва қатъий қоралайди. Аллоҳ таоло ояти каримада: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир», деб марҳамат қилади (Моида сураси, 32-оят).
Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Ислом кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка даъват этади. Бироқ ундан ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим.
Бу жараённинг энг хатарли жиҳати баъзи тоифаларнинг дин ниқоби остида динга сиёсий сиёсий тус бериб, ҳокимиятга интилиш, диндан одамлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни рўёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.
Бугунги кунда терроризм, диний экстремизм бутун дунёга хавф солаётган, инсониятнинг тинч ва осуда яшаши учун тўсқинлик қилаётган жиддий муаммолардан биридир. Айни пайтда сайёрамиздаги ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир халқ унинг офатларидан ҳимояланмаган, десак асло муболаға бўлмайди.
Ҳозирда Афғонистон, Сурия, Яман, Покистон, Фаластин, Ироқ ва Африканинг бир қанча мамлакатларида содир этилаётган хунрезликлар, ўша юртларда истиқомат қилаётган инсонлар, айниқса, мурғак болаларнинг бошига тушаётган ғам-андуҳлар барча-барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.
Экстремизм ҳар қандай бошқача фикрлашни инкор этади, ўзининг мафкуравий ва диний қарашларини қўпол равишда мажбурлаб қабул эттиришга ҳаракат қилади. Экстремистлар ўз тарафдорларидан уларнинг ҳар бир буйруқларини сўзсиз бажаришни, уларга кўр-кўрона ишонишни талаб қиладилар.
Очиқдан очиқ экстремистик руҳдаги қарашларнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан ўта зарарли ва хавфли эканлиги шундаки, у диний бағрикенгликка зид ҳолда турли динга эътиқод қилувчи халқлар ўртасида муросасизлик ва адоват уруғни сепишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, бу каби ғаразли кимсалар ўз манфаати йўлида эндигина ҳаётни таниётган ёшларни тўғри йўлдан адаштириб, уларнинг маънавиятига зарба беришга ҳаракат қиладилар.
Шундай экан шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшларимизнинг маънавий иммунитети ҳар қачонгиданда юксакроқ бўлишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Дунёнинг айрим ҳудудларида содир бўлаётган хунрезликлар масаланинг нечоғлик жиддийлигидан далолатдир.
Шукрки, бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Униб-ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай фаровон кунларимизнинг қадрига етишга, тинчликни кўз қорачиғидай асраб-авайлашга ўргатишимиз зарур.
Мансур ЎРОЛОВ,
Тошкент шаҳридаги “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати