Cавол: Aйрим бир сабабларга кўра шаввол ойининг 6 кунлик рўзасидан 3 кунини тута олмай қолдим. Қандай қилиб шаввол ойи рўзанинг қазосини тутсам бўлади? Ўзи шаввол рўзасини қазоси борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шаввол ойи рўзасини тута олинмаган бўлса, унинг қазосини тутилмайди. Чунки у нафл — ихтиёрий рўза ҳисобланади.
Лекин шаввол ойининг ажрига – бир йиллик рўзанинг савобига эришишнинг бошқа йўли ҳам бор. Бунинг учун ҳар қамарий ойда уч кун рўза тутилса, бир йил рўза тутган савобига эриша олади. Бу ҳақда қуйидаги саҳиҳ ҳадисда шундай ваъда қилинган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга менинг “Аллоҳга қасамки, ҳаёт эканман, кундузи рўза тутаман, тунни ибодат билан ўтказаман”, деяётганим хабар қилинди. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ҳақиқатдан ҳам шундай дедим”. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен буни қила олмайсан. Шу боис, рўза ҳам тут, оғзи очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл, ухлагин ҳам. Ойда уч кун рўза тут. Зеро, яхшилик эвазига унинг ўн баробари бордир. Мана шу йил-ўн икки ой рўза тутган кабидир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا العباس بن محمد الدوري نا يعلى نا موسى عن مصعب بن سعد عن أبيه سعد بن مالك قال: كنا جلوسا عند رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: ”أيعجز أحدكم أن يكسب في اليوم ألف حسنة“. قال: فسأله سائل من جلسائه: كيف يكسب أحدنا يا رسول الله كل يوم ألف حسنة قال: ”يسبح مائة تسبيحة يكتب له ألف حسنة أو يحط عنه ألف خطيئة.“
Мусъаб ибн Саъд отаси Саъд ибн Моликдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик.
Шунда у зот: “Сизлардан бирингиз бир кунда мингта яхшилик қилишга ожизми?” дедилар.
У зот билан бирга ўтирганлардан бири: “Ё Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб ҳар биримиз бир кунда мингтадан яхшилик қила олишимиз мумкин?” деб сўради.
“Юзта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ” деб) айтса, унга мингта савоб ёзилади ёки ундан мингта хато ўчирилади”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси